Шаҳидлик турлари ва даражалари

0

Савол:

Шаҳид бўлишнинг турлари бор, деб эшитганмиз. Улар табақаларга бўлинадими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Шубҳасиз, шаҳидлар учун Аллоҳ ҳузурида улкан ажру савоблар ва олий даражалар бўлганидан, шаҳидлик барча даражаларнинг энг олийси, энг юксаги, мақомларнинг энг нафиси ва энг гўзалидир.

Шаҳидлар уч хилдир:

1) Дунё ва охират шаҳиди;

2) Дунё шаҳиди;

3) Охират шаҳиди.

Дунё ва охират шаҳиди кофирлар билан бўлган урушда Аллоҳнинг калимаси олий ва кофирларнинг калимаси паст-тубан бўлиши учун, ҳеч қандай дунё матосини истамаган ҳолда, фақат олдинга интилган ва ортга чекинмаган ҳолда ўлдирилган кишидир. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Бир киши ўлжа учун жанг қилади, бир киши шуҳрат қозониш учун ва обрў-эътиборга эга бўлиш учун жанг қилади. Улардан қай бири Аллоҳ йўлида жанг қилган бўлади?”, деб сўради. У зот: “Ким Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун жанг қилса, шу Аллоҳ йўлида (жанг қилган) бўлади”, деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).

Дунё шаҳиди кофирлар билан жангда ўлдирилган, бироқ ўлжага хиёнат қилган киши ёки риё учун ё ирқчилик ва миллатчилик ё бирон дунёвий мақсад йўлида жангга кирган ва мақсади Аллоҳнинг калимасини олий қилиш бўлмаган ҳолда ўлдирилган кишидир. Бундай кишига гарчи зоҳирда шаҳидларга қилинган муомала қилиниб, шаҳид каби дафн этилса-да, охиратда унга шаҳидликдан насиба йўқдир. Биз дунёда одамларнинг зоҳирига қараб муомала қиламиз, кимнинг ким эканини Аллоҳ таоло Ўзи яхши билади ва қиёматда унинг ҳисоби шунга яраша бўлади.

Охират шаҳиди  охиратда унга шаҳидлик ажри бериладиган, бироқ дунёда оддий маййитлардек дафн этиладиган киши бўлиб, улар бир неча хилдир. Урушдан бошқа ерда мазлум бўлиб ўлдирилган, сувга ғарқ бўлган ёки айрим касалликлар сабабли вафот этган кишилар ана шундай шаҳидлар қабилидан.

Жанг майдонида шаҳид бўлиш энг олий шаҳидлик мақоми бўлиб, унинг ажри ғоят улкандир. Бошқа турдаги шаҳидларнинг ҳеч бири бу мақомга ета олмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ Ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига ҳеч қандай хавфу хатар йўқлиги ва ғамгин бўлмасликлари ҳақида хушхабар бермоқдалар. Улар Аллоҳ томонидан бўлган неъмат ва фазлу карам ҳақида ҳамда ўзларига жароҳат етганидан кейин ҳам Аллоҳ ва Расулига бўйсунган мўминларнинг ажри — мукофотини Аллоҳ зое қилмаслиги ҳақида хушхабар берадилар” (Оли Имрон: 169-171).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Шаҳиднинг Аллоҳ ҳузурида олти хислати бор: қони оққан илк дафъада гуноҳи кечирилади, жаннатдаги ўрнини кўради, қабр азобидан омонда бўлади, (қиёмат кунидаги)  энг ката қўрқинчдан омонликда бўлади, иймон либоси билан зийнатлантирилади, ҳури ийнга уйлантирилади, хеш-ақраболаридан етмиш кишини шафоат қилдирилади” (Имом Термизий ривояти: 16/63).

 Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, нима учун ҳамма мўминлар қабрда фитнага (имтиҳонга) солинади-ю, фақат шаҳид ундай эмас?” деб сўради. “Боши узра чақнаган қиличлар чақини унга фитна жиҳатидан кифоя қилгай” – дедилар (Имом Насоий саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

Ушбу шаҳидлик жанггоҳда шаҳид бўлиш бахтига мушарраф бўлмаган кишига ҳам, агар чин дилдан, ихлос билан Аллоҳдан сўраган бўлса, умид қилинади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи тўшагида вафот этса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар манзилига етказгай” (Имом Муслим ривояти). Шунинг учун, ушбу улуғ ажрга эришиш мақсадида Аллоҳдан Ўзининг йўлида шаҳид қилишини чин дилдан сўраш лозим.

