Туманли тарих (30): Усмон Ибн Аффоннинг ўлдирилиши

0

Усмон разияллоҳу анҳуга қарши турли айбловлар чор атрофга ёйилгач Басра, Кўфа ва Мисрдан бир гуруҳ одамлар ҳижрий ўттиз бешинчи йили ўзларини ҳажга бораётгандек кўрсатиб Мадина сари йўл олишди. Уларнинг асл мақсадлари Усмон разияллоҳу анҳуга қарши исён кўтариш эди. Исёнчиларнинг аниқ сони ҳақида турлича ривоятлар бор. Кимдир уларни Кўфадан икки минг, Басрадан икки минг ва Мисрдан икки минг киши, деса, яна кимдир ҳаммаси бўлиб икки минг киши бўлган деб ёзади. Бошқа ривоятларда яна ҳар хил сонлар бор. Бу борада бирон аниқ маълумот мавжуд эмас. Бироқ нима бўлганда ҳам, уларнинг адади икки минг билан олти минг орасида бўлгани аниқ.

Ўз қабилаларининг жанговор вакиллари саналган бу кимсалар қўрқитиш ёхуд куч ишлатиш орқали Усмон разияллоҳу анҳуни халифаликдан ағдаришни қасд қилган эдилар.

Зулқаъда ойининг охирларида улар Амирулмўминин уйини ўраб олиб, ундан ўз ихтиёри билан халифаликдан воз кечишни талаб қилишди. Қамал Зулҳижжа ойининг ўн саккизинчи кунига қадар давом этди. 18-куни Усмон разияллоҳу анҳу ўлдирилди.

Усмон разияллоҳу анҳунинг уй қамоғини баъзилар 40 кун, яна бировлар бошқача муддат давом этган дейдилар. Ҳар бир сўзни эътиборга олганда ҳам қамал қирқ бир кундан ортиқ чўзилмаган.

Амирулмўминин ўз уйида қамалда қолиб, масжидда намоз ўқишдан, ҳатто сувдан маҳрум этилди. Фитначиларнинг етакчиларидан бўлган бир кимса одамларга имомлик қилиб турди.

Убайдуллоҳ ибн Адий ибн Хиёр Амирулмўмининнинг олдига кириб сўради:

– Фитначи имом одамларга намоз ўқиб беряпти. Биз нима қилайлик?

Усмон разияллоҳу анҳу жавоб бердилар:

– Намоз одамлар қиладиган энг яхши амалдир. Агар улар яхши иш қилсалар, яхши ишни сен ҳам қўшилиб бажар. Агар ёмон иш қилсалар, уларнинг ёмонлигидан четлан![1]

Усмон разияллоҳу анҳуни ҳимоя қилиш учун отилиб чиққан баъзи саҳобалар у зотнинг уйига кириб ўтирдилар. Ҳасан ибн Али, Ҳусайн ибн Али, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Ҳурайра, Муҳаммад ибн Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Абдуллоҳ ибн Умар улар жумласидандир. Улар Усмон разияллоҳу анҳуга қасд қилган боғийлар қаршисига қилич яланғочлаб чиқдилар[2].

Мўминлар онаси Сафия разияллоҳу анҳо хачир миниб Усмоннинг уйига келди. Хачирни онамизнинг Кинона исмли қули етаклаб келарди. Аштар уларнинг йўлини тўсиб, хачирнинг бошига урди.

– Мени қайтариб олиб кетинглар, манави ит шаънимни ерга урмасин, – деди Сафия разияллоҳу анҳо[3].

Усмон разияллоҳу анҳу саҳобаларни уруш чиқаришдан қайтарди. Баъзи ривоятларга кўра Амирулмўмининни ҳимоя қилиш учун саҳобаларнинг фарзандларидан етти юздан зиёдроқ киши ҳозир бўлишган. Барибир кучлар нисбати тенг эмасди. Боғийлар сонини энг кам, яъни икки минг киши деб олсак ҳам ҳимоячилар уларнинг ададига етишига анча бор эди.

Абдуллоҳ ибн Омир ибн Рабиа айтади: “Мен Усмон билан бирга ҳовлида эдим.

– Менга итоат этмоқни ўзига вожиб деб биладиган барчага қўли ва қиличини тийишни буюраман! – деди Амирулмўминин”[4].

Ибн Сириндан ривоят: “Зайд ибн Собит Усмоннинг олдига келиб деди:

– Дарвоза олдида ансорлар турибди. Улар “Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга ансорлик қилганимиздек яна бир марта сизнинг ансорингиз бўлишга тайёрмиз!” дейишмоқда.

– Агар уруш кўзда тутилган бўлса, йўқ! – деб жавоб берди халифа”[5].

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо Усмоннинг ёнига кирди.

– Эй Ибн Умар, манави одамлар: “Халифаликдан воз кечинг, ўзингизни ҳалок қилманг”, дейишмоқда. Сен нима дейсан? – сўради Усмон разияллоҳу анҳу.

– Халифаликдан воз кечсангиз дунёда абадий яшайсизми?

– Йўқ!

– Аллоҳ сизга кийдирган (халифалик) либосини ечишингиз тўғри эмас, деб ўйлайман. Чунки кейин бу одат тусига кириб қолади. Қайси халифа ёхуд раҳбарни ёқтирмасалар, олиб ташлайверишади”[6].

Усмон разияллоҳу анҳу қулларига шундай деди:

– Қуролини қўйган ҳар бир киши Аллоҳ юзи учун озоддир.

Амирулмўминин жанг қилишни ман этди.

Шунга қарамасдан Қурайшнинг тўрт нафар мард йигити Усмон разияллоҳу анҳуни ҳимоя қилиб қора қонга ботишди. Улар Ҳасан ибн Али, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Марвон ибн Ҳакам ва Муҳаммад ибн Ҳотиблар эди[7].

[1] “Саҳиҳи Бухорий”, 695-ҳадис.
[2] “Бидоя ва ниҳоя”, 7/184.
[3] Ибн Саъд “Табақот”да (8/1280) ҳасан санад билан ривоят қилган.
[4] Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да (15/204, 19508-рақам) саҳиҳ санад билан ривоят қилган.
[5] Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да (15/205, 19509-рақам) саҳиҳ санад билан ривоят қилган.
[6] Имом Аҳмад ривояти, 1/473, 767-рақам. Санади саҳиҳ.
[7] Ибн Абдулбар. “Истийъоб”, 3/78 (“Исоба” ҳошиясида чоп этилган).

Изоҳ қолдиринг