Туманли тарих (14): Амирулмўминин Умар ибн Хаттоб қисқа сатрларда

0

Амирулмўминин Умар ибн Хаттоб

Насл-насаби:

Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулуззо ибн Риёҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қурт ибн Разоҳ ибн Адий ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр[1]. (Фиҳр – Қурайшнинг ҳақиқий исми.)

Хотинлари:

  • Зайнаб бинти Мазъун;

  • Мулайка бинти Жарвал;

  • Умму Ҳаким бинти Ҳорис;

  • Отика бинти Зайд;

  • Умму Кулсум бинти Али ибн Абу Толиб;

  • Жамила бинти Осим;

  • Қариба бинти Абу Умайя.

Фарзандлари:

Ўғиллари: тўнғич Зайд, кичик Зайд, Осим, Абдуллоҳ, тўнғич Абдураҳмон, ўртанча Абдураҳмон, кичик Абдураҳмон, Убайдуллоҳ ва Иёз.

Қизлари: Ҳафса, Руқайя, Зайнаб, Фотима.

Исломни қабул қилиши:

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу рисолатнинг олтинчи йили қирқ эркак ва ўн бир аёлдан кейин Исломни қабул қилди. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: “Умар Исломни қабул қилганидан кейин мудом азиз бўлдик”[2].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мулозимлиги

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: “Умар разияллоҳу анҳуни тўшакка ётқизишди. (Мажусий Абу Луълуа у зотга суиқасд қилган эди.) Амирулмўминин (жасади) кўтарилишидан олдин одамлар уни ўраб олишди. Ҳамма дуолар қиларди. Мен ҳам шу одамлар орасида эдим. Бир киши елкамдан ушлаб чўчитиб юборди. Қарасам, Али разияллоҳу анҳу турибди. У Умар разияллоҳу анҳуга раҳмат сўраб дуо қилди-да, сўнг шундай деди:

“Мен ҳавас қилиб, қанийди, шу одамнинг амалидек амаллар билан Аллоҳга рўбарў бўлсам, дейдиган сиздан яхшироқ ҳеч ким қолмади. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни икки соҳибингиз билан бирга қилади деб ўйлайман. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Мен, Абу Бакр ва Умар кетдик”, “Мен, Абу Бакр ва Умар кирдик”, “Мен, Абу Бакр ва Умар чиқдик” деганларини кўп маротаба эшитганман”[3].

Умарнинг фазилатлари

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлардан олдин ўтган умматларда (илоҳий илҳом билан) сўзлайдиганлар ўтган. Агар умматимдан битта шундай одам бўлса, у Умардир![4]

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдик. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Тушимда жаннатда эканман. Бир қаср ёнида бир аёл таҳорат олаётган экан.

– Бу қаср кимники? – деб сўрасам, Умарники, деб айтишди. Умарнинг рашкчилигини эслаб, ортимга қайтиб кетдим”.

Умар йиғлаб юборди.

– Эй Аллоҳнинг расули, сиздан рашк қиламанми?! – деди у”[5].

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр, Умар ва Усмон разияллоҳу анҳум билан Уҳуд тоғига чиқдилар. Тоғ титрай бошлади.

– Эй Уҳуд, собит-сокин бўл. Сенинг устингда Набий, сиддиқ ва икки шаҳид турибди, холос!” дедилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам”[6].

Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Тўғри айтингиз, эй Ибн Хаттоб! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, шайтон сизга бир йўлда йўлиқиб қолса, албатта (сиздан қўрққанидан) бошқа йўлга ўтиб кетади”[7].

Илҳомланган Умар

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтади: “Уч нарсада Раббимга мувофиқ келдим:

  • Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олайлик, эй Расулуллоҳ”, дедим. Аллоҳ таоло “Мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олинг[8] оятини нозил этди.

  • Ҳижоб ояти. “Эй Аллоҳнинг расули, аёлларингизга ҳижобни буюрсангиз. Ахир уларга яхши ҳам, ёмон ҳам гапиради”, дедим. Аллоҳ таоло ҳижоб оятини нозил этди.

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қизғаниб Пайғамбаримизнинг аёллари жамланишди. “Эҳтимол Парвардигори – агар у сизларни талоқ қилса – унга сизлардан яхшироқ жуфтларни алмаштириб берар!” – дедим уларга. Шунда Аллоҳ таоло “Эҳтимол, Парвардигори – агар у сизларни талоқ қилса – унга сизлардан яхшироқ жуфтларни алмаштириб берур[9] оятини нозил этди”[10].

Умарнинг шаҳид бўлиши

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу мажусий Абу Луълуа қўлида шаҳид бўлди. Амирулмўминин одамларга имомлик қилиб бомдод намозини ўқиётганида мажусий заҳарланган ханжар билан икки марта урди. Умар разияллоҳу анҳу қотил кимлигини билгач шундай деди: “Аллоҳнинг ҳузурида ўз саждаси билан ҳужжат талашадиган мусулмонни қотилим қилмаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!”[11].

[1] Абу Нуайм, “Маърифат ус-саҳоба”, 1/190.
[2] Бухорий ривояти, 3684 ва 3863-ҳадислар.
[3] “Саҳиҳи Бухорий”, 3685; “Саҳиҳи Муслим”, 2389.
[4] Бухорий ривояти, 3689-ҳадис. Муслим ҳам Ойша разияллоҳу анҳодан шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилган (2398).
[5] “Саҳиҳи Бухорий”, 3680; “Саҳиҳи Муслим”, 2394, 2395.
[6] “Саҳиҳи Бухорий”, 3697; “Саҳиҳи Муслим”, 2394.
[7] Бухорий (3683), Муслим (2396) ривояти.
[8] Бақара, 125.
[9] Таҳрим, 5.
[10] “Саҳиҳи Бухорий”, 402; “Саҳиҳи Муслим”, 2399.
[11] Ибн Абу Шайба, “Ал-мусаннаф”, 37074.

Изоҳ қолдиринг