Қабрларга назр аташ (3)

0

Санъоний деди: «Назрни олиб қоладиган одамнинг бу иши ҳаромдир. Чунки бу иш назр қилувчининг молини ноҳақ ва эвазсиз ейишга киради. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло: “Бир-бирингизнинг молларингизни ноҳақ йўллар билан еманг” (Бақара, 188), дейди. Қолаверса, назрни қабул қилиб олиш назр қилувчининг бу ширк амалини ва жирканч эътиқодини тўғри деб тасдиқлаш ва унга рози бўлишдир. Ширкка рози бўлишнинг ҳукми ҳеч кимга сир эмас. Оятда “Аллоҳ ўзига ширк келтирилишини асло кечирмайди” (Нисо, 48) дейилган. Назрни қабул қилувчи одам ғайбдан хабар бериш эвазига пул оладиган коҳин ҳамда зино қилгани учун пул оладиган фоҳиша билан бир хилдир. Чунки у бу иши билан назр қилувчини алдайди, валий унга фойда ё зарар етказа олади деган ёлғон тушунчани сингдиради. Маййит номидан назрни олиб қолишдан ёмонроқ мункарни тасдиқлаш борми?! Бундан улканроқ яна қандай алдов бор?! Буни ортда қолдирадиган яна қандай гуноҳ-маъсиятга рози бўлиш бор?! Бундан кўра ғаройиброқ яна қандай ёмонликни яхшиликка айлантириш бор?! Бут-санамларга назр аташ айнан шу услубда бўлар эди. Назр қилувчи ўзига бут-санам фойда ё зарар келтира олади деб ишонар ва молидан бир қисмини унга назр қилар ёки уни бутга оид ер ғалласи учун тақсимлаб берар эди. Пулни санам хизматкорлари қўлига топширар, улар эса пулни қабул қилиб, унинг ақидаси тўғри эканини тасдиқлаб беришар эди. Шунингдек, баъзан жонлиғини етаклаб келиб бутхона остонасида қурбонлик қилар эди. Ваҳоланки, пайғамбарлар айнан шу ишларни кетказиш, ўчириш, йўқ қилиш ва улардан одамларни қайтариш учун юборилдилар»[1].

Шайх Муборак Милий Моликий айтади: «Одамлар ҳозирги жоҳилиятларида ўзлари эътиқод қиладиган тириклар, ўликлар ва мозорларга атаб пуллар, кийимлар, ҳайвонлар, шамлар, хушбўй тутатқилар, таомлар ва бошқа нарсаларни назр қиладиган бўлишди. Улар бу назрлари уларни назр қилинувчининг розилигига яқинлаштиради деб эътиқод қилишади, назр қилинаётган кимса уларнинг мақсадлари рўёбга чиқишига таъсир ўтказа олади, деб ишонишади. Мабодо мақсадлари амалга ошиб қолса, назр атаган кишиларига янада муҳаббатлари ортади, қўрқувлари зиёда бўлади ва унга бўлган вафоларини изҳор этиш учун турли тантаналарга бор кучларини сарфлашади. Улар жоҳилиятдаги араблар бутларига нисбатан йўл қўйган камчилик ва пайсалга солишларни ўзларига эп кўришмайди. Араблар кийик ўрнига қўй сўяверар, бутларидан анавилар авлиёларидан қўрққанидан камроқ қўрқар эди. Ҳар икки гуруҳ тенг бўлган нарса шуки, улар ўзлари улуғлаган нарсага ҳақиқий маъбуд Аллоҳдан кўпроқ ҳақ беришди. Шундай қилиб, бугунги жоҳилиятимиз авлиёлар ҳаққига жуда катта эътибор бериши билан бирга намоз ёки закотга, ёки иккаласига ҳам бепарво қарайдиган кишилардан ташкил топди. Намоз ўқийдиган ва закот берадиганлари ҳам бу икки ибодатни тарк қилганларга тариқат шайхи зиёрати, зикр ҳалқаси ёки муайян зикрларда сусткашлик қилганларга танбеҳ берганчалик дашном бермайди. Шунингдек, Қуръон араблар ҳақида айтган бу сўзлар ҳам уларнинг ишлари олдида ҳеч нарса бўлмай қолади: “Мушриклар Аллоҳга Унинг ўзи яратиб қўйган экинлар, мева-чевалар ва чорва ҳайвонларидан бир улушни ажратиб, уни Аллоҳ учун (меҳмонларга ва камбағал бечораларга) тақдим этадиган бўлишди. Бу нарсалардан яна бир улушни эса Аллоҳга шерик деб эътиқод қилишган бут-санамларга ажратиб қўйишди. Даъво қилишларича, бутлари ва илоҳларига ажратиб қўйилган нарсалар (ўша бутларнинг ўзигагина етармиш ва) Аллоҳга етиб бормасмиш. Аллоҳ таолога деб ажратилган нарсалар эса бут-санамларига ҳам етиб борармиш. Мушрикларнинг чиқарган ҳукми (ва қилган бу тақсими) нақадар ёмон!” (Анъом, 136)»[2].

Миср вақфлар вазири Доктор Маҳмуд Ҳамдий Зақзуқ айтади: «Қабр эгалари ва солиҳ авлиёларга назр аташ уламолар ижмоси билан ботилдир. Чунки у махлуққа назр қилишдир, назр эса ибодатдир. Ибодатни махлуққа қилиб бўлмайди, балки фақат Холиққа қилинади. Аллоҳга назр қилиш эскидан ибодат бўлиб келган ишлардан ва бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган сабаблардан саналади. Ислом Аллоҳ учун назр қилишни тасдиқлайди ва унга вафо қилишга буюради. Аллоҳдан ўзгага қилинган назр эса ботил ва ҳаром бўлганидан ташқари унга вафо қилиш ҳам жоиз бўлмайди. Биз ўз масъулиятимиздан келиб чиқиб, масжид имомларига буни одамларга етказиш ва баён қилишни тавсия қиламиз»[3].

[1] «Татҳир ал-эътиқод мин адрон ал-илҳод», 20-бет.
«Доимий фатво қўмитаси» фатволар тўпламида (2/261, 8943-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида) «Татҳир ал-эътиқод» китобини мақтаган.
[2] Шайх Муборак Милий Жазоирий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1364 ҳ.), «Аш-ширку ва мазоҳируҳу» номли рисола, 397-398-бетлар. Муҳаққиқ: Абу Абдураҳмон Маҳмуд. «Дор ур-роя» нашриёти, биринчи нашр, 1422 ҳ.й.
[3] «Ат-тавҳид» журнали, 12-сон, зулҳижжа 1417 ҳ., 9-бет, Вақфлар вазири Шайх Маҳмуд Ҳамдий Зақзуқ қаламига мансуб «Ан-назру ли-асҳоб ал-азриҳати вал-авлиё ас-солиҳин ботилун би-ижмоъ ал-фуқаҳо» сарлавҳали мақола.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг