Иккинчи ҳадис: (3) исломнинг биринчи рукни

0

“Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик беришинг”:

Расул – Аллоҳ унга бирон шариатни ваҳий қилиб, уни одамларга еткизишга буюрган пайғамбар. Одамлар Нуҳ алайҳиссаломдан олдин ягона дин вакиллари эдилар. Шу боис расулга муҳтож бўлмадилар. Кейинчалик одамлар кўпайишиб, ўзаро динда ихтилоф қила бошладилар ва улар пайғамбар юборилишига муҳтож бўлдилар. Шу вақтдан эътиборан Аллоҳ таоло одамларга расулларни юбо

“Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик беришинг”:

Расул – Аллоҳ унга бирон шариатни ваҳий қилиб, уни одамларга еткизишга буюрган пайғамбар. Одамлар Нуҳ алайҳиссаломдан олдин ягона дин вакиллари эдилар. Шу боис расулга муҳтож бўлмадилар. Кейинчалик одамлар кўпайишиб, ўзаро динда ихтилоф қила бошладилар ва улар пайғамбар юборилишига муҳтож бўлдилар. Шу вақтдан эътиборан Аллоҳ таоло одамларга расулларни юборди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Одамлар бир миллат – дин вакиллари эдилар.  Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач),  Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларини юборди ва уларга қўшиб одамлар орасида чиққан тортишувларга ҳакам бўлсин,  деб Ҳақ китобни (Таврот ва  Инжилни) нозил қилди” [Бақара: 213]. Демак, расуллар одамлар ихтилофлашган пайтда улар ўртасида ҳақ билан ҳукм чиқариш учун юборилганлар. Расулларнинг аввалгиси Нуҳ алайҳиссалом бўлса, охиргиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Демак, албатта Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг Расули ва хотамул-анбиё, яъни пайғамбарларнинг охиргиси деб иймон келтиришимиз шарт.

Юқоридаги гапимиздан маълум бўладики, муаррихларнинг “Нуҳ алайҳиссаломдан илгари ҳам бир ёки бир-неча расуллар ўтган”, деган сўзлари нотўғридир. Зеро, Нуҳ алайҳиссаломдан олдин расул ўтмаган. Бунга далил Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги сўзидир: “(Эй Муҳаммад),  албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик” [Нисо: 163], “Қасамки,  Биз Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилиб юбордик ҳамда пайғамбарлик ва Китобни (яъни  Таврот,  Инжил,  Забур ва Қуръонни) ҳам икковининг зурриётларига (ато) қилдик” [Ҳадид: 26].

Нуҳ алайҳиссаломдан олдин расул ўтмаганига далолат қилувчи ҳадисларга келсак, маҳшаргоҳдаги шафоат хусусида келган ҳадисда айтилишича, одамлар Нуҳ алайҳиссаломнинг ҳузурига боришиб: “Сиз Аллоҳ ер аҳолисига юборган дастлабки Расулсиз[1], дея мурожаат қиладилар. Демак, бизнинг эътиқодимизда, Нуҳ алайҳиссалом энг биринчи расул, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса энг охирги расулдир. Кимда ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбарликни даъво қилса, у кофирдир. Бунга Аллоҳ таолонинг: “Балки у (яъни Муҳаммад алайҳиссалом) Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг сўнггисидир” [Аҳзоб: 40], деган сўзи далил бўлади. Эътибор берган бўлсангиз, Оятда Аллоҳ таоло “расулларнинг сўнггисидир” демасдан, “набийларнинг сўнггисидир”, деди. Чунки набийларнинг сўнггиси дегани, ўз-ўзидан расулларнинг ҳам сўнггиси дегани. Зеро, набийлик тугаши билан расуллик ҳам ниҳоясига етади.

“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Расули” деб гувоҳлик беришдан бир қанча хулосалар келиб чиқади. Жумладан:

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам берган барча хабарларда у зотни тасдиқлаш. Яъни, инсонда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хабарларини тасдиқлашда ҳеч қандай иккиланиш бўлмаслиги керак. Балки у зотнинг хабарларини тасдиқлаш инсон ўзи нутқ қилган сўзини тасдиқлашидан ҳам кучлироқ бўлиши лозим. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта у (яъни сизларга ваъда қилинаётган барча нарса) худди сизларнинг сўзлашингиз каби ҳаққи-ростдир!” [Зориёт: 23]. Инсон ўзи сўзлаган сўзида шак қилмаганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган сўзларда ҳам шак-шубҳа қилмаймиз ва унинг ҳақлигини биламиз. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бизнинг орамизда “санад” (ҳадисни бизга нақл қилган ровийлар силсиласи) деб аталмиш бепоён “чўл-биёбон” бор. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизда эмаслар. Лекин ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлса, уни қосир ақлимиз англаб етиш ёки етмаслигидан қатъий назар, ҳадисни тасдиқлашимиз вожибдир. Негаки, баъзан шундай ҳадислар келадики, уни маъносини англаб етамиз, бироқ тасаввуримизга сиғмайди. Мана шундай пайтларда модомики ҳадис собит бўлса уни тасдиқлаш вожибдир.

