Туманли тарих (12): Абу Бакр халифалиги даврида бўлиб ўтган муҳим ҳодисалар (3)

0

Баҳрайн аҳлининг диндан қайтиши

Баҳрайн аҳли диндан қайтди ва ўзларига Мунзир ибн Нўъмонни подшо қилиб сайлашди. «Агар Муҳаммад ҳақиқий пайғамбар бўлганида ўлмас эди!» деган даъво билан фитналаниб муртадлик йўлини тутишди. Фақат Жувосо номли қишлоқ аҳлигина Исломда собит қолишди. Улар ридда аҳли орасида жума намозини адо этган биринчи қавм эдилар.

Муртадлар Жувосо қишлоғини қамал қилдилар. Ичкарида қаттиқ очарчилик бошланди. Улардан Абдуллоҳ ибн Ҳазаф шундай дерди:

Абу Бакр ва Мадина мардлари,
Бизнинг хабар сизга бориб етдими?
Қамалдадир Жувосонинг фардлари,
Карим қавм ёдингиздан кетдими?!

Дала-даштда сочилгандек қонларимиз,
Қуёш тиғи остидадир жонларимиз.
Раҳмон учун лозим тутдик муножотни,
Фақат шунда кўрдик бизлар чин нажотни.

Жувосо аҳлидан Жоруд ибн Муалло нутқ сўзлаб қавмига хитоб қилди:

– Эй Абдулқайс жамоати, сизлардан бир нарса ҳақида сўрайман. Билсангиз жавоб беринг, билмасангиз жавоб берманг.

– Сўрайвер, дейишди унга.

– Муҳаммаддан олдин ҳам Аллоҳнинг пайғамбарлари бўлганини биласизларми?

 – Ҳа.

– Аниқ биласизларми ёки шундай деб ўйлайсизларми?

– Аниқ биламиз.

– Уларга нима бўлган?

– Вафот этишган.

– Муҳаммад ҳам худди улардек вафот этди. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг расулидир!

– Биз ҳам гувоҳлик берамизки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг расулидир. Сен эса бизнинг афзалимиз ва саййидимизсан!

Қишлоқ аҳли Исломда собит турди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу Баҳрайн аҳлига қарши Ало ибн Ҳазрамий бошчилигида қўшин жўнатди. Уларга Сумома ибн Усол келиб қўшилди. Ислом лашкари муртадлар қўшини қаршисида қўр тўкди. Улар ҳам рўбарў қароргоҳ тикдилар. Кечаси Ало ибн Ҳазрамий душман қароргоҳи томондан шовқин-сурон эшитди.

– Ким бориб нима гаплигини билиб келади? – деб сўради. Бир киши душман орасига кирди. Муртадлар маст-аласт бўлиб, буткул эс-ҳушларини йўқотган экан. Бундан хабар топган Ало ибн Ҳазрамий дарҳол қўшинни оёққа турғазиб, ҳужумга ўтди. Муртадларнинг бир ҳовучи қочиб қутилди, холос. Қолганлари қилич тиғидан ўтказилди[1].

Холид ибн Валиднинг Ироққа жўнатилиши (Зотус салосил юриши)[2]

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудан Ироққа юриш тўғрисида буйруқ олган Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу йўлга тушди. Ҳурмуз мусулмонларга қарши улкан қўшин тўплаган эди. Холид разияллоҳу анҳу ўз қўшини билан Козима[3] деган жойда душманга рўбарў бўлди. Сайфуллоҳ отдан тушиб, Ҳурмузнинг қаршисига чиқди. Ҳар иккиси бир-бирига зарба туширди. Бир пайт Холид рақибини маҳкам қисиб ушлаб олди. Буни кўриб, Ҳурмузнинг қўриқчилари ёрдамга ошиқишди. Қаъқоъ ибн Амр уларга ҳамла қилиб, тинчитди. Форслар мағлубиятга учради. Мусулмонлар уларни қоронғи тушгунча таъқиб қилиб, қурол-яроғ ва озуқаларини ўлжа олдилар[4].

