Туманли тарих (26): Усмон разияллоҳу анҳуга қўйилган айбловлар (2)

0

Усмон разияллоҳу анҳуга қариндош бўлган волийлар

  1. Муовия ибн Абу Суфён

Муовия ибн Абу Суфённинг энг яхши волийлардан эканига ҳеч ким шубҳа билдирмаган. Шом аҳли Муовия разияллоҳу анҳуни қаттиқ яхши кўрарди. Дастлаб Умар разияллоҳу анҳу Муовияни Шомга волий этиб жўнатди. Усмоннинг бор-йўқ қилган иши уни ўз ўрнида қолдириб, баъзи вилоятларни қўшиб бергани бўлди.

Муовия разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ваҳий котибларидан бўлган!

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Энг яхши пешволарингиз сизлар уларни яхши кўрадиган, улар хам  сизларни яхши кўрадиган ва сизлар уларнинг ҳақларига дуо қиладиган, улар ҳам сизларнинг ҳақларингизга дуо қиладиган раҳбарларингиздир[1].

Муовия разияллоҳу анҳу мазкур ҳадисда таърифланган пешволардан бўлган.

  1. Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ

Аввал саҳобалар сафида юрган Абдуллоҳ ибн Саъд кейин Аллоҳнинг динидан қайтган. Сўнг Аллоҳ таолога тавба қилиб, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат бермоқ учун қайтиб келган.

– Эй Аллоҳнинг Расули, унинг байъатини қабул қилинг, у тавба қилиб келди, – деб Усмон разияллоҳу анҳу ўртага тушади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабул қилмайдилар. Усмон разияллоҳу анҳу иккинчи ва учинчи марта ўртага тушганларидан сўнг байъат учун қўлларини чўздилар[2]. Абдуллоҳ ибн Саъд қилган ишидан тўлиқ пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолога тавбалар қилди. Энг яхши волийлардан ҳисобланган бу инсон Африка ерларини фатҳ этиб, улкан зафарларни қўлга киритди.

Имом Заҳабий ёзади: “Фатҳ йили Исломга кирганидан буён қораланадиган бирон иш қилмаган. Энг оқил ва бағрикенг эрлардан эди”[3].

Африкадаги барча фатҳлар Абдуллоҳ ибн Саъд раҳбарлиги остида кечди.

  1. Саид ибн Ос

Саид ибн Ос разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг яхши саҳобаларидан бўлган.

Имом Заҳабий ёзади: “Саид ибн Ос шарафли, мақтовли, виқорли, очиққўл, очиқдил, фаросат ва ақл эгаси, халифаликка лойиқ бир амир эди!”[4]

  1. Абдуллоҳ ибн Омир ибн Курайз

Абдуллоҳ ибн Омир Кисро ерлари ва Хуросонни фатҳ қилган. Усмон разияллоҳу анҳу халифалиги даврида Форс давлати унинг қўли билан қулатилган. Сижистон, Кармон ва бошқа юртларни Ислом ерларига қўшган. Имом Заҳабий уни арабларнинг мард, сахий ва улуғ раҳнамоларидан деб таърифлаган[5].

  1. Валид ибн Уқба

Шаъбийнинг ҳузурида Ҳабиб ибн Маслама зикр қилиниб, унинг жанглари ва фатҳлари эсга олинди.

– Сизлар Валидни, унинг ғазоти ва амирлигини кўрганингизда эди! – деди Шаъбий[6].

Валид ибн Уқба Кўфа шаҳрида беш йил амир бўлди. Бу вақтда унинг уйида дарвоза йўқ эди. Ким хоҳласа, келиб мурожаат қилаверарди. Одамлар Валидни яхши кўришар эди. Лекин унутмайлик: улар Кўфа аҳли эди.

Валид ибн Уқбага иккита айб қўйилган.

Биринчи айблов: Қуйидаги оят Валид ибн Уқба ҳақида нозил бўлган:

Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар” (Ҳужурот, 6-оят).

Тафсир китобларида ёзилишича, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Валид ибн Уқбани Бани Мусталиқ садақотини, яъни закотини йиғишга жўнатганлар. Валид бориб қараса, улар рўпарадан чиқиб келаётган эканлар. Қўрқиб кетган Валид орқасига қайтиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга “Улар мени ўлдирмоқчи бўлишди”, дейди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланиб уларнинг устига Холид ибн Валид разияллоҳу анҳуни жўнатадилар. Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил этгач, Пайғамбаримиз ҳақиқий аҳволни аниқлашни буюрадилар. Ниҳоят ҳаммаси ўз ўрнига тушади. Бани Мусталиқ қавми деди:

– Биз урушгани йўлга чиққанимиз йўқ. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафдан юбориладиган киши кечиккани боис закотимизни олиб ўзимиз келаётган эдик.

Иккинчи айблов: Бомдод намозини маст ҳолда одамларга имом бўлиб ўқиди. Валид бомдоднинг фарзини тўрт ракаат ўқиб, салом берди-да, “Яна қўшайми?” деб сўради.

– Бугундан бошлаб қўшиб ётибсан! – дейишди. Сўнг одамлар Усмонга шикоят қилишди. Амирулмўминин Валидга ароқ ичганнинг жазосини белгилаб, дарралатди.

Усмон разияллоҳу анҳунинг Валидга ароқ ичган кишининг жазосини бергани “Саҳиҳи Муслим”да ривоят қилинган[7].

Биринчи айбловга жавоб қуйидагича: Тафсир китобларида ёзилганидек,[8] мазкур оят Валид ибн Уқба ҳақида нозил қилинган бўлса-да, бундан Валиднинг фосиқлиги келиб чиқмайди. Чунки оят барча хабар келтирадиган кишилар ҳақида умумий ҳукм беряпти. Аллоҳ таоло Валидни “фосиқ кимса” деб атагани унинг бир умр фосиқ бўлиб қолишини англатмайди. “Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар. Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир. Аммо шу (қилмишларидан) сўнг тавба қилиб (ўзларини) тузатган кишилар (фосиқ эмаслар). Зеро, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир” (Нур, 4-5 оятлар).

Фараз қилайлик, мана шу оятлар Валид ибн Уқба ҳақида нозил бўлди. У тавба қилиши мумкинми?!

Валиднинг хамр (ароқ) ичганлиги масаласига келсак, биз имом Муслимга ишонамиз, ҳақиқатда Валид дарраланган. Лекин ҳақиқий аҳвол Аллоҳга маълум. Яъни Валид аслида ароқ ичганми-йўқми, бу алоҳида мавзу.

Валид ибн Уқба Кўфага волий этиб тайинлангач, кўфаликлардан икки киши Мадинага Амирулмўминин  ҳузурига келди.

– Валид ибн Уқба маст ҳолида бизга имомлик қилиб бомдод намозини ўқиганини кўрдик! – дейишди.

Уларнинг бири “маст эканини кўрдим”, деди, иккинчиси “қайт қилаётганини кўрдим”, деб айтди.

– Хамр ичганидан кейин уни қайт қилган! – деди Усмон разияллоҳу анҳу.

Амирулмўминин ҳузурида Али, Ҳасан ибн Али ва Муҳаммад ибн Жаъфар разияллоҳу анҳум бор эдилар. Усмон разияллоҳу анҳу Валидни дарралашни буюрди, сўнг уни ишдан четлатди.

Баъзи аҳли илмлар юқоридаги икки гувоҳ хусусида фикр билдиришган. Валиднинг дарралангани имом Муслим ривоят қилганидек ҳақиқат, фақат гувоҳлар ростгўй бўлишганми ёки йўқ, буниси ноаниқ.

Масалани чуқурроқ ўрганмоқчи бўлганлар Муҳибуддин Хатиб таҳрири остида чоп этилган “Ал-авосим минал-қавосим”асарига мурожаат этсинлар. Асарда юқоридаги икки гувоҳнинг ишончсиз бўлгани ёритилган[9].

Агар Уқбанинг хамр ичгани ва дарра урилгани собит хабар ҳисобида қабул қилинса ҳам, бу масалада Усмон разияллоҳу анҳуни айблайдиган ҳеч нарса йўқ. Иккита мусулмон Уқбани хамр ичди, деб гувоҳлик беришди, Амирулмўминин уни дарралатди ва ишдан бўшатди. Усмон разияллоҳу анҳу қаерда нотўғри иш қилди? Аслида мазкур воқеа Амирулмўмининга айблов эмас, мақтов бўлиши керак. Чунки Усмон қариндоши ва волийсини аяб ўтирмаган. Биз китобимиз муқаддимасида саҳобаларнинг хатодан маъсум эмаслигини айтган эдик. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу замонида ҳам юқоридагига ўхшаш иш содир бўлган эди. Ибн Мазъун Аллоҳ таолонинг мана бу оятини нотўғри таъвил қилиб хамр ичганди:

Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун – агар (ҳаром нарсалардан) сақланиб иймон ва яхши амалларида собит бўлсалар, сўнгра ўзларини сақлаб (у нарсаларнинг) ҳаромлигига иймон келтирсалар, сўнгра Аллоҳдан қўрқиб чиройли амаллар қилсалар – (илгари) еб-ичган нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ чиройли амал қилувчиларни севади” (Моида, 93-оят).

Умар разияллоҳу анҳу Ибн Мазъунга оятни яхшилаб тушунтириб, сўнг уни ишдан бўшатган эди.

Хуллас, Усмон разияллоҳу анҳуга қон-қариндош ҳисобланган волийлар тарихи қисқача ана шундай. Уларнинг ичида фақат биттаси сабабли Амирулмўмининни айблаш мумкин бўлса, бу айблов ҳам Усмонга эмас, Валид ибн Уқбанинг ўзига тегишлидир.

[1] Муслим ривояти, 1855-ҳадис.
[2] Абу Довуд ривояти, 4359-ҳадис.
[3] “Сияр аълом ун-нубало”, 3/34.
[4] Аввалги манба, 3/445.
[5] Аввалги манба, 3/21.
[6] “Тарих ут-Табарий”, 2/610. Ҳижрий 30 йил.
[7] “Саҳиҳи Муслим”, 1707-ҳадис.
[8] Аҳмад ривояти, 4/279.
[9] “Ал-авосим мин ал-қавосим”, 107-108-бетлар ҳошияси.

Изоҳ қолдиринг