2) Ҳеч иккиланмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрига бўйсуниш. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳ ва Расулининг ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан (истаганини) ихтиёр қилиш жоиз эмасдир” [Аҳзоб: 36]. Шуни айтиб ўтиш ўринлики, айрим одамларга Аллоҳ ва Расулининг бўйруғи етса “Бу бўйруқ мустаҳабми ёки вожибми?” дея суриштира бошлайди. Бугунги кунимизда бундай одамлар кўп учрайдилар. Бу каби савол сўраш хатодир. Чунки саҳобалар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни бирон ишга буюрсалар “Эй Расулуллоҳ, бу бўйруқ вожиб бўйруқми ёки мустаҳабми?”, деб сўрамас эдилар. Балки дарҳол бўйруққа бўйсунишар, бу каби саволларни сўрамасдан, у зотни тасдиқлаб кетаверар эдилар. Биз ундай кишиларга айтамиз: “Эй биродар, сўраманг, бўйруққа бўйсунинг! Ахир сиз “Муҳаммад Аллоҳнинг Расули”, деб гувоҳлик бергансиз. Шундай экан, у зотнинг бўйруғини бажаринг!”.

Аммо инсонда бир масала пайдо бўлса-ю, мазкур масалада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрига  хилоф иш қилиб қўйса, у ҳолда амрнинг вожиб ёки вожиб эмаслиги тўғрисида сўраши ҳақлидир. Негаки, бу ҳолатда амр вожиб бўлса, унга хилоф иш тутгани туфайли тавба қилиши вожибдир. Борди-ю, амр вожиб бўлмаса, у ҳолда иш осон, хатарли эмас.

3) Ҳеч иккиланмасдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган ишлардан четланиш лозим. Инсон  у зот қайтарган бирон иш тўғрисида “Бу иш Қуръонда мавжуд эмас” деб, адашиб кетишдан эҳтиёт бўлиши керак.  Негаки, суннатда нима иш келган бўлса, Қуръонда унга эргашишга буюрилган. Қолаверса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бу иш Қуръонда мавжуд эмас” дейдиган кишилардан огоҳлантириб шундай деганлар: “Мен биронтангизни диванига (мутакаббирона) ўтириб олиб, унга мен тарафимдан (ёки менинг суннатимдан) бирон иш келса-ю, у бўлса “Мен (пайғамбарнинг гапини) билмайман, Аллоҳнинг китоби (Қуръон)да борига эргашамиз”, деганини кўрмайин[2]. Яъни, у мазкур иш Қуръонда мавжуд бўлмаса эргашмаймиз, демасин. Ҳолбуки, бизнинг эътиқодимизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган барча ишлар Қуръонда мавжуддир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда: “Унга (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга) эргашинглар” [Аъроф: 158], деган. Қуръондаги ушбу бўйруқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча суннатларини ўз ичига олади.

4) Ҳеч бир инсоннинг сўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзидан устун қўймаслик. Шунга биноан, мусулмон уламолардан биронтасининг сўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзидан олдинга қўйиш жоиз эмас. Негаки, сиз ҳам, ислом пешвоси бўлган имом ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишингиз вожиб.  Баъзи инсонлар билан бирон масала устида баҳслашиб қолиб, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деганлар”, деб ҳадис айтсангиз, у “Бироқ фалончи имом мана бундай деган”, дея ҳадисга имомнинг гапини қарши қўяди. Бу қандай журъат, нечоғлик ачинарли ҳолат! Ахир ким бўлса бўлсин, ҳеч бир инсоннинг гапи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларига қарши чиқиш жоиз эмас. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай дегани ривоят қилинади: “Устингизга осмондан тош ёғилмасайди! Мен “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар” десам, сизлар “Абу Бакр ва Умар айтди”, дейсизлар-а!”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари баён қилинганда талашиб-тортишган одам тилга олган имом Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг олдида ким бўлибди, ахир?!

5) Аллоҳнинг динида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келмаган ишлар – бидъатларни пайдо қилмаслик. Пайдо қилинган бидъатлар эътиқодми, сўзми ёки бошқа аъзолар билан бажариладиган хатти-ҳаракатлар бўладими, фарқи йўқ. Шунга кўра, ҳар қандай бидъатчи чинакамига “Муҳаммад Аллоҳнинг Расули” деб гувоҳлик бермаган бўлади. Негаки, улар динда йўқ ишларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларига қўшимча қиладилар ва бу билан у зотнинг ҳурматини қилмаган саналадилар.

6) Бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга оид бидъатларни пайдо қилмаслик. Шунга кўра, мавлиди набавийни нишонлайдиган кимсалар ҳам “Муҳаммад Аллоҳнинг Расули” деган гувоҳликни рўёбга чиқармаган инсонлардир. Зеро, бу шаҳодатга садоқат, у зотнинг шариатига бирон нарсани қўшимча қилмасликда акс этади.

7) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рубубиятга мутлақо дахли йўқ деб эътиқод қилиш. Яъни, ҳожатларнинг раво бўлишини сўраб у зотга дуо қилмаслик, фақат тириклик пайтида ва қодир бўлган ишларидан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мадад сўрамаслик керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ишларга қодир бўлмай, балки у зот Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Айтинг:  “Мен ўзим учун ҳам на фойда ва на зиён етказишга моликман.  Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур” [Аъроф: 188]. Шундан биламизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳожатини сўраб, у зотга дуо қиладиган инсонлар динда адашган ва ақл-ҳушини йўқотган кишилардир. Ахир у зот ўзларига бирон манфаат ёки зиён еткизишга молик бўлмасалар, қандай қилиб ўзгаларга манфаат бера олсинлар?!  Шу боис Аллоҳ таоло у зотга буюриб шундай деди: “Айтинг:  “Албатта мен сизларга на бир зиён ва на бир тўғри йўл беришга эга эмасдирман,  (тўғри йўлга солгувчи ҳам,  зиён етказа олгувчи ҳам ёлғиз Аллоҳдир).   Айтинг:  “Албатта мени Аллоҳ(нинг азоби)дан (агар У зотга осийлик қилсам),  бирон кимса ҳимоя қила олмас ва мен У зотдан ўзга паноҳ ҳам топа олмасман” [Жин: 21-22]. Шундай экан, бирон кимса бошига тушган кулфатдан қутқаришини сўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илтижо қилиши очиқ-ойдин залолат, балки бу ширкдир. Айтайлик, бирон ғам-ғуссага ботган киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига келиб, “Эй Расулуллоҳ, менинг бошимга мусибат тушди, менга ёрдам беринг”, деса, диндан чиқарадиган катта ширк амални қилган бўлади. Негаки, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳожатини раво қилишини сўраб дуо қиляпти. Умуман олганда, оламдан ўтган кишидан мадад сўраб ёки бошига тушган кулфатни артишини сўраб дуо қилиш ширкдир. Чунки у бу ишга қодир эмас. Ўлган одамнинг руҳи қабрдаги танаси билан боғланиб турсада, бироқ ўлик одам қуруқ танадан иборат. Албатта бу дегани, унинг қабрда дунёдаги ҳаётдан фарқли ўлароқ, барзах ҳаётини бошидан кечиришига зид келмайди.

8) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини эҳтиром қилиш. У зотнинг сўзлари – ҳадисларни нолойиқ жойларга қўймаслик лозим. Чунки бундай қилиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ҳурматсизликнинг бир кўринишидир. Шунингдек, у зотнинг қабрлари олдида баланд овозда гапиришлик ҳам  ҳурматсизлик саналади. Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Тоифдан келган икки кишининг Масжиди Набавийда баланд овозда гаплашаётганини эшитиб, шундай деди: “Тоиф аҳлидан бўлмаганларингда боплаб адабингларни берган бўладим![3]. Бунга сабаб, Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар,  (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар!” [Ҳужурот: 2], деган.

Собит ибн Қайс баланд овозли саҳобийлардан эди. Ушбу оят нозил бўлгач, қилган амалларим беҳуда кетди деб ўйлаб, уйидан чиқмай кечаю-кундуз йиғлади. Ҳа, улар Қуръони Каримнинг қадрини яхши билган инсонлар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Собитни йўқлаб, суриштирдилар. У зот ана шундай асҳобларига ғамхўр ва меҳрибон, уларнинг ҳолидан хабар олиб турар эдилар. Саҳобалар Собитнинг мазкур оят нозил бўлганидан буён уйидан чиқмай, кечаю-кундуз йиғлаб ўтирганини айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақириб келишга буюрдилар. Собит у зотнинг олдига келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: “Сени нима йиғлатяпти, эй Собит?”, деб сўрадилар. Собит деди: “Мен баланд овозлиман. Ушбу оят мен тўғримда нозил бўлмаганмикин, деб хавотирдаман”. Чунки оятда   “(токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун”, дейилган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қарата: “Мақтовга сазовор бўлиб яшашга, шаҳид ҳолингда қатл қилинишга ва жаннатга киритилишга рози бўлсангчи[4] – дедилар. Буни қарангки, Аллоҳдан қўрққан ҳар бир бандага оқибат хотиржамлик насиб қилади. Собит уйида Аллоҳдан қўрқиб ўтирган эди, Аллоҳ уни хотиржам қилди. Мазкур ҳадисга биноан, Собит ибн Қайсни жаннат аҳлидан деб эътиқод қилишимиз вожиб бўлади. Собит ибн Қайс чиндан ҳам ҳаётда мақтовга сазовор ишлар қилди, мусулмонлар билан Мусайлиматул Каззобга қарши жангларда иштирок этиб шаҳид бўлди. Бу жанг тарихдан барчамизга маълум ва машҳур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Собит ибн Қайсга берган сўнг башорат – жаннатга киритилиши қолди ва қиёматда унга ҳам киради. Э оламлар Раббиси, барчамизни жаннат аҳлидан қилгин!

Шунингдек, Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳунинг қиссасида ажойиб бир воқеа рўй берган эди. Аскарлардан бири эгнида сифатли совут кийган ҳолда ўлик ётган Собит розияллоҳу анҳунинг ёнидан ўтаётиб, унинг совутини ечиб олади-да, уни юклари турган жойга олиб бориб, устига сополдан ясалган бир қозонни тўнкариб қўяди. Кечаси Собит розияллоҳу анҳунинг ўртоқларидан бири уни тушида кўради ва Собит унга бўлган воқеани ҳикоя қилиб бериб шундай дейди: “Ёнимдан аскарлардан бири ўтаётиб, эгнимдаги совутни ечиб олди ва уни лашкаргоҳнинг бир четидаги сопол қозоннинг остига бекитиб қўйди. Унинг атрофида бир оёғини кўтариб турган от бор”. Тонгда туш кўрган одам тушини қўмондон Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга айтиб берди. Холиб ибн Валид уни айтилган жойга юборди. Во ажаб, Собитнинг ўртоғи бориб қараса, ҳолат айнан у айтганидек чиқди. Шаҳид бўлиб ўлган Собитга буни ким билдирди деб ўйлайсиз?! Ҳа, солиҳ туш нубувват (пайғамбарлик)нинг қирқ олтидан бири, деб беҳуда айтилмаган!

Шунингдек, Собит розияллоҳу анҳу ўлимидан сўнг васият қилади. Ушбу васият Абу Бакр розияллоҳу анҳуга етказилгач, у васиятни амалга оширади[5]. Айтишларича, Собит розияллоҳу анҳудан бошқа бирон кишининг ўлимидан кейин қилган васияти амалга оширилмаган. Бироқ бу воқеадан “тушга таяниб васиятни ижро қилиш мумкинми?”, деган масала туғилади.

Масаланинг жавоби шуки, агар далил-исботлар тушнинг ростлигини кўрсатса, васият ижро этилади, бунда бирон муаммо йўқ. Дарҳақиқат, мен ишонган бир кишининг айтиб беришича, унинг отаси вафот этади. Бола-чақаси билан яшаб турган уйни фалон йилга ижара олган экан. Отаси вафотидан кейин уй эгаси келиб, улардан уйни бўшатиб қўйишни талаб қилган. Улар: “Отамиз билан сизнинг ўртангизда ҳануз тугамаган ижара шартномаси бор” – дейишган. Уй эгаси шартнома аллақачон тугаганини айтиб, уйни бўшатишни талаб қилган. Ижарачилар уй эгасининг бу даъвосидан қаттиқ ташвишга тушиб қоладилар. Ўғилнинг айтишича, кечаси тушида отасини кўради. Отаси улар ўтирган давранинг бир чеккасида кўриниб шундай дермиш: “Ижара шартномаси дафтарнинг биринчи бетида турибди. Фақат у дафтар муқовасига ёпишиб қолган”. Тонгда уйғониб, дафтарнинг биринчи бетини очса шартнома турганмиш!

Субҳаналлоҳ! Аллоҳ таоло баъзи ўликларга оиласида юз берган айрим ишларни хабар берар экан. Бироқ бундай масалаларни ҳар ким ҳам ҳал қилавериши жоиз эмас.

[1] Бухорий (3162) ва Муслим (194) ривоят қилишган.

[2] Абу Довуд (4605), Термизий (2663) ва Ибн Можа (13) ривоят қилганлар.

[3] Бухорий ривояти, “Намоз китоби”, “Масжидда баланд овозда гапириш ҳақидаги боб” (458).

[4] Ибн Абуд Дунё “Макоримул ахлоқ”да (1\21, 14-ҳадис), Ибн Ҳиббон “Саҳиҳи”да (16\ 126, 5034-ҳадис), Табароний “Мўъжамул кабир”да (2\68, 1316-ҳадис), Ибн Муборак “Жиҳод”да (1\103, 123-ҳадис) ва Табароний “Мўъжамул-авсат”да (1\18, 42-ҳадис) ривоят қилишган.

[5] Табароний “Мўъжамул кабир”да (1307) ва Ҳоким “Мустадрак”да (3\ 235) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг