Қабр бошида жонлиқ сўйиш

0

316. Қабр бошида жонлиқ сўйиш

Қабр олдида Аллоҳ учун жонлиқ сўйиш ҳаром эканига уламолар иттифоқ қилганлар[1].

«Қабр олдида жонлиқ сўйиш Аллоҳдан ўзгага атаб қурбонлик қилишга ўхшагани учун уламолар унинг гўштидан ейишни макруҳ деганлар»[2].

Собит ибн Заҳҳок разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида «Бувона» деган жойда туя сўйишни назр қилди. Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Мен Бувонада туя сўйишни назр қилдим”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У ерда жоҳилиятда сиғинилган бутлардан бирортаси борми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Йўқ”, деб жавоб беришди. У зот яна: “У ерда бутпарастларга оид бирор байрам нишонланадими?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Йўқ”, деб жавоб беришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги одамга: “Ундай бўлса назрингга вафо қил! Зеро, Аллоҳга осий бўлинадиган ёки одамзот тоқатидан ташқари бўлган ишларда назрга вафо қилинмайди”, дедилар»[3].

Ҳадис шунга далолат қилади: «Бут-санам ё қабр каби Аллоҳдан ўзгаси улуғланадиган ёки жоҳилият аҳли тўпланишга одатланган жойда жонлиқ сўйиш ҳаромдир, гарчи бу билан Аллоҳнинг розилиги мақсад қилинган бўлса ҳам»[4].

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қабр олдида сўйиш Исломда йўқ”, дедилар». Абдураззоқ айтади: «Жоҳилият аҳли сигир ёки бирор жонлиқни қабр олдида сўяр эди»[5].

Ибн Наҳҳос Шофеий айтади: «Қабр бошида жонлиқ сўйишга келсак, агар бу иш ёмон ниятлардан холи бўлган тақдирда ҳам макруҳ бидъат ва жоҳилият ишлари жумласидан саналади»[6].

Шавконий айтади: «Мазкур ҳадис Ислом динида қабр бошида жонлиқ сўйиш жоиз эмаслигига далил бўлади. Хаттобий деди: “Жоҳилият аҳли сахий одам қабри бошида туя сўяр ва: «Уни қилмишига яраша мукофотлаяпмиз. Чунки у ҳаётлигида туя сўйиб одамларни меҳмон қилар эди. Энди биз унинг қабрида жонлиқ сўйсак, уни йиртқичлар ва қушлар ейди. Натижада у тириклигида қоринларни тўйдирганидек ўлганидан кейин ҳам бу ишни қилган бўлади», дер эди. Яна уларнинг айримлари ўйлашича, бунинг сабаби қуйидагича эди: агар ўлган одамнинг улови унинг қабри бошида сўйилса, бу одам қиёмат куни улов минган ҳолида тирилади. Улови сўйилмаган киши эса пиёда тирилади”»[7]. «Албатта, улардан охиратда қайта тирилишга ишонганлари шундай ўйлар эди»[8].

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Ҳеч ким қабр олдида на қурбонлик ва на бошқа мақсадда жонлиқ сўйиши жоиз эмас. Қолаверса, намоз, рўза ва садақа каби асосий ибодатларни қабр олдида бажаришни шариат жоиз санамайди. Ким қабр олдида қурбонлик қилиш мустаҳаб ва афзал деб даъво қилса, бу одам жоҳил, адашган ва мусулмонлар ижмосига қарши чиққан ҳисобланади»[9].

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим айтади: «Қабристонда жонлиқ сўйиш мушриклар амалига ўхшагани ҳамда ўликларга атаб ва уларга яқинлашишни кўзлаб қурбонлик қилиш каби ширк амалларга восита бўлгани учун уламолар қабристонда қон чиқариш ҳаром эканини баён қилганлар»[10].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Маййитлар баракасини кўзлаб қабрлар олдида жонлиқ сўйиш мункар (ёмон) ва бидъат ишлардан саналади ва уни ейиш жоиз бўлмайди. Ширк асосига болта уриш ва унга олиб борадиган йўлларни тўсиш мақсадида шундай қилинади. Агар бу сўйишдан мақсад қабр эгасига яқинлашиш бўлса, гарчи «бисмиллоҳ» айтиб сўйган бўлса ҳам бу одам катта ширкка қўл урган бўлади. Чунки қалб амали тил амалидан юксакроқ ўринда туради ва қалб амаллари ибодатларнинг асоси саналади»[11].

[1] Қаранг: «Ал-мажмуъ», 5/207; «Ал-фуруъ», 3/410; «Мавоҳиб ал-жалил», 3/37; «Ҳошият ат-Таҳтовий», 618-бет.
[2] «Ал-истиғоса фир-радди алал-Бакрий», 2/431-433.
[3] Абу Довуд «Сунан»да (3313) ривоят қилган, Ҳофиз Ибн Ҳажар «Булуғ ал-маром»да (421-бет, 1392-ҳадис) ҳадис санадини саҳиҳ деган. Муҳаққиқ: Самир Зуҳайрий. «Дор ал-фалақ» нашриёти, еттинчи нашр, 1424 ҳ.й.
[4] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 1/401-402, 2450-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида.
[5] Абу Довуд «Сунан»да (3222) ривоят қилган, Нававий «Ал-мажмуъ»да (8/338) саҳиҳ деган.
[6] «Танбеҳ ал-ғофилин ан аъмол ал-жоҳилин», 326-бет.
[7] «Найл ал-автор», 4/118.
[8] Шайх Абдуллоҳ Ғунаймон ҳафизаҳуллоҳ фойдаларидан.
[9] «Мажмуъ ал-фатово», 27/495.
[10] «Мажмуъ ал-фатово», 1/124.
[11] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 1/435, 4297-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг