Намозда сутра томонга юриш ҳақида

2

Намозда сутра томонга юриш ҳақида

Савол:

Намозда имомга кечикиб эргашган одам имом салом бергандан кейин етишмаган ракатларини тўлдириш учун турганда сутра[1] тарафга силжиб олиши вожиб ҳисобланадими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Намозда етиша олмаган ракаатларини тўлдириш учун турган одам сутра тарафга силжиб олиши вожиб эмас. Бироқ сутра томонга озгина силжиб олса зарари йўқ. Баъзи фуқаҳолар бундай ҳолатда олдидан одам ўтиб кетиш хавфи борлиги учун сутра тарафга силжиб олишни мустаҳаблигини айтишган. Жумладан, “Минаҳул-Жалил”[2]да шундай дейилган:

“Имомга эргашган одам етишмаган ракатларини тўлдиришга турганида олдидан одам ўтиб кетишидан қўрқса, ўзини тўсиб турадиган сутра тарафга юриши мустаҳабдир…”.

 Баъзи Ҳанафий фуқаҳолари етишмаган ракаатларини тўлдираётган кишига намозини тугатгунча имомнинг сутраси кифоя қилади, дейишган. Демак, ҳар қандай ҳолатда ҳам сутра тарафга озгина юриб бориш вожиб эмас, балки сутра томонга юриб борганда ҳам зарари йўқ, деб ўйлаймиз, валлоҳу аълам.

[1] “Сутра” дегани намозхоннинг олдида – қибла томонда ердан кўтарилиб турадиган бирон нарсадан иборат бўлиб, кишининг намоз ўқиётганини билдириб туради. Шундан келиб чиқиб, бошқаларнинг намозхон билан олдидаги сутра оралиғидан унинг олдини кесиб ўтиши жоиз бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Агар биронтангиз намоз ўқисангиз, бирон сутрага қарата намоз ўқисин ва (имкон қадар) сутрага яқинроқ турсин; шайтон унинг намозини кесмасин” (Ҳасан, Абу Довуд (698) ва Ибн Можа (954) ривоят қилишган. Шунингдек, “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да ҳам шунга яқин ҳадис собит бўлган). Намозхон учун “сутра” тутиш жумҳур уламолар наздида мустаҳаб саналади. Айрим уламолар эса сутра тутишни вожиб деганлар.

[2] “Минаҳул-Жалил шарҳу мухтасарил-Халил” асари, муаллиф Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Иллиш Моликий (1217 – 1299 ҳ.).

Discussion2 fikr

  1. abu zakariyo

    Ассалому алайкум робиул ойи муборак болсин биз робиул ойига кирдик пайганбаримиз с.а.в.шу ойда дунйога келган экан мухаммат с.а.в ким шу ойни бошкаларга эслатса жаннатга киради деганлар биз хам жаннатга кириш ниятида эслатдик

    шу хақида аниқ малумот бўса хабардор қилсанглар яхши бўларди ватсапп ва бошқа тармоқларда тарқаляпти

Reply To abu zakariyo Cancel Reply