Мўҳаймин сўзи арабча “ҳаймана” сўзидан олинган бўлиб, хавфу хатарлардан сақловчи, кузатиб турувчи ҳамда сақловчи маъноларини ифодалайди.
Аллоҳ таолонинг Мўҳаймин исми Қуръони Каримда бир марта, Ҳашр сурасининг 23-оятида зикр қилинган: “У Аллоҳ шундай зотдирки, ундан бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқ. У Малик (яъни ёлғиз Подшоҳ), Қуддус (яъни барча айбу нуқсонлардан Пок), Салом, Мўъмин, Муҳаймин, Азиз, Жаббор ва Мутакаббирдир”.
Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ҳаймана – сақлаш ва кузатиб туриш дегани…”.
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва бошқа бир қанча муфассирларнинг айтишларича, Муҳаймин – бандаларининг қилаётган ишларини кузатиб турувчи зотдир…[1]”.
Саъдий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мўҳаймин – энг махфий ишларни ва қалбдан кечаётган нарсаларни билувчи, барча нарсаларни биладиган зот”.
Ғазолий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Учта сифатга эга бўлган зотга Муҳаймин дейилади:
1) Ҳамма нарсани билиб туриш;
2) Шу нарсалар учун фойдали ишларни қила олиш;
3) Шу фойдали ишларни давомий амалга ошириб туриш. Бу учта сифатга Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким эга бўла олмайди”[2].
Аллоҳ таоло Муҳаймин исмининнг барча луғавий маъноларига эгадир. У бандаларининг барча ишларига гувоҳ, у ишларни кўриб туради. У қалбдан кечаётган нарсаларни ҳам билади. Бу ҳақда Бақара сурасининг 73-оятида шундай дейилган: “Аллоҳ сизлар қилаётган ишлардан бехабар эмас!”. Ҳатто дарахтдан тўкилаётган баргларни ҳам Аллоҳ таоло билиб туради. Бу ҳақда Анъом сурасининг 59-оятида Аллоҳ таоло шундай деган: “У қуруқлик ва денгиздаги (барча) нарсаларни билади. Бирон бир барг (шохидан) узилиб тушса ҳам, У зот уни билади…”. Эй бизнинг барча ишларимизни кўриб-кузатиб турган Зот, гуноҳларимизни Ўзинг авф эт!
[1] “Тафсири Ибн Касир” 4-жилд, 343-бет.
[2] “Шарҳул Асмо” китоби, 192-194-бетлар.