Туманли тарих (18): Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида бўлиб ўтган муҳим ҳодисалар (4)

0

Рамода йили

(Ҳижрий 18-йил)

Ёғингарчилик камлигидан ер юзи қорайиб, кулранг тус олгани сабабли бу йил “Рамода (кул) йили” деб аталди. Мазкур ҳолат тўққиз ой давом этди. Умар разияллоҳу анҳу Басрадаги Абу Мусо Ашъарий ва Шомга кетган Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумога хат ёзиб “Муҳаммад умматига ёрдам қўлини чўзинглар!” деди.

Одамлар ёмғир сўрагани чиқишди. Умар разияллоҳу анҳу одамларга ёмғир сўраш учун Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббос разияллоҳу анҳуни бирга олиб чиқди. Аббос разияллоҳу анҳу олдинга чиқиб, қисқа хутба ўқиди. Сўнг намозни адо этди. Намоздан кейин икки тиззасига чўккалаб илтижо қилди:

– Эй Аллоҳ, Сенга ибодат қиламиз ва Сендан мадад сўраймиз. Эй Аллоҳ, бизни мағфират эт, бизга раҳм қил ва биздан рози бўл!

Сўнг ортларига қайтишди. Уйларига етмасдан кўлмак сувга ботишди[1].

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади: “Умар разияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлса, Аббос ибн Абдулмутталиб воситасида ёмғир сўрар эди:

– Эй Аллоҳ, биз Сендан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали илтижо қилар эдик, Сен бизга ёмғир ёғдирар эдинг. Энди Пайғамбаримизнинг амакилари билан илтижо қиламиз, бизга ёмғир бергин! – дерди Умар ва ёмғирга етишардилар”[2].

Наҳованд жанги

(Ҳижрий 21 йил)

Ўттиз минг кишилик Ислом лашкари Нўъмон ибн Муқаррин разияллоҳу анҳу қўл остида форсларга қарши отланди. Форслар мусулмонлар билан очиқ жанг олиб боришга ботинолмай, қўрғонларига беркиниб олишди.

Тулайҳа Асадий қуйидагича маслаҳат берди:

– Қўшиннинг кичик бир қисмини форсларнинг қаршисига қўяйлик. Улар душманни доим кузатиб, урушга чақириб, ғазабларини қўзғатиб турсин. Форслар шаҳар ташқарисига чиқса, орқаларига қарамай қочишсин. Душман ортларидан қувиб келса, биз ҳам уларга қўшилиб қочишга тушамиз. Ўшанда форслар зафар қучганларига буткул ишониб, қолган-қутган жангчилари ҳам ташқарига чиқади. Душман қалъадан тўлиқ чиқиб бўлгач, ортимизга қайтиб жангга киришамиз. У ёғи Аллоҳнинг айтгани бўлади.

Бу фикр мусулмонларга маъқул тушди. Нўъмон ибн Муқаррин алоҳида қисмга Қаъқо ибн Амрни амир этиб тайинлади. Уларга шаҳарга бориб қамал қилишни, душман ташқарига чиқиб ҳамла қилса, ортларига қараб қочишни буюрди. Қаъқо ибн Амр разияллоҳу анҳу худди айтилганидек қилди. Форслар қўрғонларидан чиқиши билан Қаъқо қўшини қоча бошлади. Ажамлар фурсатни қўлдан чиқармаслик пайида Тулайҳа тахмин қилганидек, дарвоза соқчиларидан ташқари ҳаммалари ҳовлиқиб ҳужумга ташланишди. Улар Ислом қўшинининг асосий қисмига яқинлашдилар. Нўъмон ибн Муқаррин тайёр турарди. Бу жума куни энди бошланган маҳал эди. Одамлар тўсатдан ҳамлага ўтмоқчи бўлдилар. Нўъмон бунга йўл қўймади ва қуёш тиккага келиб, оғмагунча урушмасликни буюрди. Қуёш ёнбошга оғиб, руҳлар кўтарилиб, нусрат нозил бўлгунга қадар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганларидек кутиб туришни тайинлади. Одамлар қаттиқ туриб ҳужум қилишга рухсат сўрашса ҳам, изн бермади. Нўъмон ўз сўзидан қайтмайдиганлардан эди. Завол бошлангач, мусулмонлар билан намоз ўқиди. Сўнг қора тулпорини минди, ҳар битта байроқ олдида тўхтаб, жангчиларни сабрга чақирди, маҳкам туришни уқтирди. Биринчи марта такбир айтсам, ҳамлага ҳозирланинглар, иккинчи марта такбир айтганимда тап-тайёр туринглар, учинчи марта такбир айтсам, ҳужумга ўтинглар, деб тайинлади.

Кейин Нўъмон ўз ўрнига қайтди.

Форсларнинг тиш-тирноғигача қуролланган сон-саноқсиз қўшини даҳшатли кўринишда, ҳар томонлама тугал бўлиб сафга тизилдилар. Уларнинг кўпчилиги бир-бирлари билан киришиб-бирикиб кетган эди. Чекиниш, қочиш ва бошқа ёққа айланиб ўтиш бўлмасин деб қўшин ортидаги ерларга темир тиканлар ташлаб чиқдилар.

Нўъмон ибн Муқаррин разияллоҳу анҳу биринчи такбирни айтиб, байроқни силкитди, қўшин жанг ҳозирлигини кўрди. Иккинчи такбирни айтиб, байроқни силкитди, ҳамма ҳужумга шай турди. Учинчи такбирни айтиб ҳамлага ташланганида бутун қўшин ҳаракатга келди. Бургут ўлжасига ташланганидек Нўъмон ибн Муқаррин байроғи душман сафини ёриб шўнғиди. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қирғинбарот жанг бўлди. Ниҳоят Аллоҳ мусулмонларни ғолиб қилди.

Холид ибн Валиднинг вафот этиши

(Ҳижрий 21 йил)

Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётиб шундай деди:

– Мен фалон-фалон жангларда иштирок этганман. Танамнинг бирон қарич қисми йўқки, унда қилич зарби, найза тиғи ёки камон ўқи тегмаган бўлса. Мана бугун туя ўлим топгандек ўлимимни кутиб тўшагимда жон беряпман. Қўрқоқларнинг кўзлари уйқу билмасин!

У киши яна бундай деган эдилар:

– Мен учун гўзал бир келинчак тортиқ этилган ёки ўғил хушхабари берилган тундан кўра қаҳратон совуқда муҳожирларнинг бир дастаси билан тонгда душманга ҳужум қиламиз деб ўтказилган тун суюклироқдир![3].

[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”. Ҳижрий 18 йил воқеалари.
[2] Бухорий ривояти, 1010.
[3] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”. Ҳижрий 21 йилда вафот этганлар ёди.

Изоҳ қолдиринг