Чақалоққа оид ҳукмлар (53): Манфаат юзасидан бир исмни бошқасига ўзгартириш ҳақида (1)

0

Учинчи бўлим
Манфаат юзасидан бир исмни бошқасига ўзгартириш ҳақида

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Осиянинг исмини ўзгартирдилар ва: «Сен Жамиласан», дедилар[1]. (Осия – осий, бўйсунмас, Жамила – чиройли, гўзал аёл.)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Зайнабнинг исми Барра эди. Одамлар: “Ўзини мақтаяпти”, дейишган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Зайнаб деб исм қўйдилар»[2]. (Барра – яхши, тақводор. Зайнаб – кўриниши чиройли ва ҳиди ёқимли дарахт номи.)

Саид ибн Мусайяб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Исминг нима?» деб сўрадилар. У: «Ҳазн», деди. Шунда у зот: «Сен Саҳлсан», дедилар. У бўлса: «Йўқ, «саҳл» босилади ва оёғости қилинади», деди». Ибн Мусайяб айтади: «Ўйлашимча, шундан кейин бизга ҳузунат етган бўлса керак». (Саҳл – юмшоқ, текис. Ҳузунат – ғадир-будур, нотекис. Нотекис ерга «арзун ҳазина», текис ва юмшоқ ерга «арзун саҳла» дейилади.)

«Икки саҳиҳ тўплам»да ривоят қилинади: «Мунзир ибн Абу Усайд туғилганида уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни сонларига қўйдилар. Бир оздан сўнг уни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиззаларидан олишди. Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бола қани?” деб сўрадилар. Абу Усайд: “Уни (сиздан) олдик, ё Расулуллоҳ”, деди. У зот: “Унинг исми нима?” дедилар. Абу Усайд: “Фалончи”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, унинг исми Мунзир (бўлсин)”, дедилар»[3]. («Мунзир» – огоҳлантирувчи.)

Усома ибн Ахдарийдан ривоят қилинади: «Бир кишининг исми Асрам эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келган элчилар таркибида у ҳам бор эди. У зот: “Исминг нима?” деб сўрадилар. У: “Асрам” деди. “Сен энди Зуръасан”, дедилар»[4]. (Асрам кесилган, Зуръа экилган маъносида.)

Абу Довуд «Сунан»да айтади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ос (осий), Азиз, Атала (шиддат), Шайтон, Ҳакам (ҳоким), Ғуроб (қарға), Шиҳоб (олов) ва Ҳубоб (шайтон) исмларини ўзгартирганлар. Ҳубобни Ҳишомга (мурувват), Ҳарбни (уруш) Силмга (тинчлик), Музтажеъни (ётувчи) Мунбаисга (тикланган) ўзгартирганлар. Афира (тупроқ) деган жойни Хазира (кўкаламзор), Залолат дарасини Ҳидоят дараси, Бани Зиняни Бани Ришда, Бани Муғвияни Бани Ришда деб номлаганлар»[5].

Абу Довуд айтади: «Чўзилиб кетмаслиги учун санадларини келтирмадим».

Лайс ибн Саъд Язид ибн Абу Ҳабибдан, у Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъ аз-Забидийдан ривоят қилади: «Бир дўстим ғурбатда вафот этди. Унинг қабри тепасида мен, Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос бор эдик. Менинг исмим Ос эди, Ибн Умарнинг исми ҳам Ос эди, Ибн Амрнинг исми ҳам Ос эди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга: “Қабрга тушиб, уни дафн этинглар. Сизлар Абдуллоҳсизлар”, дедилар. Қабрга тушдик ва биродаримизни кўмдик. Кейин қабрдан исмларимиз ўзгарган ҳолда чиқдик»[6].

Ҳадиснинг Лайсгача бўлган санади жаййид (ҳасан), бироқ бу ерда нима дейилмоқчи эканини билмадим. Чунки на Абдуллоҳ ибн Умар ва на Ибн Амрга илгари «Ос» деб исм қўйилгани маълум.

Қолаверса, Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да бундай деган: «Бизга Муҳаммад ибн Бишр Закариёдан, у Шаъбийдан ривоят қилиб сўзлаб берди: “Қурайшлик осийлардан (яъни исми Ос бўлганлардан) фақат Мутиъ Исломга етишди. Илгари унинг исми Осий эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Мутиъ (итоаткор) деб номладилар”»[7].

Абу Бакр ибн Мунзир айтади: «Бизга Муҳаммад ибн Исмоил Абу Нуаймдан, у Исроилдан, у Абу Исҳоқдан, у Ҳонеъ ибн Ҳонеъдан, у Али разияллоҳу анҳудан ривоат қилиб сўзлаб берди: “Ҳасан туғилганида унга Ҳарб деб исм қўйдим. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар ва: «Менга набирамни кўрсатинглар, уни нима деб номладингиз?» деб сўрадилар. Биз: «Ҳарб», дедик. У зот: «Йўқ, у Ҳасандир», дедилар. Ҳусайн туғилганида уни Ҳарб деб номладим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб: «Менга набирамни кўрсатинглар, уни нима деб номладингиз?» деб сўрадилар. Биз: «Ҳарб», дедик. У зот: «Йўқ, у Ҳусайндир», дедилар. Учинчи фарзандим туғилганида унга ҳам Ҳарб деб исм қўйдим. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар ва: «Менга набирамни кўрсатинглар, уни нима деб номладингиз?» деб сўрадилар. Биз: «Ҳарб», дедик. У зот: «Йўқ, у Муҳассиндир», дедилар. Кейин: «Мен уларга Ҳоруннинг фарзандлари исмларини қўйдим: Шабар, Шабир ва Мушаббир», дедилар”»[8].

Муҳаммад ибн Фазл Ало ибн Мусайябдан, у Хайсамадан ривоят қилади: «Отамнинг жоҳилиятдаги исми Азиз эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Абдураҳмон деб исм қўйдилар»[9].

Иброҳим ибн Мунзир Язид ибн Ҳубобдан, у Абдураҳмон ибн Саид Махзумийдан ривоят қилишича, илгари унинг исми Сарм бўлган, кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Саид деб номлаганлар[10]. (Сарм – шафқатсиз, Саид – бахтли.)

Муҳаммад ибн Синон Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Абзадан, у онаси Умму Роита бинти Муслимдан, у отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳунайн ғазотига қатнашдим. У зот мендан: “Исминг нима?” деб сўрадилар, мен «Ғуроб», дедим. У зот: “Йўқ, балки сен Муслимсан”, дедилар»[11].

[1] Ҳадис тахрижи аввалроқ берилди.
[2] «Саҳиҳи Бухорий», 10/575.
[3] Ҳадис тахрижи аввалроқ ўтди.
[4] Абу Довуд «Сунан»да (13/353) ва Бухорий «Ал-адаб ал-муфрад»да (65-бет, «Дор ал-қалам» нашриёти) ривоят қилган.
[5] «Сунан», 13/355.
[6] Байҳақий «Сунан»да (9/307-308) ривоят қилган.
[7] Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да (8/664, «Дор ал-қибла» нашрида: 13/242) мурсал (санади тобеингача борган) кўринишда ривоят қилган, Имом Муслим «Саҳиҳ»да тўлиқ санад билан келтирган (3/1409, 1782-ҳадис).
[8] Шунингдек, ҳадисни Имом Аҳмад (1/98; «Ар-рисола» нашрида: 2/159, 264), Бухорий («Ал-адаб ал-муфрад», 823-ҳадис), Ибн Ҳиббон (6958-ҳадис, «Ар-рисола» нашри) ва Байҳақий (6/166) ривоят қилган, Ҳоким уни саҳиҳ санаган (3/165), Заҳабий Ҳокимнинг бу фикрини тасдиқлаган. Қаранг: «Мажмаъ аз-завоид», 8/52.
[9] Ибн Абу Шайба, «Мусаннаф», 8/475 («Дор ал-қибла» нашрида: 13/239). Шунингдек, ҳадисни Имом Аҳмад (4/187) ривоят қилган, Ибн Ҳиббон (5828) ва Ҳоким «Мустадрак»да (4/276) уни саҳиҳ деган, Заҳабий буни тасдиқлаган. Ҳайсамий «Мажмаъ»да (8/50) айтади: «Ҳадисни Аҳмад ровийлари саҳиҳнинг ровийлари бўлган санад билан ривоят қилган, аммо икки ривоят зоҳиридан «мурсал»га ўхшайди».
[10] Бухорий ривояти, «Ал-адаб ал-муфрад», 67-бет, «Дор ал-қалам» нашриёти.
[11] «Ал-адаб ал-муфрад», 68-бет. Ҳадисни Албоний икки ўринда заиф санаган: «Заиф ал-жомеъ», 132 ва 134-рақамлар. Абу Довуд уни (13/ 355) муаллақ кўринишда ривоят қилган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг