Али розияллоҳу анҳу: ака-ука ва опа-сингиллари

0

Абу Толибнинг тўрт ўғли ва икки қизи бор эди. Ўғиллари Толиб, Ақил, Жаъфар ҳамда Али, қизлари эса Умму Ҳонеъ ва Жаммона. Ҳаммаларининг онаси Фотима бинти Асад эди. Ака-укаларнинг ораларида ўн ёш фарқ бор эди, яъни Толиб Ақилдан, Ақил Жаъфардан, Жаъфар эса Али розияллоҳу анҳудан ўн ёш катта бўлган[1].

Толиб ибн Абу Толиб

Толиб Бадр ғазотидан кейин мушрик ҳолида вафот этган. Баъзи ривоятларга кўра, Толиб изсиз йўқолган. У мушрик бўлса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрар, у зотни мақтаб шеърлар айтар эди. Толиб Бадр ғазотига мушриклар тарафидан мажбуран чиққан. Ярим йўлга етишганида Толиб Қурайш зодагонлари билан тортишиб қолгани сабаб, Бадрга бормай ортга қайтади.

Ақил ибн Абу Толиб

Ақилнинг куняси Абу Зайд бўлган. У Бадр ғазотида мусулмонларнинг қўлига асир тушиб, унинг фидясини амакиси Аббос розияллоҳу анҳу тўлаган эди. Ақил Макка фатҳ қилинган йили исломни қабул қилган ва ҳижрий 8 йилда Мадинага ҳижрат қилган. У Мўъта ғазотига қатнашган. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг “Тарихи асғар” китобида айтилишича, Ақил Язид ибн Муовия розияллоҳу анҳунинг халифалик даврининг бошларида 96 ёшда вафот этган[2].

Жаъфар ибн Абу Толиб

Жаъфар биринчилардан бўлиб исломни қабул қилган саҳобийлардан бири эди. У камбағалларни яхши кўрар, уларга аралашиб, тез-тез суҳбатлашиб турар эди. Жаъфар Ҳабашистонга ҳижрат қилган, Нажоший ва унинг издошлари исломни қабул қилишларига Жаъфарнинг даъвати сабаб бўлган эди. У Мўъта ғазотида шаҳид бўлган.[3]

Умму Ҳонеъ бинти Абу Толиб

Умму Ҳонеънинг исми Фохита бўлган, баъзи ривоятларда Фотима, яна бошқа бир ривоятда эса Ҳинд дейилган. Лекин энг машҳур ривоятда унинг исми Фохита бўлгани айтилади. Умму Ҳонеъ Ҳубайр ибн Амр ибн Оид Махзумийга турмушга чиқиб, ундан Амр исмли ўғил кўрган. У Макка фатҳ қилинганида Бани Махзум қабиласидан икки кишини ўз ҳимоясига олган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Сен ҳимоянгга олган кишиларни биз ҳам ҳимоя қиламиз” – деганлар. Умму Ҳонеъ Али розияллоҳу анҳу вафотидан кейин ҳам ҳаётда бўлган[4].

Жумона бинти Абу Толиб

Жумона Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталибга турмушга чиққан. У Абдуллоҳ ибн Абу Суфённинг онаси.[5]

[1] “Бидоя ва ниҳоя” 7-жилд, 223-бет.

[2] “Исоба фий тамйизис-саҳоба” 2-жилд, 494-бет.

[3] “Муртазо” 25-бет.

[4] “Исоба” 9-жилд, 217, 218-бет.

[5] “Исоба” 4-жилд, 259-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг