Қафасда қуш боқиш ҳақида

0

Қафасда қуш боқиш ҳақида

Савол: Қушларни қафасда сақлаш жоизми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Овқат ва сув билан таъминлаш шарти билан зеб-зийнатга яроқли қушларни чиройи ва овозидан баҳраманд бўлиш мақсадида қафасда сақлаш жоиздир. “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да ривоят қилишларича,  Анас ибн Моликнинг она бир укаси бор бўлиб, унинг исми Абу Умайр эди. Унинг “Нуғайр” исмли бир қуши бор эди. Кунларнинг бирида бу қуш ўлиб қолади ва Абу Умайр бундан қаттиқ хафа бўлади. Воқеадан хабар топган Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қарата: “Эй Абу Умайр, “Нуғайр”га нима бўлди?”, деб ҳол-аҳвол сўраб, унинг кўнглини кўтарадилар (“Нуғайр” – чумчуққа ўхшаш кичкина қушчанинг номи. Баъзилар уни булбул дейишган) (Бухорий (577) ва Муслим (2150) ривояти).

Мазкур ҳадис қафасда қуш сақлаш жоизлигига далил бўлади, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Умайрни қуш боқишдан қайтармадилар[1].

“Болалар ўйнаши учун қафасда қуш сақлаш жоизми?”, деган саволга Шайх Абдулазиз ибн Боз роҳимаҳуллоҳ қуйидагича жавоб берганлар:

“Қушнинг овқати ва сувини таъминлаб қўйиб, уни қафасда сақлашнинг зарари йўқ. Негаки, бундай ишлар аслида ҳалолдир. Билишимизча, буни ман қиладиган бирон далил келмаган, тавфиқ эгаси Аллоҳдир!” (“Фатволар”, 1793-бет).

Саудия Доимий Фатво Қўмитаси уламолари эса бу саволга қуйидаги жавобни берганлар:

Тўти, булбул ва турли зеб-зийнат бўладиган қушларни овози учун сотиб олиш жоиздир, чунки уларнинг чиройи ва овозидан фойдаланиш мубоҳ амаллардандир. Шариатда бундай жонзотларга эгалик қилиш ва сотиб олиш ҳаромлиги ҳақида далил келмаган. Аксинча, агар овқати, суви ва бошқа лозим нарсалар билан таъминлаб қўйилса, у ҳолда қушларни қафасда сақлаш жоизлигига далил бор. Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг хулқи гўзали эдилар. Менинг Абу Умайр исмли  кўкракдан ажратилган укам бор эди. Унинг бир қуши бўлиб, у билан ўйнар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб қолсалар: “Эй Абу Умайр, “Нуғайр” нима қилди”, деб ҳазиллашиб қўярдилар…”.

Ҳофиз Ибн Ҳажар ўзининг “Фатҳул Борий” номли китобида ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларни санар экан, жумладан, шундай деган:

“Бу ҳадисда болаларнинг қушлар билан ўйнаши ва ота-оналар фарзандларини мубоҳ ўйинлар билан ўйнатишларининг жоизлиги, динда рухсат этилган болаларни қувонтирадиган ўйинчоқларга пул сарфлаш ва қушларни қафасда сақлашнинг жоизлигига далил бор. Бундан ташқари учиб кетмаслиги учун қушнинг қанотини озгина кесиб қўйишнинг жоизлигига ҳам далил бор, чунки Абу Умайр қушини  учиб кетмаслиги учун ё қанотини озгина кесиб қўйиш орқали ё қафасда сақлаш орқали ушлаб турган. Қайси йўл билан ушлаган  тақдирда ҳам қушни сақлаш жоизлиги келиб чиқади”.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Бир аёл мушук сабабли дўзахга кирди. Уни қамаб унга овқат ҳам,  сув ҳам бермади ва ердаги ҳашаротларни ейишига ҳам йўл қўймади” (Бухорий, 3071).

Демак, қамаб овқат билан таъминлаб боқиш мушукда жоиз бўлса, қуш ва бошқа хайвонларда ҳам жоиз бўлади.

Аммо баъзи уламолар қушни боқиш учун қафасда сақлашни макруҳ деганлар, ҳатто баъзилари  умуман дурустмас дейишган. Уларнинг айтишича, қушнинг чиройи ва овозига инсоннинг эҳтиёжи йўқ, балки бу тўқликка шўхлик, енгил ҳаётдан келиб чиққан ёмон ишлардандир. Шу билан бирга бу бемулоҳазалик ҳамдир, чунки бу инсон учишни соғинганидан, кенг осмонда учиш ҳаққидан маҳрум бўлиб, эзилаётгани учун сайраётган жониворнинг овозидан завқланаётган ҳисобланади[2].

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қафасда қуш боқиш жоиз. Бироқ шундай бўлсада, уламоларнинг бу хусусдаги ихтилофларини инобатга олиб, имкон қадар бу ишни қилмаган афзалдир, валлоҳу аълам.

[1] Қаранг: “Фатҳул Борий” (10/548 бет).

[2] Қаранг: Мирдовийнинг “Ал-фуруъ ва тасҳиҳуҳ”  (9/4) ва “Ал-инсоф” (275/4) китоблари, “Саудия Доимий Фатво Қўмитаси” фатволари (13/38-40).

Изоҳ қолдиринг