Намознинг охирги икки ракаатида тасбеҳ айтиш ҳақида

0

Савол:

Ассалому алайкум. Қуйидаги ривоятнинг санади қандай ва ундан далил сифатида фойдаланиш қандай бўлади?

Абу Исҳоқдан ривоят қилинишича, Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳумо: “(Тўрт ракаатли намознинг) аввалги икки ракаатида қироат қил, кейинги икки ракаатида тасбеҳ айт”, дейишган (Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да ривоят қилган).

Ҳанафий мазҳабимизда бу ривоят амал учун олинган экан. Илтимос, мана шу ривоят таҳқиқида уламолар нима дейишган? Батафсилроқ тушунтириб баён қилиб берсангиз.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!

Саволда зикр қилинган асарни Ибн Абу Шайба ўзининг “Мусаннаф” китобида (3/266, 3763) ривоят қилиб, шундай дейди:

“Бизга Шарик Абу Исҳоқдан, у Али ва Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, улар иккиси шундай дейишади: “Аввалги икки ракаатда Қуръон ўқи, кейинги икки ракаатда эса тасбеҳ (яъни “субҳаналлоҳ” деб) айт”.

Ушбу асарнинг санади (яъни ровийлар силсиласи) заифдир. Сабаби, санаддаги Шарик ибн Абдуллоҳ Нахаий ҳадис ривоятида заиф саналади. Шунингдек, Абу Исҳоқ  (исми Амр ибн Абдуллоҳ) Сабиий асарни “анъана”[1] шаклида ривоят қилган бўлиб, у “мудаллис”[2]лардан ҳисобланади.

Шунингдек, Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да (3/266, 3764), Ибнул Мунзир “Авсат”да  (3/114) ҳамда Байҳақий “Маърифатус сунани вал осор”да (3/328) Ҳорис ибн Абдуллоҳ Аъвар орқали Али разияллоҳу анҳудан қуйидаги сўзини ривоят қилишган: “Аввалги икки ракаатда Қуръон ўқийди, кейинги икки ракаатда эса тасбеҳ (субҳаналлоҳ) айтади”.

Ушбу асарнинг санади ҳам заиф. Чунки санаддаги Ҳорис ибн Абдуллоҳ Аъвар ҳадис ривоятида заиф ҳисобланади. Ҳаттоки Имом Шаъбий  уни “каззоб” (ёлғончи) деган.

Юқорида баён қилинган сабабларга кўра мазкур асарлар далилликга ярамайди.

Саволда зикр қилинган масала хусусида ҳанафий мазҳабининг мўътабар  китобларида шундай дейилади:

“Намозхон охирги икки ракаатда ихтиёрлидир: хоҳласа сукут қилади ёки Қуръон ўқийди ёки тасбеҳ (субҳаналлоҳ) айтади. Мазкур фикр Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган ҳамда  (саҳобалардан) Али, Ибн Масъуд ва Ойша разияллоҳу анҳумдан ҳам келган. Шунга қарамай, у (мазкур икки ракаатда) Қуръон ўқиши афзалдир. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам доимий равишда бу икки ракаатда Қуръон ўқиганлар” (“Ҳидоя”, 1/68, “Биноя шарҳи Ҳидоя” 2/527 ва  “Иноя шарҳи Ҳидоя”, 1/453).

Мазкур фикр салаф уламоларидан Иброҳим Нахаий ва Абдураҳмон ибн Асвад Нахаийдан ҳам келган.

Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да (3/266) ривоят қилиб шундай дейди:

“Бизга Жарир Мансурдан ривоят қилиб айтади: “Мен Иброҳим (яъни ибн Язийд Нахаий)га дедим: “Намознинг охирги икки ракаатида нима қилинади?”. Иброҳим Нахаий:  “Тасбеҳ (субҳаналлоҳ), “таҳмид” (алҳамдулиллаҳ) ва “такбир” (Аллоҳу акбар) айт” – деди.

[Санади саҳиҳ]

Бизга Ибн Идрис (яъни Абдуллоҳ Абу Муҳаммад Кўфий) Ҳасан ибн Убайдуллоҳ (Нахаий)дан, у Иброҳим (ибн Язийд Нахаий)дан ривоят қилган асарда у (яъни Иброҳим Нахаий) шундай дейди: “Охирги икки ракаатда “тасбеҳ” (субҳаналлоҳ) ва “такбир (Аллоҳу акбар) айт”.

[Санади саҳиҳ]

Бизга Ҳафс ибн Ғиёс Ҳажжож (яъни Ибн Артоҳ)дан, у эса Ибн Асвад (исми Абдураҳмон) Нахаийдан ривоят қилган асарда у (яъни Ибн Асвад) шундай дейди: “Аввалги икки ракаатда Фотиҳа сураси билан зам сура ўқийди ва кейинги икки ракаатда эса “тасбеҳ” (субҳаналлоҳ) ва “такбир” (Аллоҳу акбар) айтади”.

[Санади ҳасан]

Лекин кўпчилик саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейинги аксар уламолар, жумладан, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳабларида  ва Довуд  Зоҳирийнинг фикрига кўра Фотиҳа сураси намоз рукнларидан ҳисобланиб, уни хар бир ракаатда ўқиш фарздир. Улар бунга далил сифатида қуйидаги ҳадисларни келтиришган:

1) Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Фотиҳа сурасини ўқимаган кишининг намози саҳиҳ бўлмайди” [Муттафақун алайҳ: Бухорий (756) ва Муслим (394) ривояти].

2) Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни намозда Фотиҳа сураси ҳамда бошқа бирон сурани ўқишга буюрдилар” [Аҳмад (“Муснад”,  (17/30) ва Абу Довуд  (818) ривояти. Санади саҳиҳ].

3) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни одамлар олдига чиқиб: “Фотиҳа сурасини ўқимасдан намоз саҳиҳ бўлмайди”, деб айтишга буюрдилар  [Аҳмад “Муснад”да  (15/324) ва Абу Довуд (820) ривоят қилган. Шайх Арноут “Саҳиҳун лиғайриҳи” деган].

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Асҳобур-раъй” (яъни ҳанафийлар) дейишади: “Охирги икки ракаатда истаса Қуръон ўқийди ёки тасбеҳ (субҳаналлоҳ) айтади. Агар охирги икки ракаатда ҳеч нарса ўқимаса ҳам намози саҳиҳ бўлади”. Улар ушбу фикрларига Ҳорис  Али разияллоҳу анҳудан   ривоят қилган асарни далил қилишган. Ҳадис уламолари Ҳориснинг заифлиги борасида ўз фикрларини айтишган. Ҳорисни заиф деганлардан бири Имом Шаъбий бўлиб, ҳаттоки уни ёлғончиликда айблаган. Шунингдек, китобларида фақат саҳиҳ ҳадисларни жамлашни шарт қилган муҳаддислар ҳам унинг ҳадисини эътиборга олишмаган. Мазкур фикр Али разияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан келган тақдирда ҳам далил бўла олмайди. Чунки саҳобалардан бир гуруҳи, жумладан, Абу Бакр, Умар, Ибн Масъуд, Ойша ва бошқа саҳобалар ушбу фикрга хилоф (ҳадисларни ривоят) қилишган. Албатта Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига эргашиш бошқа фикрларга эргашишдан афзалдир.

Боз устига Убайдуллоҳ ибн Абу Рофеъ орқали Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда унинг пешин ва аср намозининг аввалги икки ракаатида Фотиҳа ва зам сура, охирги икки ракатида эса фақат Фотиҳа сурасинигина ўқишга буюрганлиги собит бўлган” [“Маолимус-сунан”, 1/211].

Хулоса қиладиган бўлсак:

1) Ҳанафий мазҳаби уламолари ўз фикрларига далил қилган Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Али разияллоҳу анҳумодан келган асарлар саҳиҳ эмас ва бу ҳақда юқорида баён қилинди.

2) “Ҳидоя” китоби муаллифининг “Мазкур фикр Ойша разияллоҳу анҳодан ҳам ривоят қилинган”, деган сўзига  Ибн Ҳажар Асқалоний “Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинганини кўрмадим (яъни санадини топа олмадим)”, деган [“Ад-дироя фи тахрижи аҳодиси Ҳидоя”, 1/201].

3) Агар Али ва Ибн Масъуд разияллоҳу анҳумодан келган асарни саҳиҳ деб фараз қилсак ҳам, юқорида зикр қилинган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган саҳиҳ ҳадислар амал қилишимизга ҳақлироқдир. Бу ўринда Хаттобийнинг ушбу сўзи нақадар тўғри: “Албатта Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига эргашиш бошқа фикрларга эргашишдан афзалдир”.

4)  “Мазкур фикр салаф уламоларидан Иброҳим Нахаий ва Абдураҳмон ибн Асвад Нахаийдан ҳам келган-ку?”, деган эътирозга келсак, унга Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзи билан жавоб бериш ўринлидир: “Ҳар қандай шахснинг сўзи инобатга олиниши ва рад этилиши мумкин. Ундан мана бу қабр эгасининг сўзигина мустаснодир”, деб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрига ишора қилди.

5) Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикри тўғри деб фараз қилсак ҳам, иккинчи ва учинчи ракаатда тасбеҳ ўрнига Қуръон ўқиш уларнинг наздида ҳам афзал ҳисобланади.

Демак, рожиҳ фикрга қўра Фотиҳа сураси намознинг рукнларидан ҳисобланиб, уни хар бир ракаатда ўқиш фарздир. Иккинчи ва учинчи ракатда Фотиҳа сурасини ўрнига тасбеҳ айтиш жоиз эмас. Чунки бирон бир ҳадис ёки саҳобаларнинг асарларида ушбу фикрни қўллайдиган саҳиҳ хабар келмаган, валлоҳу аълам.

[1] Яъни “фалончидан ва фалончидан (ривоят қилинади)” тарзида ривоят қилган.

[2] Яъни “ҳадисни ўзидан юқоридаги ровийдан бевосита эшитмаган бўлсада, бевосита эшитганлигини эҳтимол қиладиган шаклда сўзлаш ёхуд ушбу ровийнинг исмини айтмай, балки уни мавҳум ҳолда зикр қилиш”  билан танилган ровийлар.

Изоҳ қолдиринг