Чақалоққа оид ҳукмлар (57): Исм, куня ва лақаб ўртасидаги фарқ ҳақида

0

Олтинчи бўлим

Исм, куня ва лақаб ўртасидаги фарқ ҳақида

Бу учаласи чақирилаётган кишини танитиш вазифасида бирлашса-да, бошқа нарсада бир-биридан фарқланади. Яъни исмдан мақтов ё айблаш тушунилади ёки иккаласи ҳам тушунилмайди.

Агар мақтов ё айблаш тушунилса, бу лақаб бўлади ва у аксар ҳолларда айблаш учун қўлланади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «Бирингиз бошқангизни у ёмон кўрадиган лақаблар билан атамасин» (Ҳужурот, 11) деди.

Инсонни у ёмон кўрадиган лақаб билан чақириш ҳаром эканида тортишув йўқ. Бу сифат ўша инсонда бўладими, бўлмайдими, фарқи йўқ. Аммо инсон Аъмаш (кўзи заиф), Аштар (тиртиқ), Асам (кар) ва Аъраж (чўлоқ) каби лақаб билан танилса ва машҳур бўлиб кетса, бу исмлар қадимда ҳам, ҳозирда ҳам уламолар томонидан мунтазам ишлатиб келинган ва Имом Аҳмад бунга енгил қараган.

Абу Довуд «Масоил» китобида айтади: «Бир кишининг лақаби бор. У шу лақаби билангина танилган ва уни ёмон кўрмайди. Шу ҳақда Имом Аҳмаддан сўралганида, “Ахир «Сулаймон Аъмаш» (кўзи заиф) ва «Ҳамид Товил» (новча) деб айтилади-ку?!” деб жавоб берганини эшитдим. Гўё у бунда бирор муаммо кўрмади».

Абу Довуд айтади: «Бошқа сафар Аҳмаддан яна шу ҳақда сўраган эдим, бунга рухсат берди.

Аҳмад «Аъмаш» дейишни ёқтирмас эди. Фузайл айтади: “Гумон қилишларича, Аҳмад уни (Аъмашни) Сулаймон деб айтар эди”»[1].

На мақтов ва на айблов тушунилмайдиган исм эса, агар бошида «абу» ёки «умму» қўшимчаси бўлса, масалан, «Абу фалончи» ва «Умму фалончи» каби, у куня ҳисобланади. Агар ундай бўлмаса, исм бўлади. Масалан, Зайд ва Амр каби. Бу арабларга маълум бўлган ва ўзаро мурожаатларида қўлланган услуб эди.

Энди Фалониддин, Иззиддин, Иззиддавла ва Баҳоуддавла каби исмларга келсак, бундай исм қўйиш арабларда бўлмаган. Бу исмлар ажамлардан кириб келган.

[1] Қаранг: «Масоил ал-Имом Аҳмад» (Абу Довуд ривояти), 283-284-бетлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг