Туманли тарих (35): Жамал жанги (1)

0

Алининг халифалиги даврида бўлиб ўтган муҳим ҳодисалар

Жамал жанги

(Ҳижрий 36 йил)

Али разияллоҳу анҳу халифа этиб сайлаганидан сўнг Зубайр билан Талҳа ундан Маккага бориш учун рухсат сўрашди. Али разияллоҳу анҳу уларга изн берди. Маккада Ойша разияллоҳу анҳо билан учрашдилар. Онамиз Усмон разияллоҳу анҳунинг ўлдирилганидан хабар топган эди. Маккада туриб улар Усмоннинг ўчини олишга қарор қилишади.

Яъло ибн Мунаббиҳ Басрадан, Абдуллоҳ ибн Омир Кўфадан Маккага етиб келишди. Усмон разияллоҳу анҳунинг қасосини олишга бел боғлаган бу одамларнинг барчаси ўзларига эргашганлар билан Басра томон йўлга чиқдилар. Улар ўзларини Усмонни ёрдамсиз ташлаб қўйишда айбдор деб билдилар.

Али разияллоҳу анҳу Мадинада эди. Басрада Али разияллоҳу анҳу томонидан тайинланган волий Усмон ибн Ҳунайф иш юритарди.

Маккадан чиққан қўшин Басрага етиб келди. Волий улардан нима мақсадда келганларини суриштирди.

– Биз Усмоннинг қотилларини излаб келдик! – деб жавоб беришди.

– Али келгунича сабр қиласизлар, – деб Усмон ибн Ҳунайф уларни шаҳарга киритмади.

Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳунинг қотилларига шерик бўлган Жабала етти юз киши билан Макка қўшинига қарши чиқиб, жанг бошлади. Жабала кўп қурбонлар бериб, мағлубиятга учради. Басра аҳлидан кўпчилик Талҳа, Зубайр ва Ойша разияллоҳу анҳум қўшинига келиб қўшилди.

Басра волийси Усмон ибн Ҳунайф билан Маккадан чиққан қўшин ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди деган хабар Али разияллоҳу анҳуга етиб келди. Амирулмўминин ўн минг кишилик қўшин билан Басра томон йўл олди.

Мана шу нуқтада очиқ кўринадики, Талҳа, Зубайр ва Ойша разияллоҳу анҳум қўшини Али разияллоҳу анҳуга қарши бош кўтармаган. Айрим тоифалар даъво қилганидек, Макка қўшини Али разияллоҳу анҳу билан урушишни мақсад қилмаган. Аксинча, Али разияллоҳу анҳу улар томонга қўшин билан борган. Агар Талҳа, Зубайр ва Ойша разияллоҳу анҳум Али билан урушмоқчи бўлсалар, Басрага эмас, Мадинага қараб юришлари керак эди.

Талҳа, Зубайр, Ойша разияллоҳу анҳум ва уларга эргашганлар Али разияллоҳу анҳу халифалигини бекор қилишмаган ва ҳеч қандай ёмон сўз ёки таъна-дашном айтишмаган, бошқа бировга байъат беришмаган ва Али билан урушамиз деб ҳам Басрага келишмаган. Ахир Али разияллоҳу анҳу Басрада эмас, Мадинада эди-ку.

Аҳнаф ибн Қайс айтади: “Усмон разияллоҳу анҳу қамалда қолганидан сўнг Талҳа ва Зубайр билан учрашиб, сўрадим:

– Усмонни ўлдиришади деб ўйлаяпман, нима қилишимни буюрасизлар?

– Али билан бўл! – дейишди.

Усмон разияллоҳу анҳу ўлдирилганидан сўнг Маккада Ойша разияллоҳу анҳо билан учрашдим.

– Нима қилишимни буюрасиз? – деб сўрадим.

– Али билан бўл! – деди онамиз”[1].

Урушдан олдинги музокаралар

Али разияллоҳу анҳу Миқдод ибн Асвад ва Қаъқо ибн Амрни музокара учун жўнатди. Бир томондан Миқдод билан Қаъқо, иккинчи томондан Зубайр билан Талҳа ўзаро келишиб, уруш бўлмайди деган ечимни қабул қилишди. Ҳар икки томон ўз фикрини билдирди.

