Муслима аёлнинг дастури (49): Ўн бешинчи ҳадис

0

Абу Руқайя Тамим ибн Авс Дорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Дин насиҳат (яъни насиҳат қилинувчига яхшиликни раво кўриш)дир”. Биз: “Кимга насиҳат, ё Расулуллоҳ?” дедик. У зот айтдилар: “Аллоҳга, Китобига, Расулига, мусулмонлар раҳбарларига ва омма мусулмонларга (насиҳатдир)” (Муслим ривояти).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар:

  • Аллоҳга насиҳат қилиш Аллоҳга иймон келтириш, тоат-ибодат қилиш, маъсият-гуноҳдан сақланиш ҳамда Аллоҳ инъом этган неъматларни эътироф этишни ўз ичига олади.

  • Аллоҳнинг китоби Қуръонга насиҳат қилиш унинг Аллоҳ таолонинг каломи эканига иймон келтириш, уни тиловат қилиш, ёд олиш, тушуниш ва унга амал қилишни ўз ичига олади.

  • Аллоҳнинг Расулига насиҳат қилиш у зот олиб келган барча нарсаларга иймон келтириш, буйруқ ва тақиқларига итоат қилишни ўз ичига олади.

  • Мусулмонларнинг раҳбарларига насиҳат қилиш ҳақ йўлда уларга ёрдам бериш, итоат қилиш, уларни ҳаққа чақириб, ботилдан қайтаришни ўз ичига олади.

  • Омма мусулмонларга насиҳат қилиш уларга дин ва дунё ишларини таълим бериш, самимий бўлиш ва уларга яхшиликни раво кўришни ўз ичига олади.

  • Бирон ишда маслаҳат сўраган кишига холис маслаҳат бериш мусулмонлар ўртасидаги насиҳат кўринишларининг энг катталаридан ҳисобланади.

  • Муслима аёл биродарига ҳамманинг олдида эмас, унинг ўзига пинҳона ҳамда ҳикмат билан чиройли панд-насиҳат қилиши насиҳат қилиш одобларидандир.

Насиҳат бу умматнинг энг яхши уммат бўлишига сабаб бўлган маъруфга – яхшиликка буюриш ва мункардан қайтариш жумласидандир.

Изоҳ қолдиринг