Туманли тарих (20): Халифаликка Усмон разияллоҳу анҳу ҳақли эди

0

Саҳобалар Усмонни танлашган ва байъат беришган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари ичида фазилат бобида Абу Бакр ва Умардан кейин Усмоннинг туришига қуйидаги ривоят далилдир:

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ҳеч кимни Абу Бакрга тенг кўрмасдик. Сўнг Умар, сўнг Усмон. Улардан сўнг бирон саҳобийни бошқасидан афзал қўймас эдик”[1].

Яна бир ривоятда юқоридаги сўзларнинг давомида: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (бу сўзимизни) эшитар эдилар, уни инкор этмасдилар!” дейилган[2].

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Усмон байъати ҳақида шундай дейди: “Биз ишимизнинг энг юқорисига энг юқоримизни тайин қилдик”[3].

Бинобарин, имом Айюб ибн Абу Тамима Сихтиёний, имом Аҳмад ва имом Дорақутнийлар “Алини Усмондан муқаддам қўйган кимса муҳожир ва ансорлар шаънини ерга урган бўлади”, дейишган. Чунки Абдураҳмон ибн Авфнинг қуйидаги сўзлари бор: “Муҳожир ва ансорларнинг биронтасини қолдирмасдан уйларига кириб чиқдим. Уларнинг биронтасини Усмонга бировни тенг қилганини кўрмадим. Барчалари Усмонни афзал дейишди”.

Усмон разияллоҳу анҳу халифаликка сайланганида ҳамма байъат берган.

Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: “Қавм ичида Усмоннинг байъатидек таъкидли байъат бўлмаган. Мазкур байъат саҳобалар ижмоси билан бўлган”[4].

Аҳли суннат эътиқодига кўра, Алини Абу Бакр ва Умардан муқаддам қўйган кимса адашган бидъатчи ҳисобланади. Алини Усмондан муқаддам қўйганни хатокор дейилади, лекин залолат ва бидъатга мансуб қилинмайди. Аҳли илмлардан айримлари “Алини Усмондан муқаддам қўйган кимса саҳобалар Алини қўйиб, Усмонни танлашлари билан омонатга хиёнат қилишган деб даъво қилган бўлади”, деб бундай кишиларни ҳам қаттиқ қоралаганлар. Аллоҳ таоло ҳар иккисидан рози бўлсин.

[1] “Саҳиҳи Бухорий”, 3697-ҳадис.
[2] Табароний, “Ал-мўъжам ул-кабир”, 12/13132. Халлол, “Ас-сунна”, 398-бет. Ибн Абу Осим, “Ас-сунна”, 553. Китоб муҳаққиқи Аллома Албоний: “Ҳадис санади саҳиҳ”, деган.
[3] Халлол, “Ас-сунна”, 320-бет.
[4] Аввалги манба.

Изоҳ қолдиринг