Дард ва даво (115): Баччабозликнинг жазоси оғирроқми ёки зиноникими (3)

0

Аллоҳ таоло: “Лутни жирканч амал қиладиган қишлоқ аҳлидан қутқардик” (Анбиё, 74) деган сўзи баччабозликнинг ёмон амал эканини яна бир бор таъкидлади. Сўнг уларни жуда қабиҳ икки сифат билан қоралаб: “Дарҳақиқат, улар ёмон ва фосиқ қавм эдилар”, деди.

Анкабут сурасида Лут алайҳиссалом тилида баччабозларни “бузғунчилар” деб сифатлаб: “Раббим, мени бузғунчи қавм устидан ғолиб қил[1], деди. Бошқа оятда фаришталар Иброҳим алайҳиссаломга айтган сўзида уларни “золимлар” деб сифатлаган: “Элчиларимиз (яъни фаришталар) Иброҳимга (фарзанд кўриши ҳақида) хушхабар келтиришгач, айтдилар: Дарҳақиқат, бизлар мана бу қишлоқ аҳлини ҳалок қиламиз. Чунки унинг аҳли золим бўлдилар” (Анкабут, 31).

Шундай аламли азоблар билан жазоланган, шундай оғир айблар билан қораланган қавмнинг ҳоли ҳақида бир мушоҳада юритиб кўринг-а! Фаришталар Аллоҳнинг халили Иброҳим алайҳиссаломга Лут қавми ҳалок қилиниши ҳақида хабар қилишганида у бу қавмни ҳимоя қилиб фаришталар билан тортишди. Шунда улар Иброҳим алайҳиссаломга: “Эй Иброҳим, бу ишдан (яъни Лут қавмини ҳимоя қилиб тортишишдан) тўхтанг. Зеро, (уларни ҳалок қилиш тўғрисидаги) Раббингизнинг фармони келиб бўлди. Уларга (Раббингиздан) қайтариб бўлмас азоб келиши муқаррар”, дедилар” (Ҳуд, 76).

Лут алайҳиссалом уйига чиройли йигитлар меҳмонга келганини эшитган қавм шоша-пиша уникига югуриб келишди. Қаранг, улар қанчалар ифлос ва Аллоҳ таолога қарши чиқишда қанчалар исёнкор қавм эди. Уларни кўрган Лут алайҳиссалом деди: “Эй қавмим, анави қизларим сизлар учун покроқ-ку (яъни ўшаларга уйланаверсангизлар бўлмайдими)?!” (Ҳуд, 78). Меҳмонлари учун ўз қизларини фидо қилди. Яъни ўзи ва меҳмонларининг ор-номуси топталишидан қўрқиб, уларга қизларини турмушга беришни таклиф қилди. “Эй қавмим, анави қизларим сизлар учун покроқ-ку (яъни ўшаларга уйланаверсангизлар бўлмайдими)?! Аллоҳдан қўрқинглар ва меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар. Орангизда бирон тўғри йўлга юрувчи киши йўқми?!»[2]. Лекин ўлар қайсар ва зўровонларча бундай деб жавоб беришди: “Сен қизларингга муҳтож эмаслигимизни, биз нимани исташимизни жуда яхши биласан” (Ҳуд, 79). Шунда Лут алайҳиссалом жуда маҳзун ҳолда чуқур хўрсиниб деди: “Қани эди, сизларга кучим етса ёки кучли бир суянчиғим бўлса”.

Фаришталар ўзларининг ким эканини, бу қавм на уларга ва на Лутга бирон ёмонлик етказа олмасликларини, шундай экан, кўп ҳам уларга эътибор бермаслигини, улардан қўрқмаслигини айтиб, уни тинчлантириб, дедилар: “Эй Лут, биз Раббингизнинг элчиларимиз. Улар сизга ҳаргиз тега олмаслар”. Фаришталар Лут алайҳиссаломга хушхабар, қавмига эса азоб-уқубатдан иборат шумхабар келтиришганини айтиб, бундай дейишди: “Шундай экан, сиз кечанинг (қолган) қисмида оилангизни олиб чиқиб кетинг ва сизларнинг ичингиздан хотинингиздан бошқа ҳеч ким атрофга алангламасин! Зотан, хотинингизга ҳам уларга етган бало етади. Уларга ваъда қилинган вақт (азоб) субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!”. Лут алайҳисаломга қавмининг бошига тушадиган азобни узоқ кутиш керакдек туюлди ва: “Бундан ҳам эртароқ азобга дучор бўлишса эди”, деди. Шунда фаришталар: “Субҳга ҳам оз қолмадими?!”, дейишди.

Аллоҳга қасамки, бомдод вақти киргандан то кун чиққанча Аллоҳга душманлик қилган қавм ҳалок бўлиб, пайғамбар Лут ва у зотга эргашганлар азобдан қутулиб қолишди. Яшаб турган жойлари таг-туби билан қўпорилиб, осмонга кўтарилди. Ҳатто осмондаги фаришталар итларнинг вовуллаши, эшакларнинг ҳанграшини эшитишди. Кейин қудратли Аллоҳнинг Жаброил алайҳиссаломга: “Диёрларини оёғини-осмондан қилиб ерга ташлаб юбор” деган қатъий амр-фармони келди. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда хабар бериб бундай деган: “Бизнинг фармонимиз келганида у жойларни остин-устин қилиб юбордик ва уларнинг (кофир ва баччабоз бўлганларнинг) устига Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик” (Ҳуд, 82).

Аллоҳ таоло уларнинг бошига тушган азобни бутун оламга Ўз кучини кўрсатадиган аломат, Унинг азобидан қўрқадиганлар учун панд-насиҳат, ўша бузғунчи қавмнинг амалини қиладиганлар учун ибрат қилди. Одамлар ибрат олишлари учун уларнинг диёрларини одамлар ўтадиган йўл ёқасида қилиб қўйди.

Лут қавми ухлаб ётган пайтларида кутилмаганда азоб келди, улар ўз туғёнларида улоқиб ётганларида Аллоҳ Ўз жазосини юборди. Шу кунгача қилиб юрган амаллари уларни қутқариб қололмади. Ўша олган лаззатлари азобга айланди. Ўша олган лаззатлари сабабидан азобга дучор бўлишди. Шоир айтганидек:

Дунёда лаззатли туюлган ишлар,

Ўлимдан сўнг уқубатга айланди.

Лут қавми тотган лаззатлар кетиб, ўрнига ҳасрат-надоматлар келди, айш-ишрат барҳам топиб, ўзидан кейин танглик ва машаққат қолдирди, оз муддат роҳатланиб,  узоқ вақт азобга гирифтор бўлишди, роҳат-фароғатда яшаб, охирида аламли азобга дучор бўлишди. Ўша жирканч ишнинг мастлиги уларнинг кўзини шу даражада кўр қилиб қўйган эдики, бошларига азоб келгандагина кўзлари очилди. Ҳалок бўлар чоғларидагина ғафлат уйқусидан уйғонишди. Аллоҳга қасамки, улар қилган амалларига қаттиқ надомат чекишди. Бироқ ҳасрат-надомат чекадиган вақт ўтиб бўлган эди. Қилган қилмишлари учун кўз ёши ўрнига қон йиғлашди.

Бу қавмнинг боши қаерда-ю, оёғи қаерда эканини, жаҳаннам ичида юз ва таналарининг тешикларидан ловуллаган олов қандай чиқаётганини, ширин ичимлик ўрнига оловли ичимлик ичишаётганини, юзлари билан ерга судралиб, уларга: “Қилган амалларингизнинг мевасини енглар”. “Ўтда куйинглар. Сабр қилсангиз ҳам, қилмасангиз ҳам барибир. Сизлар фақат қилган амалларингизнинг жазосини тортмоқдасизлар”, дейилишини кўрсангиз эди, даҳшатли манзарага гувоҳ бўлар эдингиз!

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу қавм устига тушган азоб уларнинг амалини қиладиган бошқа одамлар бошига ҳам тушиши мумкин экани ҳақида хабар бериб, бундай дейди: “Бу (баччабоз қавм бошига тушган азоб уларнинг амалини қиладиган бошқа) золимлардан узоқ эмас” (Ҳуд, 83).

[1] Анкабут, 30.
[2] Ҳуд, 78.

Изоҳ қолдиринг