Чақалоққа оид ҳукмлар (56): Исм қўйиш онанинг эмас, отанинг ҳаққи экани ҳақида

0

Бешинчи бўлим

Исм қўйиш онанинг эмас, отанинг ҳаққи экани ҳақида

Бу масала барча ҳамфикр бўлган масаладир. Ота-она болага қандай исм қўйиш борасида тортишиб қолса, ота танлаган исм қўйилади. Юқорида ўтган ҳадисларнинг барчаси шунга далолат қилади.

Қолаверса, фарзанд онасининг эмас, отасининг исми билан чақирилади, «фалончи ўғли фалончи» дейилади. Аллоҳ таоло айтади: «Фарзандларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар. Шундай қилишингиз Аллоҳ наздида тўғрироқдир» (Аҳзоб, 5).

Фарзанд ҳурлик ва қулликда онасига, насабда отасига тобе бўлади. Исм қўйиш эса насабни ва ўша насабга мансуб шахсни билдириш учундир. Динда эса ота-онадан дини яхшироқ бўлганига эргашади. Болани танитиш унга таълим бериш ва ақиқа қилиш кабидир. Шунинг учун бу отанинг ҳаққи ҳисобланади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу кеча ўғлим туғилди. Уни бобом Иброҳимнинг исми билан атадим», деган эдилар[1]. Киши ўғлига исм қўйиши қулига исм қўйиши кабидир.

[1] Ҳадис тахрижи аввалроқ берилди.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг