Пайғамбар уйида бир кеча: бешинчи аёлнинг ҳикояси

0

Бешинчи аёлнинг ҳикояси

Бешинчи аёл: “Эрим уйда қоплон, кўчада арслон, кўрганин сўрамас ҳеч он” – дея гап бошлади. Ҳадисни шарҳлаган олимлар унинг бу сўзлари билан эрини мақтаётганлиги ёки ёмонлаётгани борасида ихтилофлашишган. Лекин тўғрироғи, бу аёл эрини мақтаяпти. У эрини қоплонга ўхшатди. Айтишларича, қоплон уйқучи бўлар экан. Уйқучи одам эса кўп нарсаларга беэътибор бўлади. Демак, аёл эрини беэътиборлик – кўриб кўрмаганга олиш, билиб билмаганга солиш хислати билан сифатлаяпти. Баъзи эркаклар ҳаддан ошиқ синчков бўлишади, уйдаги ҳамма нарсаларни кузатиб юришади. Аёл киши учун бундай эркак билан яшаш жуда ҳам қийин. Шунинг учун эр киши ўзини озгина билиб билмаганга солиб юриши керак экан.

Бир бадавийдан: “Қандай одам ақлли ҳисобланади?” – деб сўралганида у: “Зийрак бўла туриб, ўзини ғофилга солиб юрган одам”, яъни қасддан ўзини билмасликка солиб юрадиган одам, деган экан. Инсон ўзининг билишини аёлига билдириб қўйиши шарт эмас. Акс ҳолда эр-хотин ўртасидаги ҳаловат йўқолади.

Яхши эр хотини билан муроса қилади

Инсон ҳамма унга итоат қиладиган бошчи ёки барчага суюкли подшоҳ бўлса ҳам, қўл остидагилари билан муроса қилиши керак. Муроса қилиш ҳақиқий доно ва зийрак мусулмонга хос хулқ. Эр-хотин ўртасидаги аксар муаммоларнинг сабаби эркак хотини билан муроса қилолмаганидадир. Аслида эркак бироз ўзини билмасликка олса, бу муаммолар тинчгина ечилиб кетади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни мана шундай ўзини билмасликка олишга буюриб: “Аёл қовурғадан яратилган. Қовурғаларнинг энг қийшиғи энг юқорисидагидир. Агар сен уни тўғирлайман десанг синдириб қўясан. Индамасанг, қийшиқлигича қолади. Шундай экан, аёлларни “қийшиқ”лигича қабул қилинглар!” – дедилар. Табиийки, ҳар қандай аёлда баъзи бир камчиликлар бўлади. Эркак киши мана шу камчиликка мослашиши ва шунга мос муомала қилиши керак. Демак, вақти келганда эркак ўзининг эркаклик ғурурини унутиб, аёлларга мос муомалада бўлиши керак.  Зеро, чинакам эркакларга хос донолик ҳам шунда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ер куррасида яшаган энг афзал ва энг обид зот эдилар. Шундай улуғ мартабада бўла туриб, бир куни саҳобаларга: “Олдинроқда юринглар!” – дедилар ва Ойша онамизга қараб: “Келинг, мусобақа қиламиз!” – дедилар. Ойша онамиз шундай ҳикоя қиладилар: “Мен Расулуллоҳ билан мусобақа ўйнаб, у кишидан ўзиб кетдим. Вақтлар ўтиб мен бу воқеани унутдим ва олдингига қараганда семириб қолдим. Бир ғазотга чиққанимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Олдинроқда юринглар!” – дедилар ва менга: “Келинг, мусобақа қиламиз!” – дедилар. Мен у киши билан мусобақа ўйнадим, у киши мендан ўзиб кетдилар ва кулиб: “Мана энди биру бир бўлди” – дедилар”. Бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг обрўларини тушурмади. Аксинча, янада мартабаларини оширди.

Агар сиз аёлингизга унинг аёллигидан келиб чиқиб муомала қилмас экансиз, у билан теппа-тенг муомалада бўлмоқчи бўлсангиз, демак сиз уйда бошқа бир эркак билан яшамоқчисиз ва бу нотўғридир. Чунки сиз бошқа бир эркак билан яшай олмайсиз. Агар аёл жиддий бўлиб, табиати эркаклардек бўлса, сиз у билан асло бирга яшай олмайсиз. Демак, хотинингиз билан муомала қилар экансиз, баъзи масалаларда эркаклик даражасидан аёллик даражасига тушушингиз керак ва мана шу тушиш муроса деб аталади. Масалан, баъзи бир аёллар ҳамиша эридан норози бўлади. У доим эрига қарата: “Ҳеч нарсани тушунмайсиз, ҳеч нарсани билмайсиз, доим алданиб юрасиз” – деб уни койийди. Агар эри унга бирор совға сотиб олса ва савдогар ҳақиқатдан ҳам унга арзонга берган бўлса ҳам, хотини ундан: “Қанчага олдингиз?” – деб сўрайди. “Қирқ сўмга олдим” – деса: “Ҳаҳ, алдабдида. Агар мен олганимда, йигирма сўмга олардим” – деб, эрини совға олганига пушаймон қилади. Шуни ўрнига эрига: “Раҳмат, дадажониси, бахтимизга омон бўлинг, Аллоҳ ишингизга ривож берсин”,– деса олам гулистон-ку!

Эркак киши бирор нарса сотиб олганида хотини унга: “Яна алданибсизда-а?!” – дейишини билса, кайфиятини бузмасдан: “Буни менга совға қилишди” – деб қўя қолгани маъқул. Аёлингизнинг хулқи шунақа эканини билсангиз, ўзингизга қийин қилмасдан муроса қилиш керак. Зеро, муроса қилиш билимдон мусулмоннинг хулқидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам муроса қилганлари барчамизга аён.

Муроса қилиш жоизлигига Ойша розияллоҳу анҳонинг “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да келган қуйидаги ҳадислари далил бўлади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига киришга рухсат сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У жуда ҳам ёмон одам” – дедилар. У одам кирганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни илиқ кутиб олиб, унга яхши гапирдилар. Унинг иши битиб, чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ёмонлаб: “У жуда ҳам ёмон одам” – дедилар, кейин эса унга яхши гапириб, остига кийимларини тўшак қилиб солдилар. Бу воқеани кузатиб турган Ойша розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ, гапингиз бошқа, қилган муомалангиз бошқа бўлди-ку!” – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги энг ёмон одам – ёмонлигидан қўрқиб яхши муомала қилинадиган кишидир” – деб жавоб бердилар. Яъни, энг ёмон кимса одамлар унинг беодоблиги ва тили ёмонлигидан қўрқиб, уни ҳурмат қиладиган кимсадир. Юқоридаги ҳадис муроса қилиш борасидаги асосий далилдир. Бироқ муроса билан мунофиқлик орасида катта фарқ бор.

Демак, мазкур аёл эрини мақтаб: “Эрим уйда қоплон” – деди. У эрини беэътибор – билиб ўзини билмасликка соладиган инсон, деб сифатлаяпти. Чунки қоплон беэътиборлик ва кўп ухлаши билан танилган. Кейин бу гапининг ортидан “яна эримни кўчадаги бир сўтак деб ўйламанглар” деган маънода: “Кўчада арслон” – деди. У эрининг уйда бўлаётган ишларни билиб билмасликка олиши, лекин кўчага чиққанида чинакам мард ва довюрак эркакка айланишини айтиб мақтамоқда.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг