Ўликларни васила қилиш (1)

0

313. Ўликларни васила қилиш

«Қуръон ва суннатда жоиз саналган, шариатга мувофиқ тавассул Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога фақат солиҳ амалларни ҳамда У зотнинг улуғлигига лойиқ бўлган исм ва сифатларни васила қилишдан иборатдир. Солиҳ амалларини Аллоҳга васила қилган мўмин бандалари тилидан Аллоҳ таоло бундай ҳикоя қилади: “Эй Раббимиз, албатта биз: «Раббингизга иймон келтиринг!» деб иймонга чорлаган жарчи (Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) нидоларини эшитдигу иймон келтирдик. Эй Раббимиз, бизнинг гуноҳларимизни Ўзинг мағфират қил, айбларимизни яшир ва бизни яхшилар қаторида вафот эттир” (Оли Имрон, 193). Шунингдек, «Икки саҳиҳ тўплам»да ривоят қилинган ғорга қамалиб қолган уч киши воқеаси ҳам бунга далил бўлади[1]. Ҳадисда айтилишича, учовлон ғорга кирган, сўнг тепадан катта тош тушиб ғор оғзини тўсиб қўйган ва улар солиҳ амалларини васила қилиб Аллоҳга дуо қилишган эди.

Шунингдек, Имом Аҳмад[2], Ибн Абу Шайба[3], Ибн Ҳиббон[4] ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дуо қилар эдилар: “Эй Аллоҳ! Сенга оид бўлган, Ўзингни у билан номлаган, Китобингда нозил қилган, бандаларингдан бирортасига ўргатган ёки Ўз ҳузурингда сақлаб қўйган барча исм билан Сендан сўрайман!

Термизий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда эса: “Эй Аллоҳ! Ҳамд ёлғиз Сенгалиги, Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқлиги, Сен ёлғиз, шериксиз ва яхшилик инъом қилувчи Зот эканинг билан сўрайман. Эй осмонлару ернинг яратувчиси, улуғлик ва икром соҳиби, эй мангу тирик ва абадий турувчи зот![5]

Термизий ривоят қилган ва ҳасан деган бошқа ҳадисда: “Эй Аллоҳ! Эй Раҳмон, Сендан улуғлигинг ва Юзингнинг нурини ўртага қўйиб сўрайман”, деганлар[6]. Мазкур ва бошқа ҳадислар далолат қиладики, Аллоҳнинг исм-сифатларини васила қилиш жоиздир ва бунда тортишувга ўрин йўқ. Аллоҳ таоло каломида василанинг шу турига буюриб: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва Унга васила – яқинлашиш йўлини изланглар” (Моида, 35), деган. Шунингдек, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки бошқа бирон пайғамбар ва солиҳ кишилар тириклигида уларнинг дуолари ва шафоатлари воситасида Аллоҳдан эҳтиёжларни сўраш ҳам мустаҳабдир. Маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тирик пайтлари саҳобалар у зотнинг дуолари ва шафоатларини Аллоҳга васила қилар эдилар. У зотдан кейин Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб разияллоҳу анҳунинг[7] ва Язид ибн Асвад Жураший раҳимаҳуллоҳнинг[8] дуоларини Аллоҳга васила қилдилар»[9].

«Вафот этган кишилар ҳурматини васила қилиш, масалан, “Эй Аллоҳ, пайғамбаринг Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўртага қўйиб Сендан сўрайман” ёки “Пайғамбаринг Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаққи-ҳурматлари Сендан сўрайман” каби сўзлар билан васила қилишга келсак, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилганлари нақл этилмаган. Аксар уламолар бундай қилишдан қайтарганлар. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ бу иш бидъат эканига уламолар ижмо қилганини айтган.

Пайғамбарлар ва солиҳ зотлар Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳузурида ҳурматли кишилар экани уларнинг ўзлари ёки ҳурматларини васила қилиш жоизлигини тақозо этмайди. Чунки улар эришган бу ҳурмат ва мартабалар фақат ўзларига фойда келтиради, бизга эмас. Бизга эса фақат уларга эргашиш ва уларни яхши кўриш фойда бериши мумкин…

Билингки, банданинг ўзи ёки ҳурматини васила қилиш билан унинг ўзига дуо қилиш ёки ўзидан сўраш ўртасида фарқ бор. Банданинг ўзи ёки ҳурматини васила қилиш деганда “Эй Аллоҳ, пайғамбаринг Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни ёки у зотнинг ҳаққи-ҳурматларини ўртага қўйиб сўрайман, гуноҳларимни кечир, менга раҳм айла ва мени жаннатингга кирит” каби дуо қилиш тушунилади. Бундай қилиш бидъат бўлади, ширк эмас[10].

Бирон банда ёхуд махлуқотнинг ўзига дуо қилиш ёки ундан сўрашга келсак, бунга “Ё Расулуллоҳ, мени шафоат қилинг. Бошимга кулфат тушди, уни мендан аритинг. Мени фалончидан ҳимоянгизга олишингизни сўрайман”, каби сўзлар мисол бўлади. Бундай қилиш куфр ва катта ширк ҳисобланади. Буни қилган одам диндан чиқади. Чунки бу иш Аллоҳнинг ҳаққини бошқага беришдир. Чунки дуо ибодат, ибодатни эса Аллоҳдан ўзгага қилиб бўлмайди. Ким дуо қилса, дуо қилинувчига ибодат қилган бўлади. Ким Аллоҳдан ўзгага ибодат қилса, ширк келтирган бўлади. Бунга далил бўладиган оят-ҳадисларнинг сон-саноғи йўқ. Аксар одамлар банданинг ўзини ёки ҳаққи-ҳурматини васила қилиш билан унинг ўзидан сўраш ёки унга дуо қилиш ўртасини фарқламайди ва ажрата олмайди. Буни яхши тушуниб олинг. Аллоҳ бизни ҳам, сизни ҳам энг тўғри йўлга йўлласин»[11].

[1] Қаранг: «Саҳиҳи Бухорий», 2215-ҳадис; «Саҳиҳи Муслим», 2734-ҳадис.
[2] «Ал-муснад», 6/247, 3712-ҳадис.
[3] «Ал-мусаннаф», 15/161, 29930-ҳадис.
[4] «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон», 3/253, 972-ҳадис.
[5] Термизий (3544), Абу Довуд (1496) ва Ибн Ҳиббон (893) ривоят қилган. Ибн Ҳиббон ҳадисни саҳиҳ деган.
[6] Термизий «Сунан»да (3570) ривоят қилган ва «ғариб ҳадис», деган. Ҳоким «Ал-мустадрак»да (1/461, 1190-ҳадис) ҳадисни саҳиҳ санаган. Суютий: «Ҳадисни Ибн Жавзий «Ал-мавзуот» (тўқима ҳадислар тўплами)да келтирган, бироқ тўғри қилмаган», деган («Ал-фатҳ ал-кабир фий зам аз-зиёдати илал-жомеъ ас-сағир», 1/480. Муаллиф: Суютий. Тўпловчи ва тартибловчи: Юсуф Набҳоний. «Дор ал-китоб ал-арабий» нашриёти). Ҳофиз Мунзирий айтади: «Бу ҳадиснинг санади «жаййид» (ҳасан), матни эса жуда ҳам ғариб, валлоҳу аълам» («Ат-тарғиб ват-тарҳиб», 2248-ҳадис). Ибн Касир деди: «Ҳадиснинг Валидга оид санади икки шайх (Бухорий ва Муслим) шартига мувофиқ келишига шубҳа йўқ. Чунки Валид уни Ибн Журайждан эшитганини очиқ айтган. Бироқ ҳадис ғариб ёки мункар экани очиқ кўриниб турибди, валлоҳу аълам» («Фазоил ал-Қуръон», 292-бет).
[7] Бухорий ривояти, 1010-ҳадис.
[8] Муовия разияллоҳу анҳу Язид ибн Асвад раҳимаҳуллоҳнинг дуосини васила қилиб Аллоҳдан ёмғир сўрагани ҳақидаги қисса санадини Ҳофиз Ибн Ҳажар саҳиҳ деган. Қаранг: «Ал-исоба фий тамйиз ас-саҳоба», 11/465. Муаллиф: Ҳофиз Ибн Ҳажар. Муҳаққиқ: Абдуллоҳ Туркий ва бошқалар. «Дор ҳажр» нашриёти, биринчи нашр, 1429 ҳ.й.
[9] «Ад-дурар ас-санийя», 12/48-49, Шайх Сулаймон ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ фатвоси.
[10] «Махлуқотларни ўртага қўйиб Аллоҳга ёлвориш ёмон бидъатдир. На Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам, на саҳобалардан бирортаси, на саҳобаларга яхшиликда эргашган тобеинлар, на тўрт мазҳаббоши имом ва на уларнинг сафдошлари бўлган бошқа уламолар бундай қилгани айтилган.
Абу Ҳанифа айтади: “Ҳеч ким Аллоҳга У зотдан бошқа билан дуо қилиши жоиз эмас”.
Абу Юсуф деди: “Фалончининг ҳаққи-ҳурмати, пайғамбарларинг ҳаққи-ҳурмати, Каъбанинг ҳаққи-ҳурмати, Ҳарами шариф ҳаққи-ҳурмати дейишни ёмон кўраман”.
Қудурий айтади: “Махлуқотнинг ҳаққи-ҳурмати билан сўраш жоиз эмас. «Эй Аллоҳ, Сендан фалончининг, фаришталаринг ёки пайғамбарларинг ва ҳоказоларнинг ҳаққи-ҳурмати сўрайман» дейилмайди. Чунки Холиқ устида махлуқотнинг ҳаққи бўлмайди”» («Тайсир ал-азиз ал-ҳамид, 1/449).
[11] «Ад-дурар ас-санийя», 12/49-53, Шайх Сулаймон ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ фатвоси.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг