Муслима аёлнинг дастури (50): Ўн олтинчи ҳадис

0

Абу Аббос Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бир куни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида уловларига мингашиб кетардим. “Эй бола!” дедилар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман: Аллоҳнинг ҳақларини сақла, У зот сени сақлайди. Аллоҳнинг ҳақларини сақла, Уни қаршингда топасан. Сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Мадад тиласанг, Аллоҳдан тила. Билгинки, бутун уммат сенга бир манфаат етказмоқ учун жамлансалар ҳам, фақат Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган манфаатни етказа оладилар. Улар сенга бирор зарар бермоқ қасдида тўплансалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарнигина етказа оладилар. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриб бўлган” (Термизий ривояти. Термизий ҳадисни “ҳасан-саҳиҳ” эканини айтган).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар:

  • Ёшларнинг қалбларига соғлом ақидани ўрнатишга иштиёқ билан ҳаракат қилиш.

  • Панд-насиҳат қилишда мулойим бўлиш ва чўзиб юбормаслик. Насиҳат чўзиб юборилса, унутилишига сабаб бўлади.

  • Ёшларга юмшоқ муомала қилиш Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидандир.

  • Жазо (ёки мукофот) амалнинг туридан бўлади. Ким Аллоҳнинг ҳақларини сақласа, Аллоҳ уни сақлайди; ким Аллоҳнинг динига ёрдам берса, Аллоҳ унга ёрдам беради; ким Аллоҳга дуо қилса, Аллоҳ унга ижобат қилади.

  • Тоатда бўлиш — тавфиқ топишнинг, Аллоҳнинг бандасига ёрдам бериши ва уни оғир ҳолатлардан қутқаришининг энг катта сабабларидандир.

  • Мадад тилаш, дуо қилиш ва эҳтиёжларни сўрашда ёлғиз Аллоҳгагина йўналиш, фақат Аллоҳ қодир бўлган нарсани Аллоҳдан бошқасидан сўрашнинг ҳаромлиги.

  • Манфаат бериш ва зарар етказиш Аллоҳ таолонинг қўлидадир, инсон (ва жин)ларнинг қўлида эмас. Зеро, барча сабабларнинг яратувчиси Аллоҳ таолодир.

  • Аллоҳ таолога таваккул қилиш қазо ва қадарга иймон келтириш ишининг йиғиндисидир.

Изоҳ қолдиринг