Туманли тарих (16): Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида бўлиб ўтган муҳим ҳодисалар (2)

0

Байтул Мақдис фатҳи

Абу Убайда ибн Жарроҳ Ислом лашкари билан Байтул Мақдис (Қуддус шаҳри)ни қамал қилди. Қийин вазиятда қолган шаҳар аҳли сулҳга рози бўлди. Бироқ улар Умар разияллоҳу анҳунинг ўзи келишини талаб қилишди[1].

Амирулмўминин Шомга етиб келганида уни Абу Убайда ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳу Холид ибн Валид ва Язид ибн Абу Суфён каби бир неча амирлар билан кутиб олди. Абу Убайда уловдан тушди, Умар ҳам ўзини ерга олди. Абу Убайда разияллоҳу анҳу Амирулмўмининнинг қўлини ўпмоқчи бўлганида Умар разияллоҳу анҳу унинг оёғини ўпмоқчи бўлди. Ҳар иккиси қаршилик қилиб, бир-бирларини тўхтатиб қолди. Халифа Байтул Мақдис насронийлари билан сулҳ тузди. Уч кун ичида румликларнинг шаҳардан чиқиб кетишларини шарт қилди. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Исро кечасида кирган эшикдан масжидга кирди. Баъзилар Умар разияллоҳу анҳу киришда “Лаббайка” (талбия)ни айтган дейишади. Халифа Довуд алайҳиссалом меҳробида икки ракаат таҳийятул масжид намозини ўқиди. Эртаси куни шу ерда бомдод намозини мусулмонларга имом бўлиб ўқиди. Биринчи ракаатда Сод сурасини ўқиб, сажда оятида саждага бош қўйди. Мусулмонлар ҳам Амирулмўминин билан бирга сажда қилдилар. Иккинчи ракаатда Бани Исроил (Исро) сурасини тиловат қилди. Сўнгра “сахра” – харсанг тош олдига келди. Каъбул Аҳбордан жой ҳақида маслаҳат сўради. Каъбул Аҳбор масжидни унинг орқа томонида қуришни таклиф этди. “Сен яҳудийликка тортдинг!” – деди Умар ва масжидни Байтул Мақдиснинг жанубий томонига қурди. Бу масжид бугун ҳам Умар масжиди деб аталади. Сўнг Умар разияллоҳу анҳу ридоси ва қабосининг этагига харсанг тош устига тўкилган тупроқдан солиб, ташиди. Мусулмонлар ҳам Амирулмўмининнинг ишини такрорлашди. Қолган тупроқни ташишни Урдун аҳлига амр этди. Харсанг тош яҳудийларнинг қибласи саналгани боис румликлар уни ахлатхонага айлантиришган эди. Ҳатто аёллар ҳайз қони артилган латталарни унинг устига ташлардилар. Чунки яҳудийлар ўзларининг гумонларида бир кишини Исо алайҳиссалом деб, хочга тортганларидан кейин ўша одамнинг қабрини чиқиндихона қилиб олишган эди. Шунинг учун ўша ер “Қумома”, яъни чиқинди ташланадиган жой деб аталган. У ерда насронийлар қурган черков ҳам мазкур ном билан аталиб кетган[2].

[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 7/44.
[2] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”. Ҳижрий 16 йил воқеалари, Байтул мақдис фатҳи.

Изоҳ қолдиринг