Туманли тарих (19): Амирулмўминин Усмон ибн Аффон халифалиги

0

Учинчи фасл

Амирулмўминин Усмон ибн Аффон халифалиги

(Ҳижрий 23 – 35-йиллар)

Усмоннинг халифа этиб сайланиши

Шўро қиссаси

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ўлим жароҳатини олгач, халифалик қуйидаги олти кишидан бирига берилишини айтди. Улар Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Абдураҳмон ибн Авф ва Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳумдир.

Энг баҳсли масалалардан бўлмиш ушбу воқеани имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ида ёзиб қолдирган. Мазкур узун ривоятда жумладан шундай дейилади:

“Умар разияллоҳу анҳуга: “Эй Амирулмўминин, васият қилиб халифа қолдиринг”, – дейишди.

– Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан рози бўлиб вафот этган қуйидаги нафар ёки гуруҳдан кўра бу ишга ҳақлироқ кишини билмайман, – деди Умар ва Али, Усмон, Зубайр, Талҳа, Саъд ҳамда Абдураҳмон ибн Авф номларини айтди. – Сизларга Абдуллоҳ ибн Умар шоҳид бўлади. Бироқ унга (халифалик) ишидан ҳеч қандай насиба йўқ. Агар раҳбарлик Саъдга тегса, у ўшаники. Аксинча бўлса, қай бирингиз раҳбарликка сайлансангиз, унинг ёрдамидан фойдалансин. Мен уни ожизлик ёки хиёнат сабабли ишдан олганим йўқ”. (Умар разияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳуни Кўфа волийлиги вазифасидан озод қилган эди.)

Амирулмўминин Умар разияллоҳу анҳу жон таслим этди. Дафн маросимидан сўнг юқорида номлари зикр қилинган олти киши тўпланишди. Абдураҳмон ибн Авф йиғилганларга: “Ишингизни уч кишига топширинг,” – деди. Зубайр разияллоҳу анҳу “Мен ўз ҳаққимни Алига бердим,” деди. Талҳа ўз ҳаққини Усмонга, Саъд эса Абдураҳмонга берди.

Шундай қилиб уч киши: Зубайр, Талҳа ва Саъд разияллоҳу анҳум четга чиқдилар. Зубайр разияллоҳу анҳунинг Али разияллоҳу анҳуни яхши кўришига мана шунинг ўзи етарли далилдир. Албатта, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Ахир Зубайр Али разияллоҳу анҳунинг аммаси Сафийя разияллоҳу анҳонинг ўғли эди.

Хуллас, учта номзод: Али ибн Абу Толиб, Усмон ибн Аффон ва Абдураҳмон разияллоҳу анҳум қолдилар.

– Қай бирингиз (халифалик) ишидан бош тортса, ишни (қолган) бир кишига топширамиз, – деди Абдураҳмон. – Аллоҳ ва ислом ҳаққи, ичингизда энг афзалини танланг.

Ҳар икки шайх, яъни Усмон билан Али сукут қилди. Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу деди:

– Танлаш ҳуқуқини менга берасизларми? Иккингиздан қай бирингиз афзал бўлсангиз, ўша кишидан юз бурмаслигимга Аллоҳ гувоҳдир!

– Майли, – дейишди ҳар иккиси.

Абдураҳмон Али разияллоҳу анҳунинг қўлини тутиб шундай деди: “Сиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қон-қариндошисиз, Исломдаги фазлингиз яхши маълум. Аллоҳ устингизда гувоҳ, агар сизни сайласам, адолат қиласиз, Усмонни сайласам, қулоқ солиб, итоат этасиз!

Сўнг Усмон разияллоҳу анҳу билан холи қолиб, унга ҳам шу сўзларни айтди.

Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу ҳар иккисидан аҳд олгач, “Эй Усмон, қўлингизни беринг”, деб унга байъат қилди. Али разияллоҳу анҳу ҳам Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳуга байъат берди. Сўнг ҳовлидагилар кириб байъат беришди[1].

Байъат қиссаси қисқача ана шундай баён этилган. Айрим тафсилотлар билан бойитилган бошқа саҳиҳ ривоятлар ҳам бор. Масалан, Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳунинг уч кун ичида муҳожир ва ансорлардан бирма-бир сўраб чиққанлиги ҳақидаги ривоят.

“Аллоҳга қасамки, биронта муҳожир ва ансорийнинг уйини қолдирмасдан сўраб чиқдим ва уларнинг Усмонга ҳеч кимни тенг кўрмаслигига амин бўлдим”, дейди Абдураҳмон разияллоҳу анҳу[2].

Демак, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳуга бирдан байъат бериб юборилмаган экан. Ахир ҳар иккисидан аҳд олган Абдураҳмон разияллоҳу анҳунинг уч кун муҳожир ва ансорлардан сўраб чиққанлиги шуни англатмайдими?!

Афсуски, бугун саҳобалар ҳаётидан ҳикоя қилувчи кўплаб янги-янги тарихий асарларда имом Бухорийнинг саҳиҳ ривояти бир четда қолиб, “Тарихи Табарий”да келтирилган Абу Михнафнинг ёлғон ривоятига эътибор берилмоқда. Қуйида Абу Михнаф ривоятининг мазмуни билан танишасиз:

“Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуга суиқасд қилингач: “Эй Амирулмўминин, ўрнингизга халифа қолдирсангиз!” дейишди.

– Кимни халифа қилиб қолдираман? Агар Абу Убайда ибн Жарроҳ тирик бўлганида уни халифа қилиб тайинлардим. Раббим сўраса, “Набийинг уни “Мана шу умматнинг ишончли одами” деганини эшитганман, деб жавоб берар эдим. Абу Ҳузайфанинг қули Солим тирик бўлганида уни халифа қилиб тайинлардим. Раббим сўраса, “Набийинг “Солим Аллоҳни қаттиқ яхши кўради!” деганини эшитганман” деб жавоб берар эдим!

– Сизга кимни халифа қилиб қолдиришни айтайми? – деди бир киши, – Абдуллоҳ ибн Умар!

– Аллоҳ ҳалок қилгур, сен бу гапни Аллоҳ учун айтмадинг! – деди Умар, – Шўринг қурсин, хотинини талоқ қила олмаган одамни қандай қилиб халифаликка тайинлайман?! Сизларнинг (халифалик) ишингизнинг бизга кераги йўқ. Уни мақтаган бўлсамки, аҳли байтимдан бирон кишига раво кўрсам. Агар у яхшилик бўлса, ундан оладиганимизни олдик. Агар ёмонлик бўлса, ўша ёмонлик Умарнинг оиласидан узоқроқ бўлсин. Умарнинг оиласидан бир кишининг ҳисобга тортилиб, Муҳаммад умматининг ишидан сўралиши бизга етарли. Нафсимни қаттиқ ушладим, аҳли байтимни маҳрумиятга қўйдим. Шунда ҳам на гуноҳ ва на савоб оғир келмасдан, тенг бўлиб нажот топсам, ўзимни бахтиёр ҳисоблайман. Ўзимдан кейин халифа қолдирсам, мендан яхшироқ бўлган инсон (яъни Абу Бакр) халифа тайинлаб кетган. Шундай қолдирсам, мендан яхшироқ инсон (яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қолдирган. Аллоҳ Ўз динини зое қилмайди!

Одамлар чиқиб кетишди. Кечга томон қайтиб келишиб: “Эй Амирулмўминин, бир аҳд-йўл кўрсатсангиз!” дейишди.

– Сизларга юқоридаги гапларни айтганимдан сўнг, ўйлаб-ўйлаб сизларни мудом ҳаққа бошлайдиган бир кишини – Умар Алига ишора қилди – раҳбар қилиб қолдиришга қарор қилдим. Баногоҳ мени уйқу олибди. Тушимда бир киши ўзи эккан боғда пишган-пишмаган меваларни узиб, бағрига босиб, тагига жойлаётган экан. Билдимки, Аллоҳ Ўз ишига ғолибдир ва Умар вафот этади. На ўлик ва на тирик ҳолимда зиммамга масъулият олгим келмади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатий деб башорат берган бир гуруҳ инсонларни маҳкам тутинг. Саид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайл ҳам улардан, лекин мен уни киритмадим. Қуйидаги олти кишини киритдим: Али ва Усмон – Абдуманофнинг икки ўғли, Абдураҳмон ва Саъд – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки тоғалари, Зубайр ибн Аввом – Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам аммаларининг ўғли ва ҳаворийлари ҳамда Талҳа ал-Хайр ибн Убайдуллоҳлар. Шу инсонлардан бирини танласинлар. Раҳбар сайласангиз, унга яхши ёрдамчи бўлиб, қанотига киринглар. Агар бирингизга омонат топширса, унинг омонатини адо этсин.

Ҳаммалари ташқарига чиқишди.

– Улар билан кирма! – деди Аббос Алига.

– Ихтилофни ёқтирмайман, – деди Али разияллоҳу анҳу.

– Унда ёқтирмаган нарсангни кўрасан!

Эрталаб Умар разияллоҳу анҳу Али, Усмон, Саъд, Абдураҳмон ибн Авф ва Зубайр ибн Аввомларни ҳузурига чорлади.

– Одамларнинг боши ва етакчиси сизлар эканингизни билдим. Халифалик иши сизларнинг ўртангизда бўлади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам сизлардан рози бўлиб дунёдан ўтган эдилар. Агар ҳақда бардавом турсангиз, сизларга одамлар (зарар етказади) деб қўрқмайман. Мен ўзаро низо-ихтилоф қилишингиздан қўрқаман. Ана унда одамлар ҳам ихтилоф қилишади. Ойшадан изн сўраб, унинг ҳужрасига чиқинглар, бамаслаҳат орангиздан бир кишини танлаб олинглар.

Сўнг (бошқаларга) деди:

– Ойшанинг ҳужрасига кирманглар. Яқинида туринглар.

Умар бошини тўшакка қўйди, бу пайтда унинг қони оқиб ётарди.

Амирулмўминин айтган номзодлар ҳужрага кириб, ўзаро маслаҳат қилишар экан, овозлари кўтарилиб кетди.

– Субҳаналлоҳ, Амирулмўминин ҳали ўлгани йўқ! – деди Абдуллоҳ ибн Умар ва уларнинг шовқинини Умарга эшиттирди. Халифа эътибор бериб туриб, шундай деди:

– Барчасидан воз кечмайсизларми?! Вафот этсам, уч кун маслаҳат қилишсин. Одамларга Суҳайб имомликка ўтсин. Тўртинчи куни, албатта, амирингиз бўлсин. Абдуллоҳ ибн Умар гувоҳ сифатида қатнашади, халифалик ишида унга ҳеч нарса йўқ. Талҳа эса бу ишда шерикдир. Уч кун ичида келса, уни ишингизга қўшинглар. Агар уч кун ўтса-ю Талҳа келмаса, ишингизни ниҳоясига етказинг. Ким мени Талҳадан хотиржам қилади?

– Мен сизни хотиржам қиламан, – деди Саъд ибн Абу Ваққос. – Иншааллоҳ, у қаршилик қилмайди.

– Иншааллоҳ, қаршилик қилмас деган умиддаман. Бу ишга икки киши – Усмон ёки Алидан бирови эгалик қилади деб ўйлайман! Усмон эгалик қилса, унинг юмшоқлиги бор. Али бошчилик қилса, у ҳазилкаш одам. Али мусулмонларни доим ҳақ йўлга бошлашга энг муносиб номзод. Агар Саъд сайланса, у мана шу ишнинг эгаси. Ким сайланмасин, барибир, Саъд билан бирга ишласин. Мен уни хиёнат ёки заифлиги учун ишдан олганим йўқ. Абдураҳмон ибн Авф қандай зўр фикрли инсон. Тўғри ва рошид бу одам учун Аллоҳ таоло тарафидан бир сақлагувчи бор, унга қулоқ солинглар.

Абу Талҳа Ансорийга деди:

– Эй Абу Талҳа, Аллоҳ кўп бора сизлар билан Исломни азиз этди. Ансорлардан эллик кишини танлаб олгин-да, анави гуруҳ ораларидан бир одамни тезроқ сайлаб олишларига бош-қош бўл.

Миқдод ибн Асвадга деди:

– Мени қабрга қўйганингиздан кейин анави гуруҳни бир жойга тўпла, ораларидан бир кишини сайлашсин!

Суҳайбга деди:

– Уч кун одамларга имомлик қиласан. Али, Усмон, Зубайр, Саъд, Абдураҳмон бин Авф ва агар келса, Талҳаларни ҳужрага киргиз. Абдуллоҳ ибн Умарни ҳозир қил, лекин бу ишдан унга ҳеч нарса берилмайди. Ўзинг уларнинг тепасида тур. Бештаси келишиб бир кишига рози бўлишса-ю, битталари бош тортса, унинг бошини мажақла ёки бошига қилич билан сол. Агар учтаси бир кишини, қолган учтаси бошқа бир кишини айтишса, Абдуллоҳ ибн Умарни ҳакам қилинглар. Қайси томоннинг фойдасига ҳукм қилинса, улар танлаган одам сайлансин. Агар Абдуллоҳ ибн Умарнинг ҳукмига рози бўлишмаса, Абдураҳмон ибн Авф қайси томонда бўлса, ўшалар билан бирга бўлингиз. Одамлар иттифоқ қилган нарсага қўшилмасалар, қолганларни қатл этинглар”[3].

Хуллас, Абу Михнафнинг ривояти мана шунақа. Имом Бухорийнинг саҳиҳ ривоятига бу ривоят бир неча ўринларда тўғри келмайди. Боз устига, ҳеч ақлга тўғри келмайдиган зиёдалар ҳам мавжуд. Масалан, Умар разияллоҳу анҳунинг ўз сўзи билан “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан рози бўлиб вафот этган” дея таърифланган саҳобаларнинг қони ҳалол қилиниши?! Субҳаналлоҳ! Ахир Умар қандай қилиб Усмон, Али, Талҳа, Зубайр, Абдураҳмон ва Саъд каби улуғ саҳобаларни ўлдиришга рухсат бериши мумкин?! Абу Михнаф ривоятининг ёлғон экани шу ерда очиқ кўриниб қолади. Хўп, ким бу ишни ижро этишга журъат этади?! Сўнг ўзи бемалол юрадими?!

Бу ғирт уйдирмадан бошқа нарса эмас. Абу Михнафнинг ривоятида халифаликка энг ҳақли одам Али деган киноя, балки очиқдан-очиқ ишора ётибди.

[1] “Саҳиҳи Бухорий”, 3700-ҳадис.
[2] “Саҳиҳи Бухорий”, 7207-ҳадис.
[3] “Тарих ут-Табарий”, 3/292.

Изоҳ қолдиринг