Ўликларни васила қилиш (2)

0

Демак, «Пайғамбарлар ва бошқа солиҳ кишилар ҳаққи-ҳурматини васила қилиш ширкка олиб борадиган энг яқин сабаблардандир. Қолаверса, буни воқелик ва тажрибалар ҳам тасдиқлайди. Ёмонлик эшигини беркитиш ва тавҳидни ҳимоя қилиш мақсадида бу турдаги васила ман этилади»[1].

Макка ва Нажд уламолари исломий ҳукуматлар подшоҳлари ва амирларига йўллаган мурожаат хатларида бундай деганлар: «Ким Аллоҳ яратган махлуқотлардан бирортасининг ҳаққи-ҳурмати ила Аллоҳдан нимадир сўраса, бу одам ҳаром ишга қўл урган бидъатчи ҳисобланади»[2].

Эътироз: «Такмилат ал-мажмуъ лин-Нававий» китоби муаллифи Муҳаммад Нажиб Мутеий айтади: «Агар банда: “Эй Аллоҳ, Сендан авлиёлар ҳаққи-ҳурмати, пайғамбарлар ҳаққи-ҳурмати ёки солиҳлар ҳаққи-ҳурмати сўрайман”, деган сўзлар билан дуо қилса, бу иш билиттифоқ жоиздир. Буни фақат динда мустаҳкам илмга эга бўлмаган кимса инкор қилади».

Жавоб: «Мумкин бўлса, эй «Такмила» муаллифи, уламоларнинг бу борадаги иттифоқларини менга кўрсатсангиз, уни қаердан олганингизни айтсангиз! Агар бу билан Аллоҳнинг динини энг яхши билувчи зотлар бўлмиш саҳобалар иттифоқини назарда тутган бўлсангиз, Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин, мазкур иттифоқ манбасини бизга кўрсатсангиз!

Агар улардан бошқаларни назарда тутган бўлсангиз, Абул Ҳасан ал-Қудурий «Шарҳ ал-Кархий»да бундай дейди: “Бишр ибн Валид айтади: Абу Юсуфдан эшитдим: Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ деди: «Бирор киши Аллоҳдан бошқани ўртага қўйиб У зотга дуо қилиши жоиз эмас. “Аршингнинг иззат ўрни билан ёки махлуқотларингнинг бирортаси билан сўрайман” деган гапни ёқтирмайман». Абу Юсуфнинг ҳам шундай гапи бор.

Абу Юсуф: «“Фалончининг ҳаққи-ҳурмати, пайғамбарларинг ҳаққи-ҳурмати” деган гапни ёқтирмайман», дейди”.

Сиз айтган иттифоқ қаерда қолди, эй «Такмила» муаллифи?! Эҳтимол, сизга айрим нарсаларни эслатишим фойдадан холи бўлмас:

Маълумки, «фалончининг ҳаққи-ҳурмати» деган гап аввалги жоҳилиятни ширк ва залолат ботқоғига ботирган, “Лотнинг Аллоҳда ҳаққи бор”, “Вад, Сувоъ, Яғус, Яуқ ва Насрнинг ҳурмат-эътибори бор” деган тушунчани келтириб чиқарган асосий нарса эди. Натижада одамлар Аллоҳга Лот, Вад ва бошқа тоғутларнинг ҳаққи-ҳурмати воситасида дуо қила бошладилар, “Улар бизнинг Аллоҳ ҳузуридаги шафоатчиларимиздир” (Юнус, 18), “Улар бизни Аллоҳга яқинлаштиради, холос” (Зумар, 3), дер эдилар. Ширк одамлар орасига ана шу жирканч йўл орқали сизиб кирди. “Аллоҳ ҳузурида ҳақ ва ҳурматга эга бир тоифа инсон бор” деб ўйлай бошлади одамлар. Кейин уларни дуода воситачи қилиб олишди. Охир-оқибат ўша воситачиларнинг ўзини илоҳийлаштира бошладилар!

Эй одамлар! Албатта Раббингиз ўзига меҳрибонликни вожиб қилгандир. Сизни Унинг марҳаматига фалончининг ҳаққи ёки ҳурмати етказмайди. Чунки Раббингиз бундай деган: “Раҳматим бутун махлуқотимни қамраб олган. Мен Ўз раҳматимни Аллоҳдан қўрқадиган кишиларга ёзгайман” (Аъроф, 156). Сизларни Раббингиз раҳматига етказадиган нарса тақводир. Зеро, Раббингиз: “Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхши амал қилувчи зотларга яқиндир”, (Аъроф, 56) дейди. Сизларни Аллоҳнинг раҳматига яхши амал қилиш етказади. Дарҳақиқат, Раббингиз: “Аллоҳ бандасига етарли эмасми?!” (Зумар, 36) дейди. Ахир қулнинг ҳаққини пеш қилиб Парвардигордан қандай сўраш мумкин?!

Эй «Такмила» муаллифи, агар битта бечора журнал фалончининг ҳаққи билан сўрашни жоиз деса, чунки бу ҳақни ўша фалончига Аллоҳ фазли ва карами ила берган деса, модомики Аллоҳ таоло бу ҳақни фалончига Ўз фазли ва карами ила берган бўлса, унда шу ҳақни васила қилиб Аллоҳдан сўраш жоиз дейдиган бўлса, у ҳолда мана бунга нима дейсизлар:

Эй «Такмила» муаллифи, албатта Аллоҳ таоло бизларга чорва ҳайвонларини Ўз фазли ва карами ила берганини ҳеч ким инкор қила олмайди. “У сизларга от, хачир ва эшакларни минишингиз учун ҳамда улар сизлар учун чирой касб этиши учун яратиб қўйди” (Наҳл, 8). Биз энди шу чорва ҳайвонларни ўртага қўйиб Аллоҳга юзланишимиз ва У зотдан нимадир сўрашимиз мумкин бўладими?! Чунки булар ҳам Аллоҳнинг фазлу карамидан. Эй «Такмила» муаллифи, қаршингизда уч нарса турибди: кимнингдир ҳаққи, кимнингдир ҳурмати, Аллоҳнинг раҳмати ва фазлу карами. Сизда бу учаласидан хоҳлаганингизга суянган ҳолда Аллоҳдан сўраш ихтиёри бор. Аллоҳдан ўзимни ва сизни тўғри йўлга ҳидоят қилишини сўрайман.

Сўзим охирида айтаманки, воситачилик ва тавассул ширки овозини ҳақнинг ҳайқириғи ушбу сўзлар ила босиб кетди: “(Эй Пайғамбар), айтинг: «Агар Аллоҳ Масиҳ ибн Марямни, унинг онасини ва ердаги барча кишиларни ҳалок этишни истаса, ким Аллоҳ тарафидан бўлган балони қайтаришга қодир бўла олади?!»” (Моида, 17)»[3].

[1] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 1/349-350, 1779-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида.
[2] «Ал-манор» журнали, 26/233.
[3] «Ат-тавҳид» журнали, 7-сон, 1394 ҳ., «Эй «Такмила» муаллифи» номли мақола, 29-32-бетлар. Муллиф: Сувҳож филиали мудири Шайх Мустафо Абдуллатиф Дарвеш.
Профессор Баҳжат ал-Байтор айтади: «Агар дуо қилувчи: «Эй Аллоҳ, Сендан фалончи солиҳ банданг ҳаққи билан сўрайман, ҳожатимни раво қил», деса, бунинг маъноси «фалончи солиҳ бўлгани учун менинг ҳожатимни ўта» дегани бўлади. Унинг солиҳ бўлишининг сенинг ҳожатинг раво бўлишига нима алоқаси бор?! Агар: «Фалончининг ҳурмати мени мағфират эт», десанг, бунинг маъноси «фалончи ҳурматли бўлгани учун Сендан мағфират сўрайман», дегани бўлади. Унинг ҳурматли бўлиши билан сенинг гуноҳинг кечирилиши ўртасида қандай боғлиқлик бор?! Тўғри, унинг солиҳ ёки ҳурматли бўлиши инкор этилмайди, аммо булар сен фойдаланишинг мумкин бўлган ва сени мукофотланишга ҳақли қиладиган амалларинг жумласидан эмас. Зеро, фақат амал қилган кимсагина дунё ва охиратда унинг самарасидан баҳраманд бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Эркакми, аёлми, ким бўлса ҳам (Аллоҳ ва Расулига) иймон келтирган ҳолда яхши амал қилса, Биз албатта унга (бу дунёда) саодатли ва осуда ҳаёт ато этамиз ва (охиратда) Биз уларни (бу дунёда) қилган энг гўзал амалларига бериладиган савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл, 97). Ҳар бир амал қилувчи фақат ўзининг амалини васила қилиши мумкин. Ғорда қамалиб қолган кишилар ҳақидаги ҳадис шуни кўрсатади. Ўша уч кишининг ҳар бири ўзи холис Аллоҳ учун қилган амалини васила қилган, натижада Аллоҳ уларни ғордан қутқарган эди. Бу бобда асос Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир: «Ҳар бир инсон учун фақат ўз ҳаракати билан топган ажргина ҳосил бўлади» (Нажм, 39). «Солиҳ амал уни қилганга ҳам, қилмаганга ҳам фойда беради, унинг манфаати ёки самараси солиҳларни ҳам, фосиқларни ҳам бирдай қамраб олади» деган гап кишида амални ташлашга ва унинг ўрнига тавассул билан кифояланишга журъат пайдо қиладиган, тақводорлар ва гуноҳкорлар оқибатини бир хил қилиб қўядиган гапдир. Чунки аввалгилар Аллоҳнинг фазли билан қилган амаллари сабабли нажот топишса, кейингилар ўзларидан бошқаларнинг амаллари эвазига нажот топиб кетавериши мумкин бўлиб қолади. Ҳолбуки Аллоҳ таоло айтади: «Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилиб ўтганларни ерда бузғунчилик қилиб ўтганлар билан бир хил қиламизми?! Ёки тақводор мўминларни фожир кофирлар билан тенглаштирамизми?!» (Сод, 28); «Ёмон ишлар қилган кимсалар Биз уларни Аллоҳга иймон келтирган ва яхши амаллар қилган кишилар каби қилишимизни, дунёю охиратда ўшалар билан баробар қилишимизни гумон қилдиларми? Уларнинг (охиратда яхшилар билан ёмонлар баробар бўлиши ҳақидаги) ҳукмлари нақадар ёмон ҳукм!» (Жосия, 21)» («Ҳадй ал-ислом» журнали, 1-жилд, 7-сон, 39-бет, 1376 ҳ.й., Иордания, «Ала байтай Бувсирий» номли мақола).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг