Дард ва даво (119): Тилни ҳаром ва беҳуда сўзлардан сақлаш

0

Бўлим

Гуноҳлар кирадиган асосий тўрт эшикдан учинчиси сўзлардир.

Дарҳақиқат, тилни сақлаш инсон беҳуда сўзларни гапирмаслиги, динига фойдаси тегишини умид қилган сўзларнигина гапириши билан рўёбга чиқади. Бир сўзни айтмоқчи бўлса, дастлаб унинг фойдаси ва манфаати ҳақида ўйлайди. Манфаати бўлмаса, гапирмайди. Агар манфаати бўлса, қарайди: шу сўзни гапириш билан ундан каттароқ манфаатни қўлдан бой бериб қўймайдими? Агар шундай бўлса, бу сўзни гапираман деб ўша манфаатлироғини зое қилмайди.

Инсон қалбидаги нарсани билмоқчи бўлсангиз, унинг тилига назар солинг. Зеро, тил инсон – истайдими, йўқми –  қалбидаги нарсани ташқарига чиқаради.

Яҳё ибн Муоз айтади: “Қалб қозонга ўхшайди, ичидаги нарса билан қайнайди. Тил эса унинг чўмичи. Инсон гапираётганида сўзига назар солинг, тили сизга қалбидаги нарсани: ширинию аччиғини, шўрию чучугини ва бундан бошқа нарсаларни олиб чиқади. Тили қалбининг таъмини (ҳолатини) кўрсатиб беради”[1].

Яъни тилингиз билан қозондаги таомнинг таъмини татиб кўриб, унинг ҳақиқатини (мазасини) билганингиз каби инсоннинг қалбидаги нарсани унинг тили орқали татиб кўрасиз.

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Банданинг қалби ўнгланмагунча иймони ўнгланмайди, тили ўнгланмагунча қалби ўнгланмайди[2].

Пайғамбаримиздан одамларни дўзахга энг кўп киритадиган амал ҳақида сўралганда: “Оғиз (яъни тил) ва жинсий аъзо[3], деб жавоб берганлар. Термизий раҳимаҳуллоҳ: “Саҳиҳ ҳадис”, деган.

Муоз разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амал ҳақида сўрайди. У зот Ислом динининг боши, устуни ва энг олий чўққиси ҳақида хабар бергач: “Буларнинг барчасининг тизгинини айтайми?” дедилар. “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, деди Муоз. У зот тилларини ушлаб: “Мана буни тий!” дедилар. Муоз: “Гапирган сўзимиз учун ҳам жавобгар бўламизми?” деди. Пайғамбаримиз дедилар: “Шўринг қўрғур, эй Муоз! Одамларни дўзахга юзлари (ёки тумшуқлари) билан ташлаётган нарса тилларининг ҳосиласи эмасми?![4]. Термизий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис ҳақида: “Саҳиҳ ҳадис”, деган.

Қизиғи шундаки, инсон ҳаром луқма ейишдан, зулмдан, зинодан, ўғирлик қилишдан, маст қилувчи нарсани ичишдан, ҳаром нарсага қарашдан ва ҳоказо ҳаром ишлардан ўзини тийиши ва сақланиши осон кечиши мумкин. Бироқ тилининг қимирлашини идора қилиши қийин. Одамлар орасида диндорлиги, тақводорлиги ва ибодатгўйлиги билан машҳур бўлган инсон эътиборсизлик ила Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган биргина сўзни айтиб, оқибатда машриқ ва мағриб орасидаги масофадан ҳам узоқроқ масофага дўзах қаърига тушади. Фаҳш ишлар ва зулмнинг яқинига ҳам йўламайдиган қанча кишилар борки, тиллари тиригу ўлганлар тўғрисида гапиришдан, уларни ғийбат қилишдан тўхтамайди ва айтаётган сўзларига эътибор бермайди.

Айтган сўзларимнинг тасдиғини кўрмоқчи бўлсангиз, имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Жундуб ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисга бир назар солинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир киши: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло фалончи одамни кечирмайди”, деб айтди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла деди: “Менинг номимга қасам ичиб, Мен ҳақимда “Аллоҳ фалончини кечирмайди” деб айтадиган одам қани?! Дарҳақиқат, унинг (яъни Аллоҳ кечирмайди деган банданинг) гуноҳини кечирдим ва сенинг амалингни (яъни ушбу сўзни айтган банданинг амалини) пучга чиқардим[5].

Аллоҳ таолога кўп ибодат қилган ибодатгўй банданинг амалларини биргина сўз пучга чиқариб юборади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ҳам мазкур мазмундаги ҳадисни ривоят қилгач, ортидан: “Биргина сўз айтиб, дунё ва охиратини куйдириб юборди”[6], деган экан.

“Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда Аллоҳни рози қиладиган биргина сўзни аҳамият бермай гапиради-да, Аллоҳ шу сабабли унинг даражасини кўтаради. Яна бир банда Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган биргина сўзни эътибор қилмай айтади-да, шу сабабли жаҳаннамга тушади[7].

Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобидаги ҳадисда: “Банда биргина сўзни унинг мазмунига қарамай айтиб қўяди-да, шу сабабли жаҳаннам қаърига машриқ билан мағриб оралиғидаги масофадан ҳам узоқроқ бўлган масофага тушади[8], дейилган.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ Билол ибн Ҳорис Музаний разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бирингиз Аллоҳни рози қиладиган бир сўзни айтади, лекин уни бу даражада улуғ сўз бўлади деб ўйламайди. Шу сўзи сабабли то Аллоҳга йўлиқадиган кунга қадар унга Ўз розилигини ёзиб қўяди (яъни ундан рози бўлади). Яна бирингиз Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган бир сўзни айтади, лекин уни бу даражада ёмон сўз бўлади деб ўйламайди. Шу сўзи сабабли то Аллоҳга йўлиқадиган кунга қадар унга Ўз ғазабини ёзиб қўяди (яъни унга ғазаб қилади)[9].

Алқама раҳимаҳуллоҳ айтади: “Билол ибн Ҳориснинг ҳадиси мени қанчадан-қанча сўзларни айтишимдан тийган (тўхтатган)”.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Анас разияллоҳу анҳу айтади: “Бир саҳобий оламдан ўтди. Бир киши: “Сенга жаннат муборак бўлсин!” деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қаердан биласан?! Балки у ўзига тааллуқли бўлмаган беҳуда сўзни гапирган ёки мол-мулкини камайтирмайдиган нарсани беришга бахиллик қилгандир”, дедилар”[10]. Имом Термизий ҳасан ҳадис деган.

Бошқа бир ривоятда айтилишича, Уҳуд жангида бир бола шаҳид бўлади. Қарашса, очлигидан қорнига тош боғлаб олган экан. Онаси унинг юзидан тупроқни сидириб: “Болагинам, сенга жаннат қутлуғ бўлсин!” деди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қаердан биласан?! Балки у ўзига кераксиз сўзни гапирган ёки (мол-дунёсига) зарар етказмайдиган нарсани бермаган бўлсачи?!”.

“Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки сукут сақласин[11].

Имом Муслим ривоятида: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бир ишга гувоҳ бўлганида яхши сўзларни гапирсин ёки жим турсин”[12], дейилган.

Термизий раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ санад билан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Инсон ўзига тегишли бўлмаган ишни тарк қилиши унинг исломи гўзал эканига далолат қилади[13].

Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий разияллоҳу анҳу айтади: “Мен дедим: “Ë Расулуллоҳ, менга бир сўз айтингки, сиздан кейин у ҳақда ҳеч кимдан сўрамайин”. У зот дедилар: “Аллоҳга иймон келтирдим, деб айт, сўнг истиқоматда бўл (яъни динни маҳкам ушла, ундан оғиб кетма)”. “Ë Расулуллоҳ, мен учун энг қаттиқ қўрқадиган нарсангиз нима?” деб сўрадим. Шунда у зот тилларини ушлаб: “Мана бу”, деб жавоб бердилар”[14]. Саҳиҳ ҳадис.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Умму Ҳабиба разияллоҳу анҳо ривоят қилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одам боласининг гапирган барча сўзи ўзининг зиёнига бўлади. Фақат яхшиликка буюрган, ёмонликдан қайтарган ёки Аллоҳни зикр қилган пайтда айтган сўзи бундан мустаснодир[15]. Термизий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳасан ҳадис”, деган.

Бошқа ҳадисда бундай дейилади: “Банда тонг оттирганда унинг барча аъзолари тилига бўйсуниб: “Аллоҳдан қўрқ! Биз ҳақимизда ўйла. Биз сенга боғлиқмиз. Агар тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар ҳақдан оғсанг, биз ҳам оғиб кетамиз”, дейишади[16].

Салафи солиҳлар “Бугун иссиқ, бугун совуқ” деб айтган сўзлари учун ҳам ўзларини тергар эдилар.

Айтилишича, катта аҳли илмлардан бири[17] вафот этгач, бир киши уни тушида кўрибди. Ундан: “Ҳолингиз қандай кечяпти?”, деб сўрабди. “Айтган биргина сўзим учун ҳисоб беряпман. Бир куни: “Одамларга ёмғир жуда керак бўляпти-да”, деган эдим. Энди менга: “Сен қаердан биласан? Бандаларимга нима кераклигини Мен яхшироқ биламан”, деб айтилди”, деб жавоб берибди.

Бир куни саҳобаларнинг бири хизматчисига: “Дастурхонни олиб кел, бир кўнгил ёзайлик”, деди-да, кейин: “Астағфируллоҳ! Шу кунгача гапирган ҳар бир гапимни нўхталаб, жиловлаб келардим. Аммо мана шу сўзим нўхтасиз, жиловсиз чиқиб кетди”[18], деди.

Тана аъзолари ичида энг осон қимирлайдигани тил ва баданга энг зарарлиси ҳам у.

Банда гапирган ҳар бир сўз ёзиб бориладими ёки фақат яхши ва ёмон сўзларими, деган масалада салафи солиҳлар ва улардан кейинги уламоларимиз икки хил фикрни айтишган. Тўғрироғи биринчиси, яъни банданинг ҳар бир сўзи ёзиб борилади[19].

Салафи солиҳлардан бири айтади: “Одам боласининг гапирган ҳар бир сўзи унинг фойдасига эмас, балки зиёнига хизмат қилади. Фақат Аллоҳни зикр қилиш ва Аллоҳ яхши кўрган сўзларни гапириш бундан мустасно”.

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу тилини ушлаб: “Мана шу мени ҳалокатга дучор этди”, деб айтар эди.

Сўз сенинг асиринг. Агар оғзингдан чиқса, сен унинг асирига айланасан.

Аллоҳ таоло банда гапирган ҳар сўздан хабардор. Аллоҳ таоло айтади: “Банда бирон сўзни талаффуз қилмасин, албатта унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)” (Қоф, 18).

Тилнинг иккита катта офати бор. Банда уларнинг биридан қутулса, иккинчисига гирифтор бўлади. Улар гапириш офати ва жим туриш офати. Баъзан бирининг гуноҳи иккинчисиникидан каттароқ, баъзан бунинг акси бўлади. Ҳақни айтмай жим турган одам – агар жонига хавф-хатар бўлмаса – соқов шайтон, Аллоҳга осий, риёкор ва лаганбардор ҳисобланади. Ботилни гапирадиган одам гапирадиган шайтон ва Аллоҳга осий банда ҳисобланади. Кўпчилик одамлар керакли ўринда гапирмайди ёки сукут сақламайди. Улар юқорида айтилган икки ҳолатнинг бирида бўлишади.

Ўрта йўлдаги – тўғри йўлдаги одамлар эса ботилни гапиришдан тилларини тийишади ва охиратларига фойдаси тегадиган сўзларнигина гапиришади. Улар охиратларига зиёни тегадиган сўз уёқда турсин, бефойда ва зое кетадиган бирон сўзни гапирганини кўрмайсиз. Зеро, банда қиёмат куни тоғлардек савоб билан келиши ва унинг барчасини тили кўкка совуриши мумкин. Бунинг акси ўлароқ, бир банда тоғлардек гуноҳ билан келиши, тили билан Аллоҳни зикр қилиш ва шунга ўхшаш хайрли сўзларни гапириши орқали гуноҳларининг барчасини йўққа чиқариши ҳам мумкин.

[1] Абу Нуайм, “Ҳилят ул-авлиё”, 10\67.
[2] Аҳмад, 3\198, 13048; Қузоий, “Муснад уш-шиҳоб”, 887.
[3] Термизий (2004), Ибн Можа (4246), Бухорий (“Ал-адаб ул-муфрад”, 294) ривояти.
[4] Термизий (2616) ва Ибн Можа (3973) ривояти.
[5] Муслим ривояти, 2621.
[6] Абу Довуд (4901) ва Аҳмад (2\323, 8292) ривояти.
[7] Бухорий ривояти, 6478. Имом Муслим мазкур ҳадисни бошқа санад билан ривоят қилган.
[8] Бухорий (6477) ва Муслим (2988) ривояти.
[9] Термизий (2319), Ибн Можа (3969), Аҳмад (3\469, 15852) ривояти.
[10] Термизий (2316), Ибн Абу Дунё (“Ас-сомт”, 109), Абу Яъло (4017), Абу Нуайм (“Ал-ҳиля”, 5\56) ривояти.
[11] Бухорий (6475) ва Муслим (47) ривояти.
[12] Муслим ривояти, 1468.
[13] Термизий (2317), Ибн Можа (3976), Ибн Ҳиббон (229), Қузоий (“Муснад аш-шиҳоб”, 192), Ибн Абдулбар (“Ат-тамҳид”, 9\198-199) ривояти.
[14] Муслим ривояти, 38.
[15] Термизий (2412), Ибн Можа (3974), Бухорий (“Ат-тарих”, 1\261-262), Ҳоким (3892) ва бошқалар ривоят қилган.
[16] Термизий (2407), Абу Яъло (2\1185-рақам), Абу Нуайм (“Ал-ҳиля”, 4\309), Абдулбар (“Ат-тамҳид”, 21\40) ва бошқалар ривоят қилган.
[17] У Жунайд раҳимаҳуллоҳ. Қаранг: “Ат-тадвин фи ахбори Қазвийн”, 1\264.
[18] Аҳмад (17114), Ибн Муборак (“Аз-зуҳд”, 843), Ибн Абу Дунё (“Ас-сомт”, 438), Абу Нуайм (“Ал-ҳиля”, 6\77-78).
[19] Қаранг: “Тафсири Табарий”, 21\424; “Ал-муҳаррар ал-важийз”, 5\160; “Мажмуъ ал-фатово”, 7\49; “Мадориж ас-соликийн”, 1\114.

Изоҳ қолдиринг