Муслима аёлнинг дастури (51): Ўн еттинчи ҳадис

0

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у шундай дейди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмоннинг (бошқа) мусулмон зиммасидаги ҳақлари олтитадир: қачон учратсангиз, унга салом беринг; сизни (уйига меҳмонга) чақирса, чақирилган жойга боринг; насиҳат сўраса, насиҳат қилинг; акса урса ва “Алҳамдулиллаҳ” деса, унга “Ярҳамукаллоҳ” деб жавоб қайтаринг; бемор бўлса, уни зиёрат қилинг; вафот этса, жанозасида иштирок этинг”, дедилар (Муслим ривояти).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар:

  • Салом беришдаги ажр-савобнинг миқдорини ёдда тутган ҳолда мусулмонлар орасида саломни кенг ёйишга интилиш.

  • Салом қалбларнинг яқинлашиш сабаби ва улфат бўлиш йўлидир.

  • Насиҳат қилиш умумий тарзда вожибдир. Лекин насиҳат сўраган биродарингизга холис насиҳат қилишингиз янада таъкидлироқ. Муслима аёл илми ва динига ишонган аёлдан насиҳат сўрашга ошиқиши мустаҳабдир.

  • Аксириш Аллоҳ таоло ато этган неъмат бўлиб, у туфайли инсон баданининг турли жойларида туриб қолган ҳаво ташқарига чиқарилади. Шу сабабли мусулмон киши аксирганда Аллоҳ таолога ҳамд айтади. Аксирганда Аллоҳ таолога ҳамд айтмаган киши “Аллоҳ сизни раҳматига олсин” дейилишга лойиқ бўлмайди. Ҳамд айтмаган киши иккита неъматни қўлдан бой беради: Аллоҳга ҳамд айтиш неъмати ва ҳамдга тобе дуони олиш неъмати.

  • Касални зиёрат қилиш солиҳ амалларнинг энг афзалларидан саналади. Касални кўргани борган аёл бетоб опа-синглисига шифо сўраб дуо қилиши, унга тасалли бериши, яхши бўлиб кетишини айтиб кўнглини кўтариши лозим бўлади.

Изоҳ қолдиринг