Шом ғазоти

Абу Бакр разияллоҳу анҳу Арабистон ярим оролида тартиб ўрнатгач, ўнг қўлини Ироқ томон чўзди: Холид ибн Валид разияллоҳу анҳуни у ерга жўнатди. Амр ибн Ос разияллоҳу анҳуга эса бундай мактуб ёзди: «Эй Абу Абдуллоҳ, мен сени ҳаётинг ва охиратинг учун энг яхши ишга жалб қилмоқчиман. Борди-ю, ўзинг машғул бўлган иш сен учун суюклироқ бўлса, ўрнингда қолаверасан» Амр ибн Ос жавоб йўллади: «Мен Исломнинг камон ўқларидан бириман. Сиз эса уларни отувчи ва тўпловчи Аллоҳнинг қулисиз! Сиз энг қаттиқ ва қўрқинчлисини танланг-да, мени уларнинг ўртасига отинг!»

Абу Бакр разияллоҳу анҳу байроқлар тикиб, амирлар тайинлашга киришди.

  1. Язид ибн Абу Суфён. Ислом лашкарининг катта қисми унинг қўлида эди. Халифа уни Дамашқ сари йўллади.

  2. Абу Убайда ибн Жарроҳни Ҳимсга юборди.

  3. Амр ибн Осни Фаластинга юборди.

Сўнг Шураҳбил ибн Ҳасана билан Икрима ибн Абу Жаҳл қўшинини Язидга мадад сифатида жўнатди.

Ярмук жангида иштирок этган кибор саҳобалар:

Абу Убайда ибн Жарроҳ, Зубайр ибн Аввом, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Дардо, Абу Ҳурайра, Шураҳбил ибн Ҳасана, Амр ибн Ос, Абу Суфён ибн Ҳарб, Язид ибн Абу Суфён ва Икрима ибн Абу Жаҳл.

Ярмук жанги

Ислом лашкарининг сони 27 минг, насронийлар лашкари 120 минг кишидан иборат эди. Амирлар Абу Бакр разияллоҳу анҳуга вазиятнинг қалтислиги ҳақида мактуб ёзиб, мадад сўрадилар.

– Ҳаммангиз бирлашиб, бир ёқадан бош чиқаринг! – деб буюрди Сиддиқ. – Сизлар Аллоҳнинг ёрдамчиларисиз. Аллоҳ ўз ёрдамчиларига нусрат беради. Куфр келтирган кимсаларни эса ёрдамсиз қолдиради. Сиз кабиларга кам сонли бўлиш зиён етказмайди. Сиз гуноҳлар сабабли панд еб қоласизлар. Гуноҳлардан эҳтиёт бўлинглар!

Абу Бакр разияллоҳу анҳу «Насронийларни шайтон васвасаларидан Холид ибн Валид билан машғул қиламан», деди-да, Сайфуллоҳга Шомга етиб боришни буюрди. Шомдаги барча қўшинларга Аллоҳнинг қиличи – Холид амир этиб тайинланди. У ўз ўрнига Мусанно ибн Ҳорисани қолдириб, тўққиз ярим минглик қўшин билан тезда Шомга йўл олди. Манзилга эртароқ етиш учун ҳеч ким юрмаган йўллардан юрди. Чўл-биёбон, водий ва бир қанча нотаниш ерлардан ўтди. Нофеъ ибн Умайра Тоий унинг йўл бошловчиси эди.

Холид танлаган йўлда сув топиш анча мушкул эди. Шу боис, сувлари тамом бўлгач туяларни сўйишди. Туяларнинг қорнидаги суюқлик билан отларни суғориб, беш кунда манзилга етиб олдилар. Йўлга тушишларидан олдин бир саҳройи араб Холид разияллоҳу анҳуга шундай деган эди:

– Агар сен фалон дарахтга фалон куни эрталаб етиб борсанг, ўзинг ҳам, йўлдошларинг ҳам омон қоласиз. Акс ҳолда, барчангиз ҳалок бўласиз.

Ислом лашкари айтилган куни айтилган дарахт ёнига етиб келди.

– Тонг палласи тунда юриш олқишланади! – деди Холид ва бу сўз зарбулмасал бўлиб қолди.

Араб насронийларидан бир кимса саҳобаларни кузатиб – жосуслик қилиб юриб, қавмига келиб деди: «Кечалари роҳиб, кундузлари чавандоз бўлган одамларни учратдим. Аллоҳга қасамки, улар подшоҳларининг ўғли ўғирлик қилса ҳам, унинг қўлини албатта кесишади. Зино қилиб қўйса, тошбўрон қилишади».

Рум лашкарининг қўмондони бундай таърифни эшитгач, шундай деди:

– Аллоҳга қасамки, агар сўзларинг рост бўлса, биз учун ернинг устидан ости яхшироқ бўлиб қолибди.

Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу Ироққа етиб келганида араб насронийларидан бир киши уни учратиб: «Румликлар нақадар кўп, мусулмонлар нақадар оз», деди.

– Ҳой қуриб кетгур, – деди Холид, – Сен мени румликлар билан қўрқитмоқчимисан?! Қўшинлар сонига қараб эмас, ғалабасига қараб кўп, мағлубиятига қараб оз саналади. Аллоҳга қасамки, қанийди тулпорим Ашқар касалидан тузалса ва улар бундан ҳам кўп бўлсалар!

Рум саркардаси Моҳон Холид ибн Валид билан юзма-юз учрашишни хоҳлади. Холид чиқиб келди.

Моҳон деди: «Сизларни юртингиздан олиб чиққан нарса очарчилик ва қийинчилик эканини яхши биламиз. Келинглар, ҳар бирингизга ўн динордан пул, кийим ва егулик берайин, юртингизга қайтиб кетинглар. Келаси йили яна шунча нарсани ўзимиз сизларга жўнатиб юборамиз».

Холид деди: «Бизни сен айтган нарса юртимиздан олиб чиққани йўқ! Гап шундаки, биз қон ичишни яхши кўрамиз. Дунёда румликларнинг қонидан ширинроқ қон йўқ деган гапни эшитиб, юртингизга келдик».

Шундан сўнг жанг бошланди. Ботирлар майдонга тушиб, жанг қизигандан қизиди. Румликлар хочларини кўтариб, момоқалдироқдек гулдураган товушлар солиб жангга кирдилар. Яхши қуролланган ва кўп сонли бу қўшинни руҳонийлари олға юришга чақирар эди. Мусулмонлар душманга бир жону бир тан бўлиб ташландилар. Румликлар пароканда бўлиб қочишга тушдилар. Жанг Ислом лашкарининг тўлиқ ғалабаси билан ўз ниҳоясига етди.

Мардлик намунаси

Ярмук куни Икрима ибн Абу Жаҳл разияллоҳу анҳу: «Мен кўп жангларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши урушганман. Энди бугун сизлардан қочаманми?!» деди ва мусулмонларга шундай мурожаат қилди:

– Ким ўлимга (қадар собит туриб жанг қилишга) аҳд-паймон қилади?

Икриманинг амакиси Ҳорис ибн Ҳишом, Зирор ибн Азвор ва яна тўрт юзга яқин баҳодир жангчилар у билан ўлимга аҳд-паймон қилишди. Уларнинг кўпчилиги жангдан тирик чиқмади.

Муаррихлар ёзишича, улар оғир яраланиб ётиб қолганларида сув сўраганлар, бироқ сув олиб келинганида ичмасдан, ярадор ётган биродарига сувни беришга буюрганлар. Ҳар бири ўзи ичмасдан шеригига сувни жўнатиб, бирорталари сув ичмасдан жон таслим қилганлар[5]. Мусулмонлар Юҳанно черковини эгаллаб, унинг ярмини масжид қилиб қўйишди. Иккинчи ярмини черков сифатида қолдиришди. Бу масжид ҳозирда Дамашқ жоме масжиди деб аталади.

[1] Қаранг: «Тарих ат-Табарий» – Баҳрайн аҳли хабарлари ёди; «Ал-бидоя ван-ниҳоя», ҳижрий 11 йил воқеалари, Баҳрайн аҳлининг муртад бўлиши.
[2] Бу жангда сон-саноқсиз Форс чавандозлари кишанлангани сабабли «Зотус салосил» деб ном олган («Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/349). У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бўлиб ўтган «Зотус салосил»дан бошқа жангдир.
[3] Козима – ҳозирги Кувайт давлати ҳудудидаги жой.
[4] «Тарих ат-Табарий», ҳижрий 12 йил воқеалари; «Ал-бидоя ван-ниҳоя», ҳижрий 12 йил воқеалари.
[5] «Тарих ат-Табарий», ҳижрий 13 йил воқеалари; «Ал-бидоя ван-ниҳоя», ҳижрий 13 йил воқеалари.

Изоҳ қолдиринг