Ўликлардан шафоат сўраш (5)

0

Имом Ибн Таймия айтади: «Шафоат тўғрисида келган саҳиҳ ҳадисларнинг барчаси шуни кўрсатадики, шафоат фақат “Лаа илаҳа иллаллоҳ” аҳли учун хосдир… Кишини шафоатга фақат ҳақ шаҳодат – “Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ” дея гувоҳлик бериш эриштиради. На фаришталар, на пайғамбарлар ва на солиҳлар, қўйингки, Аллоҳдан ўзга бирор кимсага ишни топшириш билан шафоат қозонилмайди. Ким ишини ўшалардан бирига топширса, унга дуо қилса, қабрини ёки унга тегишли жойни тавоф этса, унга назр атаса, унинг номига қасам ичса, шафоат қилиши учун унга атаб қурбонликлар сўйса, бу ишлари Аллоҳ ҳузурида унга заррача фойда бермайди. Аксинча, ўзи бировни шафоат қилишдан ҳам, бошқанинг шафоатини қозонишдан ҳам энг узоқ кимса шу одам бўлади. Чунки шафоат фақат Аллоҳни якка деб билган, қалби ва динини холис Унга бағишлаган кишига насиб этади. Ишини Аллоҳдан бошқага топширган кимса эса мушрик бўлади…

Аксар адашган одамлар мазкур ширк аралашган ёки бутунлай ширкдан иборат бўлган ишлар билан шафоатга эришилади, деб ўйлайди. Қадимги мушриклар ҳам шундай ўйлашар эди. Шунингдек, насронийлар ҳамда ўзларини Исломга нисбат берадиган, бироқ Аллоҳдан ўзгага дуо қиладиган, у кўмилган ёки унга тегишли бўлган жойга ҳаж қилиш учун борадиган, унга атаб назр қиладиган, унинг номига қасам ичадиган ва шу ишлари сабабли ўша кимса уларга шафоатчига айланади, деб гумон қиладиган кимсалар ҳам фақат ҳомхаёл қиладилар. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Пайғамбар, қавмингиз мушрикларига) айтинг: «Аллоҳдан ўзга илоҳ деб гумон қилган кимсаларингизга нидо қилинглар! Улар сизлардан бирон зиённи арита олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар. Мушриклар Аллоҳга қўшиб дуо-илтижолар қилаётган (анбиёлар, азиз-авлиёлар ва фаришталарнинг) ўзлари (қўлларидан келган барча солиҳ амаллари билан) Парвардигорларига яқинлик ҳосил қилишда мусобақалашадилар, Парвардигорларининг раҳматидан умидвор бўладилар, азобидан қўрқадилар. Албатта, Раббингизнинг азоби бандалар ундан ҳазир бўлишлари ва қўрқишлари лойиқ бўлган нарсадир»” (Исро, 56-57). Салафлардан бир жамоаси бундай деган: “Масиҳ, Узайр ва фаришталарга сиғинадиган қавмлар бор эди. Аллоҳ бу оятда улар ўзларига сиғинаётган кишилардан на ёмонликни кетказа олиши ва на уни бошқаларга буриб юборишга қодир эмаслигини баён қилди”.

Шунингдек, гарчи Аллоҳ у зотларнинг дуосини ижобат қилса ҳам уларнинг ҳеч бири ўзича шафоат қилишга қодир эмаслигини ва бундан ҳеч ким мустасно эмаслигини баён қилди, кейин бундай деди: “Мушриклар Аллоҳга қўшиб дуо-илтижо қилаётган кишиларнинг ўзлари Парвардигорларига яқинлик ҳосил қилишда мусобақалашадилар, Парвардигорларининг раҳматидан умидвор бўладилар, азобидан қўрқадилар. Албатта, Раббингизнинг азоби бандалар ундан ҳазир бўлишлари лойиқ бўлган нарсадир” (Исро, 57). Аллоҳ бу оятда Аллоҳни қўйиб дуо қилинаётган ўша кимсалар аслида Аллоҳнинг раҳматини умид қиладиган, азобидан қўрқадиган, бошқа бандалар қатори улар ҳам Аллоҳга солиҳ амаллар билан яқинлашишга интиладиган кишилар бўлганини баён қилмоқда. Аллоҳ таоло айтади: “Улардан бирортаси сизларни Аллоҳни қўйиб, фаришта ва пайғамбарларни илоҳ қилиб олишга ва уларга сиғинишга буюриши мумкин эмас. (Эй одамлар,) Пайғамбар сизларни Аллоҳнинг амрига бўйсунганингиздан кейин яна Унга кофир бўлишга буюриши ақлга тўғри келадими?!” (Оли Имрон, 80).

Шафоат борасида одамларнинг адашуви турли-туман бўлди. Бошқа ўринда бу ҳақда батафсил сўз юритилган. Уларнинг аксари ўйлашича, шафоат қилувчининг руҳи билан шафоат қилинувчининг руҳи бир-бирига боғланиши сабабли шафоат ҳосил бўлади. Абу Ҳомид Ғазолий ва бошқалар айтганидек, “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп салавот айтадиган киши у зотнинг шафоатларига бошқалардан ҳақлироқ бўлади” ёки “Ким биров ҳақида яхши гумон қилса ва уни бошқалардан кўпроқ улуғласа, унинг шафоатига энг ҳақли одам бўлади”. Бироқ бу тушунча хатодир. Бу гапнинг мушриклар айтадиган гапдан фарқи йўқ. Мушриклар: “Фаришталарга яқинлашсак, улар бизни шафоат қилади”, дейишар, фаришталар, пайғамбарлар ва солиҳ зотлардан бирортасини яхши кўриш ва унга ўзини топшириш унинг шафоатига эришишга сабаб бўлади, деб ўйлашар эди. Аммо бу тўғри эмас. Фақат Аллоҳни якка деб ишониш ва ибодатнинг барча турини У зотга холис адо этиш шафоатга сабаб бўлади. Кимнинг ихлоси улуғ бўлса, ўша инсон шафоатга ҳақли ҳисобланади. Қолаверса, Аллоҳнинг раҳмати жумласидан саналадиган ҳар бир инъомга шу инсон ҳақли бўлади.

Чунки шафоатнинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам Аллоҳга боради. Ҳеч ким Унинг изнисиз бировни шафоат қила олмайди. Шафоат қилувчига изн берадиган ҳам, шафоат қилинувчи учун қилинган шафоатни қабул этадиган ҳам Унинг ўзидир. Шафоат Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган бандаларига марҳамат кўрсатиш учун пайдо қилган сабаблардан бири, холос. Аллоҳнинг марҳаматига энг ҳақли одам тавҳид ва ихлос аҳлидир. «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини илм, эътиқод, амал, кофирлардан узоқ бўлиш, мўминларга дўстлик ҳамда кофирларга душманлик изҳор этиш жиҳатидан холис ва мукаммал рўёбга чиқарган ҳар ким Аллоҳнинг раҳматига ҳақли бўлади»[1].

Агар сизга: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларини инкор қиласанми ва ундан юз ўгирасанми?» дейилса, бундай жавоб беринг: «Йўқ, уни инкор ҳам қилмайман, ундан юз ўгирмайман ҳам. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат қилувчи ва шафоат қилинувчи зотдирлар. Мен ҳам у зотнинг шафоатларидан умид қиламан. Аммо барча шафоат Аллоҳникидир. Аллоҳ таоло айтганидек: “(Эй Пайғамбар,) айтинг: «Шафоатнинг ҳаммаси ёлғиз Аллоҳга хосдир»” (Зумар, 44). Шафоат Аллоҳ изн берсагина амалга ошади. Аллоҳ таоло айтганидек: “Унинг ҳузурида ҳеч ким бировни Унинг изнисиз шафоат қила олмайди” (Бақара, 255). Шафоат қилувчи Аллоҳ рухсат берган кишинига шафоат қила олади. Аллоҳ таоло айтганидек: “Улар Аллоҳ (шафоат қилишларига) рози бўлган кишинигина шафоат қиладилар” (Анбиё, 28). Аниқки, Аллоҳ тавҳиддан ўзгасига рози бўлмайди. Аллоҳ таоло айтганидек: “Ким Ислом динидан ўзга бир дин истаса, унинг бу дини (Аллоҳ ҳузурида) асло қабул этилмас” (Оли Имрон, 85).

Шафоатнинг ҳаммаси ёлғиз Аллоҳга хосдир. У зот рухсат бермаса шафоат ҳам бўлмайди. На Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва на у зотдан бошқаси Аллоҳ рухсат бермагунича кимнидир шафоат қила олмайди. Аллоҳ фақат тавҳид аҳлига шафоат учун рухсат беради. Модомики шундай экан, демак шафоатнинг барчаси фақат Аллоҳнинг мулки экани маълум бўлади ва мен уни Аллоҳнинг ўзидангина сўрайман. “Эй Аллоҳ, мени фалончининг шафоатидан маҳрум қилма”, “Эй Аллоҳ, фалончини менга шафоатчи қил”, дейман ва ҳоказо».

Агар айтилса: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга шафоат қилиш ҳуқуқи берилди. Аллоҳ у зотга инъом этган нарсани ўзларидан сўрайверсам бўлмайдими?»

Жавоб: «Дарҳақиқат, Аллоҳ у зотга шафоат берди. Бироқ буни у зотдан сўрашни Аллоҳ таоло сизга ман этиб, “Аллоҳ билан бошқа бирортага дуо-ибодат қилманглар” (Жин, 18), деди. Расулуллоҳнинг шафоатидан насиб этишини Аллоҳдан сўрашингиз ибодатдир. Энди бу ибодатга Аллоҳдан бошқани шерик қилишдан Унинг ўзи қайтарди. Модомики сиз Аллоҳга пайғамбарининг шафоатини сўраб дуо қилар экансиз, У зотнинг: “Аллоҳ билан бошқа бирортага дуо-ибодат қилманглар” (Жин, 18) деган сўзига ҳам амал қилинг. Шунингдек, шафоат Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқаларга ҳам берилган. Жумладан, фаришталар, кичиклигида вафот этган болалар ва авлиёлар ҳам шафоат қилади[2].

Энди сиз: “Аллоҳ шу кишиларга ҳам шафоат қилиш ҳуқуқи берган экан, буни уларнинг ўзидан сўрайман”, дейсизми? Агар шундай десангиз, Аллоҳ Китобида зикр қилган «солиҳларга ибодат қилувчилар»дан бўласиз. Агар: “Йўқ, улардан сўрамайман”, десангиз, “Аллоҳ унга шафоат қилиш ҳуқуқини берди. Мен эса Аллоҳ инъом этган нарсани унинг ўзидан сўрайман”, деган гапингиз пучга чиқади»[3]. Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

[1] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ. «Мажмуъ ал-фатово», 14/410-414.
[2] Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан узун ҳадисда ривоят қилинган бу сўзлар ҳам шунга далолат қилади: «Ниҳоят, мўминлар дўзахдан ўтиб олишади. Жоним кўлида бўлган Зотга қасамки, шунда сизлардан бошқа ҳеч бир мўмин қиёмат куни дўзахдаги биродарларининг ҳаққига шафоат сўраб Аллоҳга ёлворганчалик қаттиқ ёлвормайди. Улар: “Раббимиз, улар биз билан рўза тутишар, намоз ўқишар ва ҳаж қилишар эди”, дейишади. Сўнг уларга: “Таниганларингизни дўзахдан чиқаринглар”, дейилади. Шунда уларнинг жисми дўзахга ҳаром қилинади. Шу тариқа улар кўплаб одамларни чиқариб олишади. Уларнинг орасида болдирининг ярмигача, тиззасигача оловда куйганлар бўлади. Сўнгра: “Раббимиз, у ерда бизга буюрганларингдан ҳеч ким қолмади”, дейишади. Шунда У зот: “Қайтинглар, кимнинг қалбида бир динор оғирлигича яхшилик топсангиз, уни ҳам чиқаринглар”, дейди. Улар яна кўплаб одамларни олиб чиқишади. Сўнг: “Раббимиз, у ерда бизга буюрганларингдан ҳеч ким қолмади”, дейишади. Сўнг У зот: “Қайтинглар, кимнинг қалбида ярим динор оғирлигича яхшилик топсангиз, уни чиқаринглар”, дейди. Улар кўплаб одамларни чиқаришади. Сўнг: “Раббимиз, у ерда бизга буюрганларингдан ҳеч кимни қолдирмадик”, дейишади. Сўнг У зот: “Қайтинглар, кимнинг қалбида зарра оғирлигича яхшилик топсангиз, уни чиқаринглар”, дейди. Улар кўплаб одамларни чиқаришади. Сўнг: “Раббимиз, у ерда бирорта яхшилик (қилган одам) қолмади”, дейишади». Абу Саид Худрий шундай дер эди: «Агар бу ҳадисда менга ишонмасангиз, хоҳласангиз, “Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас. Агар яшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан буюк ажр берур” (Нисо, 40) оятини ўқинглар». «Аллоҳ азза ва жалла: “Фаришталар шафоат қилишди, набийлар шафоат қилишди, мўминлар ҳам шафоат қилишди, раҳмлиларнинг раҳмлисигина қолди”, дейди-да, дўзахдан бир сиқим одам олиб, у ердан бирорта яхшилик қилмаган одамларни чиқаради. Улар кўмирга айланиб кетган бўлишади. Уларни жаннатнинг лабидаги «Ҳаёт дарёси» деган дарёга ташлайди» (Муслим ривояти, 302-ҳадис).
[3] Имом Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ, «Кашф аш-шубуҳот», 67-71-бетлар. Муҳаққиқ: Абдуллоҳ Қаҳтоний. «Дор ас-Сумайъий» нашриёти, биринчи нашр, 1418 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг