Форс шоҳи Яздажирд форсларни арабларга қарши курашга чақирди. Охир-оқибат Қодисия ва бошқа кичик урушлардан сўнг тузилган битимни бузиб, мусулмонларга қарши бир бўлиб уруш қилишга ўзаро аҳд-паймон қилишди. Бундан хабар топган Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳуга Аҳвоз сари Ҳурмузон қаршисига қўшин жўнатишни буюрди. Саъд разияллоҳу анҳу Нўъмон ибн Муқарринни жўнатди. Нўъмон Ромаҳурмузга етганида Ҳурмузонга рўбарў бўлди. Ҳурмузон жангда мағлубиятга учради ва Тустарга қочиб беркинди. Мусулмонлар қувиб келиб, шаҳарни қамал қилишди. Ҳар икки томон кўп қурбонлар берди. Мусулмонлар Баро ибн Молик разияллоҳу анҳуга: “Эй Баро, Раббингизга қасам ичинг, уларни бизга мағлуб этсин!” дейишди. Баро ибн Молик разияллоҳу анҳу дуоси ижобат бўладиган киши эди. “Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ салллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Сочлари) тўзғиган, чанг-ғуборга ботган, икки увада кийими бўлган, кўзга ташланмас кишилар борки, агар Аллоҳга қасам ичсалар, Аллоҳ уларнинг қасамини амалга оширади. Баро ибн Молик ана шундай инсонлар жумласидандир!”[1].
Хуллас, Баро ибн Молик “Эй Аллоҳ, уларни бизга мағлуб эт ва мени шаҳид қилгин!” деб дуо қилди. Ўша куни Баро яккама-якка олишувда юздан ортиқ душманни ўлдирган эди. Аллоҳ таоло Ҳурмузон ва унинг қўшини ҳолини танг қилди. Форслардан бир киши Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан омонлик сўраб олди. Ўша одам мусулмонларга шаҳарга кириш йўлини кўрсатди. У сув йўли эди. Саркардалар кўнгиллиларни чорлади. Бир гуруҳ баҳодир жангчилар отилиб чиқишди. Улар тунда сув йўли орқали шаҳарга кириб, қоровулларни ўлдириб, дарвозаларни очишди. Саҳар пайти мусулмонлар такбирлар айтиб шаҳарга бостириб кирдилар. Жанг билан машғул бўлиб қуёш кўтарилгунга қадар бомдод намозини ўқишга имконлари бўлмади.
Анас разияллоҳу анҳу айтади: “Тонг палласи Тустар шаҳрини ишғол қилишда мен ҳам бор эдим. Жанг роса қизиди. Намоз ўқишга имкон бўлмади. Кун ёришгандан кейин Абу Мусо разияллоҳу анҳуга иқтидо қилиб намоз ўқидик. Аллоҳ бизга ғалаба берди. Ана шу намозимни дунё ва ундаги бор нарсага алмаштирмасдим”[2].
Ҳурмузон қочиб қалъага беркинди. Исломнинг мард йигитлари уни таъқиб қилишди. Ҳурмузон ўқ узиб Баро ибн Молик ва Мажза’а ибн Саврни ўлдирди.
– Менда юзта ўқ бор. Қай бирингиз яқинлашсангиз, ўқ узаман. Сизлардан юз кишини ўлдирсам мени асир олишингиздан нима фойда?! – деди Ҳурмузон.
– Нима хоҳлайсан? – сўрашди мусулмонлар.
– Омонлик берсанглар, таслим бўламан. Мени Умар ибн Хаттобнинг ҳузурига олиб борасизлар. Умарнинг ўзи менга ҳукм чиқарсин!
Мусулмонлар унинг таклифини қабул қилишди. Ҳурмузонни Мадинага олиб келишди. Умар разияллоҳу анҳунинг уйига борсалар, йўқ экан. Халифани масжидда деб айтишди. Масжидга келишса, Умар разияллоҳу анҳу бир четда ухлаб ётган экан.
– Умар қаерда? – деб сўради Ҳурмузон. Умарни уйғотиб юбормаслик учун овозларини пастлатиб, халифага ишора қилишди.