Қабр эгасига атаб жонлиқ сўйиш (1)

0

315. Қабр эгасига атаб жонлиқ сўйиш

Қабрда ётган маййитга атаб жонлиқ сўйиш жоҳилият бутпарастлиги ва кишини Ислом динидан чиқарадиган катта ширкдир. Бу ишни қилган одам лаънатланган кимса экани тўғрисида очиқ далиллар келган. Чунки жонлиқ сўйиш ибодатдир. Ибодат эса фақат якка Аллоҳга бўлиши керак. Уни Аллоҳдан ўзгага қилган одам мушрик бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Менинг намозим ҳам, жонлиқ бўғизлашим ҳам, ҳаётим ҳам, мамотим ҳам бутун оламлар Рабби Аллоҳ таоло учундир. Унинг шериги йўқдир. Мен мана шундай (холис тавҳидга) буюрилдим. Мен (ушбу уммат ичидан Аллоҳга) бўйсунувчиларнинг аввалидирман» (Анъом, 162-163). Бошқа оятда: «Раббингиз учун холис намоз ўқинг ва жонлиқ сўйиб қурбонлиқ қилинг!» (Кавсар, 2) дейди.

Омир ибн Восила раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: «Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг ҳузурида эдим, бир киши келиб, унга: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизга нималарни сир қилиб айтганлар?” деди. Алининг жаҳли чиқиб, “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга одамлардан яшириб ҳеч нарса айтмаганлар. Лекин у зот менга тўрт нарсани айтганлар”, деди. Шунда у: “Эй мўминларнинг амири! Улар нималар эди?” деди. Али разияллоҳу анҳу деди: “У зот: «Отасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатласин. Аллоҳдан бошқага атаб қурбонлик қилганни Аллоҳ лаънатласин, бидъатчига бошпана берганни Аллоҳ лаънатласин, ер белгисини ўзгартирганни ҳам Аллоҳ лаънатласин», деганлар”»[1].

Ториқ ибн Шиҳоб Сулаймондан ривоят қилади: «Бир киши битта пашша сабабли жаннатга кирди. Бошқа бири битта пашша сабабли дўзахга кирди». Саҳобалар: «Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ?» деб сўрадилар. Шунда у зот бундай деб жавоб бердилар: «Икки киши бир қавмнинг олдидан ўтаётган эди. Қавмнинг бир бут-санами бор эди. Ўтган инсон албатта унга бирон қурбонлик аташи шарт эди. Шунда ҳалиги икки кишининг бирига дедилар: “(Мана бу санамимизга атаб) қурбонлик қил”. У: “Қурбонлик қилишга ҳеч вақом йўқ”, деб жавоб берди. “Битта пашша бўлса ҳам қурбонлик қил”, дейишган эди, бутларига атаб битта пашшани қурбонлик қилди. Шунда уни қўйиб юбордилар. Оқибатда у дўзахга кирди. Иккинчисига дедилар: “(Мана бу санамимизга атаб) қурбонлик қил”. У: “Ҳеч қачон Аллоҳдан бошқасига қурбонлик қилмайман”, деб жавоб берди. Шунда унинг бошини танасидан жудо қилишди. Оқибатда у жаннатга кирди»[2].

Барбаҳорий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таолонинг Китобидан бирор оятни рад этмагунча ёки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан бирортасини инкор қилмагунча ёки Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўймагунча ёки Аллоҳдан ўзгага атаб намоз ўқимагунча қибла аҳлидан ҳеч ким Исломдан чиқмайди. Агар мазкур ишлардан бирортасини қиладиган бўлса, сиз уни Исломдан чиққан деб ҳисоблашингиз вожиб бўлади»[3].

Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий Моликий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким шу ибодатлардан бири бўлган қурбонлик сўйишни Аллоҳдан ўзгага қилса, шубҳасиз, уни шу ибодатда Аллоҳга шерик қилган бўлади. Шерик қилинаётган кимса пайғамбар, фаришта, бино, дарахт, тош ёки булардан бошқа нарса бўладими, бари бир. Бу ишда солиҳ билан фосиқ ўртасида фарқ йўқ. Аллоҳ таоло буни Қуръонда шундай таъкидлайди: “Улардан бирортаси сизларни Аллоҳни қўйиб, фаришта ва пайғамбарларни илоҳ қилиб олишга буюриши мумкин эмас” (Оли Имрон, 80)»[4].

[1] Муслим ривояти, 1978-ҳадис.
[2] Имом Аҳмад «Зуҳд» китобида (22-бет) ривоят қилган. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1403 ҳ.й.
Алусий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1342 ҳ.) «Шарҳу масоил ал-жоҳилийя» китобида (125-бет) ҳадисни саҳиҳ деган («Ас-салафийя» нашриёти, 1347 ҳ.й., Муҳибиддин ал-Хатиб раҳбарлиги остида).
Шунингдек, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ «Мажмуъ ал-фатово»да (1/160) ҳадисни саҳиҳ санаган.
[3] Барбаҳорий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 329 ҳ.), «Шарҳ ас-сунна», 81-бет, 49-рақам. Муҳаққиқ: Холид Раддодий. «Мактабат ал-ғурабо ал-асарийя» нашри, биринчи нашр, 1414 ҳ.й.
[4] Шайх Аллома Муҳаммад Амин Шинқитий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1393 ҳ.), «Дафъу ийҳом ал-изтироб» («Азво ал-баён» давомида келтирилган), 10/104. Илмий тадқиқотлар ва фатволар бош бошқармаси 1403 ҳ.й.да нашр этган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг