Туманли тарих (15): Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида бўлиб ўтган муҳим ҳодисалар (1)

0

Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида бўлиб ўтган муҳим ҳодисалар

Қодисия жанги

(Ҳижрий 14-йил, муҳаррам ойи)

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Ироқ ғазотига ўзи чиқмоқчи бўлиб, Мадинага Али разияллоҳу анҳуни раҳбар этиб тайинлади.

– Сиз мағлубиятга учрасангиз, бошқа жойлардаги мусулмонлар заифлашади, деб қўрқаман, – деди Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу. – Масласлаҳатим, бошқа бировни жўнатиб, ўзингиз Мадинага қайтинг.

Умар разияллоҳу анҳу ва саҳобалар Абдураҳмон разияллоҳу анҳунинг фикрини маъқул топишди.

– Ироққа кимни жўнатишни маслаҳат берасан? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.

– Шерпанжали Саъд ибн Абу Ваққос деган арслонни! – деди Абдураҳмон разияллоҳу анҳу.

Умар рози бўлди. Саъд разияллоҳу анҳу тўрт минг (баъзиларнинг айтишича, олти минг) кишилик қўшин билан Ироқ ерларига йўл олди.

– Ажам подшоларини арабларнинг подшолари билан ураман! – деди Умар разияллоҳу анҳу ва Саъдга қабилаларга амирлар тайинлаб, Қодисияда учрашишга ваъдалашишни буюрди.

Мазкур қўшин сафида уч юз ўндан ортиқ саҳобалар бўлиб, уларнинг етмиштаси Бадр аҳлидан эди. Етти юздан зиёд саҳобаларнинг фарзандлари ҳам қўшин таркибида йўлга тушди. Форслар ўзларига Рустамни бош саркарда қилиб тайинлашди. Саксон минг ёхуд ундан зиёд лашкар билан жангга отланган Рустам қўшинида ўттиз учта фил ҳам бор эди. Саъд разияллоҳу анҳу Рустамнинг олдига Рибъий ибн Омирни жўнатди. Форслар қароргоҳида ялтир-юлтир авжида, зарҳал ёстиқлар, ипак тўшаклар солинган, қимматбаҳо лаъл-ёқутлар дабдабани чандон оширган эди. Рустам бошида тож билан зеб-зийнатларга бурканиб тилла ўриндиқда ўтирарди. Рибъий оддий кийимда, қилич-қалқонларини осган ҳолда от устида кириб келди. Қимматбаҳо гиламларни босиб тўхтади. Отдан тушиб, уни зарҳал ёстиқлардан бирига боғлади. Қурол-аслаҳаси ва бошида дубулғаси билан кирмоқчи бўлди. Унга “Қурол-яроғингни қолдир!” дейишди.

– Мен ўзимча келганим йўқ. Чақирганингиз учун келдим. Қўйсангиз, шундоқ кирай, йўқса ортимга қайтиб кетаман, – деди мусулмонлар вакили.

– Унга изн беринглар! – деди Рустам. Рибъий қимматбаҳо тўшаклар устидан найзасини ҳасса қилиб суяниб юрди. Гиламларни тешиб-йиртиб бораверди.

– Нега бизнинг юртга келдингизлар? – сўрашди форслар.

– Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандасини қулларга қуллик қилишдан Аллоҳнинг ибодатига, дунё торликларидан унинг кенгликларига ва динлар жабр-зулмидан Ислом адолатига чиқармоқ учун бизни жўнатди. Бандаларини даъват этмоғимиз учун бизни ўзининг ҳақ дини билан юборди. Ким шуни қабул қилса, биз ҳам уни қабул этиб, ортимизга қайтиб кетамиз. Бош тортган кимса билан эса, то Аллоҳ ваъдасига етмагунимизча урушамиз! – деб жавоб берди Рибъий.

– Аллоҳ нимани ваъда қилган?

– Бош тортганларга қарши жанг қилиб ҳалок бўлганларга жаннатни, тирик қолганларга ғалабани ваъда берган!

– Гапингизни эшитдим, – деди Рустам, – Энди сизлар ҳам, бизлар ҳам яхшилаб ўйлаб олишимиз учун урушни кечиктириб тура оласизларми?

– Ҳа! Сизларга қанча муҳлат керак: бир кунми ёки икки кун?

– Йўқ, биз қавмимизнинг улуғлари ва фикр эгалари билан маслаҳатлашиб, мактуб алмашишимиз лозим.

– Расулуллоҳ саллаллоҳу алаҳи ва саллам бизга душман қаршисида турганимизда унга уч кундан ортиқ муҳлат бермасликни суннат қилганлар. Ишингизни яхшилаб ўйлаб кўринг ва муҳлат тугаши билан уч шартдан бирини танланг!

– Сен уларнинг саййидимисан?

– Йўқ. Лекин мусулмонлар бир тана кабидирлар. Уларнинг энг қуйилари ҳам улуғлари қаршисида бировларни ўз ҳимоясига олишга қодирдир!

Сўнг Рустам қавмининг етакчилари билан кенгаш ўтказди.

– Мана шу одамнинг сўзидан кучлироқ ва салмоқлироқ сўзни ҳеч эшитганмисизлар? – деб сўради Рустам.

– Унинг сўзидан салгина таъсирланишдан ва мана шу итни деб динингни тарк этишдан сени Худо асрасин! – дейишди форслар, – Унинг кимлигини кўрмадингми?

– Шўрингиз қурсин, сизлар кийимга эмас, фикр, сўз ва сийратга қаранглар. Араблар кийим-кечак ва емоқ-ичмоққа бепарводирлар, бироқ шаънларини жиддий асрайдилар.

Ибн Касир ёзади: “Қодисия жанги улкан ҳодиса бўлиб, Ироқда ундан-да ажойиброқ иш бўлган эмас. Жанг арафасида Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу “ирқун наса” (қўймич нервининг яллиғланиши) касалига чалиниб, танасига чипқонлар чиқди, отга минолмай ҳам қолди. Баланд қўрғон тепасида кўкрагини ёстиққа босиб ётган ҳолда жангни кузатиб қўшинни бошқарди. Ҳарбу зарбни Холид ибн Урфутага топширди”[1].

Жанг қизғин тус олди. Саркардалар жангчиларни олға юришга чақирарди. Мусулмонлардан бир қанча баҳодирлар жанг майдонида зўр иш кўрсатдилар. Амр ибн Маъдийкариб, Қаъқоъ ибн Амр, Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий, Холид ибн Урфута, Зирор ибн Хаттоб ва Тулайҳа Асадий ана шу мардлар жумласидан эди. Жанг уч кечаю уч кундуз давом этди. Мусулмонлар улкан филни ва уни минган форсни ўлдиришди. Қаттиқ шамол туриб, форсларнинг чодирларини бузиб юборди. Ислом қўшини зафар қучди. Рустам апил-тапил хачирини миниб қочишга тушди. Мусулмонлар қувиб етиб, уни ўлдирдилар[2].

[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 7/44. Ҳижрий 14 йил воқеалари.
[2] “Тарихи Табарий”. Ҳижрий 14 йил воқеалари.

Изоҳ қолдиринг