Усмон ибн Аффон ибн Абул Ос ибн Умайя ибн Абдушамс ибн Абдуманоф. Усмон разияллоҳу анҳу Адуманофда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашади.
Онаси: Арво бинти Курайз ибн Рабиа.
Момоси: Умму Ҳаким бинти Абдулмутталиб. Бу аёл Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга амма бўлади[1].
Лақаби ва куняси:
Зуннурайн, яъни икки нур эгаси. Бунинг боиси Усмон разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайяга уйланган. Руқайя вафот этгач, унинг синглиси Умму Кулсумга уйланган[2]. Абу Абдуллоҳ ва Абу Амр деган кунялари бўлган. Абу Бакр қўлида биринчилардан бўлиб Исломни қабул қилган[3]. Аввал Ҳабашистонга, кейин Мадинага ҳижрат қилган.
Хотинлари:
Руқайя бинти Расулуллоҳ;
Умму Кулсум бинти Расулуллоҳ;
Фохита бинти Ғазвон;
Умму Амр бинти Жундуб;
Фотима бинти Валид ибн Абдушамс;
Умму Банин бинти Уяйна;
Рамла бинти Шайба ибн Рабиа;
Ноила бинти Фарофиса.
Ўғиллари:
Абдуллоҳ, кичик Абдуллоҳ, Холид, Абон, Умар, Саид, Абдулмалик, Амр ва Анбаса.
Қизлари:
Марям, Умму Саид, Ойша, иккинчи Марям ва Умму Банин.
Фазилатлари
Абдураҳмон ибн Самура айтади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам “жайшул усра” – қийинчилик қўшинини сафарга тайёрлаётганларида Усмон ибн Аффон кийимига минг динор солиб олиб келди-да, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига тўкди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам динорларни ағдариб туриб шундай дедилар: “Бугундан кейин Ибн Аффон нима қилмасин, зарар кўрмайди!” Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзни бир неча бор такрорладилар”[4].
Абу Мусо Ашъарийдан ривоят: Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига киришни сўради.
– (Эшикни) оч ва унга келадиган бало эвазига жаннат башоратини бер! – дедилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам”[5].
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр, Умар ва Усмон билан бирга Уҳудга чиқдилар. Тоғ титрай бошлади.
– Тинчлан, эй Уҳуд! – дедилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам, – Сенинг устингда Набий, Сиддиқ ва икки шаҳид турибди, холос!”[6].
Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят: “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиқиб, дедилар:
– Ҳозиргина кўрдим, гўё менга мақолид ва мезонлар берилган эмиш. “Мақолид” бу калитлардир. Тарозининг бир палласига мен қўйилдим, бошқа палласига умматим қўйилди, мен улардан оғир келдим. Сўнг Абу Бакр олиб келинди ва у ҳам (умматимдан) оғир келди. Сўнг Умар олиб келинди, у ҳам (умматимдан) оғир чиқди. Сўнг Усмон олиб келинди, у ҳам улардан оғир чиқди. Сўнг (мезонлар) кўтарилди.
– Унда биз қаердамиз? – сўради бир киши.
– Сизлар ўзларингизни қўйган ўриндасизлар! – дедилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам”[7].
Усмонга берилган аломатлар
“Мурра ибн Каъб айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам фитналар ҳақида гапириб, уларни яқин, дедилар. Кийимига ўралиб олган биров ўтиб кетди.
– Ўша куни манави одам тўғри йўлда бўлади, – дедилар.
“Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
– Эй Усмон, бир кун келиб Аллоҳ сени мана шу ишга бошлиқ қилиб қўйса ва мунофиқлар сендан Аллоҳ сенга кийдирган кўйлакни ечишни талаб қилишса, уни ечмагин!”[9]
Ёлғончи ва жоҳил кимсалар ҳар қанча қора чаплашга уринмасинлар, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу халифалик қилган йиллар уммат учун олтин давр бўлди. Айнан шу йилларда Ислом ерлари янада кенгайди, тинчлик-омонлик ҳукм суриб, халқнинг яшаш шароити яхшиланди.
Омонлик, кенгчилик ва фатҳлар 12 йил давомида Ислом умматини тарк этмади. Сўнг фитна бошланди. Яъни бир гуруҳ осий ва золим кимсалар ҳижрий 35 йилда Усмон разияллоҳу анҳуга қарши бош кўтариб, уни ўз уйида Қуръон ўқиб ўтирган жойида ўлдиришди.
[1] “Маърифат ус-саҳоба”, 1/235. [2] Аввалги манба, 2/245. [3] “Ал-исоба”, 2/455. [4] Имом Аҳмад “Муснад”да (5/63) ривоят қилган. Ҳадис санадида Абдураҳмон ибн Самуранинг мавлоси (озод этган қули) Касир ибн Абу Касир бўлиб, у “мажҳул” (номаълум) ровий саналади. Шайх Албоний “Мишкот ул-масобиҳ”да (6064) ҳадисни ҳасан, деган. [5] “Саҳиҳи Бухорий”, 3695; “Саҳиҳи Муслим”, 2403. [6] “Саҳиҳи Бухорий”, 3675; “Саҳиҳи Муслим”, 2417. [7] Имом Аҳмад ривояти, 2/76. Санадида мажҳул ровий Убайдуллоҳ ибн Марвон бор. Ҳадисни Шайх Аҳмад Шокир саҳиҳ деган (5469-ҳадис). [8] Термизий ривояти, 3704-ҳадис. [9] Ибн Можа “Сунан”да ривоят қилган, 112-ҳадис.