Аллоҳ йўлида вафот этган киши ҳам шундай чиройли ўлим топган кишилардан саналади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар кимларни шаҳид деб ҳисоблайсизлар?”– деганларида, саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, ким Аллоҳ йўлида ўлдирилса, ўша одам шаҳиддир”, дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундай бўлса, менинг умматимда шаҳидлар оз экан-да!” дедилар. Саҳобалар: “Унда шаҳидлар ким, Эй Аллоҳнинг Расули?” – деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳ йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким Аллоҳ йўлида вафот этса, у шаҳиддир. Ким вабога чалиниб ўлса, у шаҳиддир. Ким қорин оғриғи билан ўлса, у шаҳиддир. Ким чўкиб ўлса, у шаҳиддир”, дедилар. (Имом Муслим ривояти).

Шаҳидлик ажри бериладиган яхши ўлимлардан яна бири вабода вафот этишликдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тоун (вабо) ҳар бир мусулмон киши учун шаҳидликдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам “тоун” ҳақида сўраган кишига айтганлар: “У Аллоҳ Ўзи истаган бандаларига юборадиган азоб эди, Аллоҳ уни мўминларга раҳмат қилди. Қай бир банда вабо тарқаганда унга фақат Аллоҳ ёзган нарсагина етишини билган ҳолда, сабр қилиб ўз диёрида қолса, унга албатта шаҳиднинг ажри берилади” (Имом Бухорий ривояти).

Яна айтганлар: “Шаҳидлар ва вабода ўлганлар келадилар. Вабода ўлганлар: “Биз ҳам шаҳидмиз” дейдилар. Шунда: “Қаранглар, агар уларнинг жароҳатларидан ҳам шаҳидлар жароҳатидан оққанидек қон оқиб турган бўлса, улар ҳам шаҳидлардир”, дейилади. Уларни ўшандай ҳолда топишади” (Имом Аҳмад ривояти).

Охират шаҳидларидан яна бири қорин оғриғи билан вафот этган кишидир. Юқорида зикр қилинган Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда ҳам бу ҳақда айтиб ўтилди. Яна, Абдуллоҳ ибн Ясордан ривоят қилинадики: “Мен Сулаймон ибн Сард ва Холид ибн Арфата билан ўтирган эдим. Улар бир одамнинг қорин оғриғидан ўлганини айтишди ва унинг жанозасига қатнашмоқчи эканларини билдиришди. Шунда улардан бири иккинчисига: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимни қорни (оғриғи) ўлдирса, ҳаргиз қабрда азобланмагай”, деган эмасмидилар?” – деди. Иккинчиси: “Ҳа, шундай деган эдилар”– деди (Имом Насоий ривояти).

Сувга чўккан ва девор босиб ўлган киши ҳам охират шаҳидларидан дейилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Шаҳидлар бештадир: вабода ўлган, қорни оғриб ўлган, сувга чўкиб ўлган, том босиб ўлган, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган” (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Туғуруқ жараёнида вафот этган аёл ҳам шаҳидлардан саналади. Убода ибн Сомит ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Равоҳани кўргани кирганларида ундан: “Биласанми, умматимнинг шаҳидлари кимлар?” – деб сўрадилар. “Мусулмоннинг қатл қилиниши шаҳидликдир” – деб жавоб берди у. “Ундай бўлса, менинг умматимда шаҳидлар оз экан-да! Мусулмоннинг қатли шаҳидлик, вабо шаҳидлик, хотин киши қорнидаги боласи сабабли ўлиши шаҳидлик” – дедилар (Имом Бухорий ривояти). Бу албатта, шаръий никоҳдан топган ҳомиласи сабабли вафот этган муслимага хосдир. Шунинг учун уламолар зинодан топган ҳомиласи сабабли вафот этган аёлни истисно қилганлар.

Зотул-жанб (зотилжам) касаллиги билан вафот этган киши ҳам охират шаҳидларидан саналади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Зотул-жанб эгаси шаҳиддир”, деганлар (Имом Насоий ривояти). Зотул-жанб кишининг биқинида, қовурғалари орасида пайдо бўлган шиш яраси бўлиб, инсоннинг ўлимига сабаб бўлади. Демак, саратон касаллиги билан вафот этган ҳар бир мусулмон кишини ҳам охират шаҳидларидан бўлишини ва шаҳидлик ажрига эришишини умид қиламиз, иншооллоҳ.

Сил касаллиги билан вафот этган киши ҳам охират шаҳидларидан саналади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳидларни санаб ўтган ҳадисларида: “Сил (касаллиги билан вафот этиш) шаҳидликдир, қорин (оғриғи билан вафот этиш) шаҳидликдир”, деганлар (“Саҳиҳ ал-жомеъ”да шайх Албоний саҳиҳ санаган).

Молини босқинчи ва қароқчидан ҳимоя қилиб, ўлдирилган киши ҳам охират шаҳидларидан саналади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир”– деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, агар биров келиб, молимни тортиб олмоқчи бўлса, нима қилишим керак?”, деб сўради. “Молингни унга берма”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Агар у мен билан жанг қилса-чи?”, деб сўради. “Сен ҳам жанг қил”, дедилар. “Мени ўлдириб қўйса-чи?”, деди. “Сен шаҳид бўласан”, дедилар. “Мен уни ўлдирсам-чи?”, деди. “У дўзахда бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Мухориқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Биров келиб, молимни ноҳақ олмоқчи бўлса (нима қиламан?)”, деб сўради. “Унга Аллоҳни эслат”, дедилар. “Эсламаса-чи?”, деди. “Атрофингдаги мусулмонларни ёрдамга чақир”, дедилар. “Атрофимда бирорта ҳам мусулмон бўлмаса-чи?”, деди. “Султондан ёрдам сўра”, дедилар. “Султон мендан юз ўгирса-чи?”, деди. “Молингни ҳимоя қилиб жанг қил, ё охиратда шаҳидлардан бўласан ё бўлмаса молингни сақлаб қоласан”, дедилар (“Саҳиҳи сунани Ан-Насоий”: 3803).

Динини, жонини, аҳли-оиласини ҳимоясида ўлдирилган киши ҳам шаҳид саналади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким қонини (жонини) ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким динини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким аҳлини ҳимоя қили ўлдирилса, у шаҳиддир”, деганлар (Аҳмад ва бошқалар ривояти, “Саҳиҳул-жомеъ”: 6445). Шунингдек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким “мазлама” (яъни ўзининг поймол қилинган ҳаққини) талаб қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир”, деганлар (Насоий ва бошқалар ривояти, “Саҳиҳул-жомеъ”: 6447).

Аллоҳ йўлида риботда туриб вафот этиш ҳам энг яхши ва шарафли ўлимдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир кеча-кундуз риботда туриш (яъни, қўриқчиликка ўзни боғлаш) бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси намоз ўқигандан яхшироқдир. Агар (шу риботда турганида) вафот этса, унга қилиб юрган амалининг (ажри) давомли жорий бўлади…”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бир солиҳ амал устида вафот этиш кишининг ҳусни хотимасига аломатдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳнинг юзини (розилигини) истаб: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, шу билан умри хотима топса, у жаннатга киради. Ким Аллоҳнинг юзини истаб, бир кун рўза тутса, шу билан умри хотима топса, у жаннатга киради. Ким Аллоҳнинг юзини истаб, бирон садақа қилса, шу билан умри хотима топса, у жаннатга киради”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

 Ёнғинда ўлган киши ҳам охират шаҳидларидан саналади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳидларни санаган бир ҳадисларида: “Ёнғин(да ўлган) шаҳиддир”, деганлар (Имом Молик ривояти).

Сўзимиз сўнгида шуни ҳам эслатиб ўтишимиз керакки, шаҳидликка енгил қараш ва “шаҳид” сўзини ҳар кимга ишлатавериш тўғри бўлмайди. Аллоҳ Ўзининг йўлида шаҳид бўлган кишини Ўзи яхши билади.

Аллоҳ таолодан бизга ҳам ҳусни хотима беришини, гуноҳларимизни кечиришини ва тавбаларимизни қабул қилишини, ҳар биримизни солиҳ амаллар қилишга ва мункар ишлардан сақланишга муваффақ этишини сўраймиз.

(Арабчадан таржима қилинди)

Манба: http://almunajjid.com/6452

 

Изоҳ қолдиринг