Талҳа ва Зубайр разияллоҳу анҳумонинг фикрича, Усмоннинг қотилларини жазосиз қолдирмаслик лозим эди. Али разияллоҳу анҳу эса тўс-тўполон босилмаган  ҳозирги паллада Усмоннинг қотилларини излаб-топиб, жазолашнинг мавриди эмас, вазият ўнгланиб, ғала-ғовур тинчишини кутиш керак дерди. Усмон разияллоҳу анҳу қотилларини қатл этиш масаласида ҳамма бир хил фикрда эди. Гап фақат ана шу ишни қачон амалга ошириш устида борарди.

Хуллас, жанг бўлмайди деб гапни бир жойга қўйгач мусулмонлар хотиржам уйқуга кетдилар. Сабаийлар, яъни Усмон разияллоҳу анҳунинг қотиллари саросимага тушиб қолишди. Зеро, мусулмонларнинг иттифоқи уларга таҳдид соларди. Табарий[2], Ибн Касир[3], Ибн Асир[4], Ибн Ҳазм[5] ва бошқа тарихчи уламолар шундай ёзиб қолдирганлар.

Танг аҳволда қолган сабаийлар нима қилиб бўлмасин уруш чиқаришга қарор қилдилар. Ҳамма ширин уйқуда ётган саҳар палласи сабаийларнинг бир гуруҳи Талҳа ва Зубайр қўшинига ҳамла қилишди. Бир неча кишини қиличдан ўтказгач, ортга чекиндилар.

Талҳа ва Зубайр қўшини Али томондагилар хиёнат қилишди деб ўйлади. Шу боис тонгда ҳужумга ўтишди. Али қўшини ҳам Талҳа ва Зубайр томондагилар келишувни бузди деган гумонга борди. Икки томондан бир-бирларига қилинган ҳамлалар кучайиб, пешинга борганда жанг қизиб кетди.

Урушни тўхтатишга бўлган уринишлар

Ҳар икки томоннинг эътиборли кишилари урушни тўхтатишга уриндилар. Бироқ барча уринишлар бесамар кетди.

– Эй одамлар, тўхтайсизларми, йўқми?! – дерди Талҳа. Унга қулоқ солмадилар.

– Даф бўлинглар, ўзини ўтга урувчи парвоналар, таъма пашшалари![6]

Али разияллоҳу анҳунинг ҳам жангни тўхтатиш учун қилган барча уринишлари беҳуда кетди. Ойша разияллоҳу анҳо жангни бас қиларлар деб Каъб ибн Саврни Мусҳаф билан юборди. Сабаийлар ўқига нишон бўлган Каъб жонсиз йиқилди.

Ҳа, жанг аланга олса, уни ҳеч ким ўчира олмай қоларкан. Имом Бухорий Имруул Қайснинг қуйидаги шеърини келтиради:

Аввалига уруш гўзал кўринади,

Ҳар нодонни мафтун этар соҳибжамол,

Сўнг бедаво кампир бўлиб бурилади,

Алангаси авж олганда, топса камол,

Энди унинг сочи оппоқ, бадбўй бўйи,

Буришган юз, қараб бўлмас ранги-рўйи[7].

Шайхулислом Ибн Таймия ёзади: “Фитна бош кўтарса, оқиллар нодонларни тўхтатишдан ожиз қоладилар. Кибор саҳобалар ҳам фитна оловини ўчира олмаганлар, одамларни тўхтатиш қўлларидан келмаган. Аллоҳ таоло фитнани шундай таърифлаган:

Сизлардан фақат золим кимсаларнинг ўзигагина етмай (балки барчага етадиган) балодан сақланингиз. Ва билингизки, албатта Аллоҳнинг азоби қаттиқдир” (Анфол, 25)”[8].

Жамал воқеаси Али разияллоҳу анҳу халифалигининг бошида, яъни ҳижрий 36 йили бўлиб ўтди. Асосий жанг пешиндан кейин бошланиб, шомга яқин тугади.

Али разияллоҳу анҳу ўн минг кишилик қўшин билан жанг қилди. Жамал аҳлининг сони беш-олти минг киши атрофида эди. Али қўшинининг байроқдори Муҳаммад ибн Али ибн Абу Толиб, Жамал аҳлининг байроқдори Абдуллоҳ ибн Зубайр бўлган.

Жамал жангида жуда кўп мусулмонларнинг ёстиғи қуриди. Аллоҳ таоло бу даҳшатли фитнадан бизни саломат қилди. Саҳобаи киромларга Аллоҳнинг розилиги ва раҳмати бўлсин!

[1] “Фатҳул Борий”, 13/38. Ибн Ҳажар: “Табарий саҳиҳ санад билан ривоят қилган”, деган.
[2] “Тарихи Табарий, 3/517.
[3] “Бидоя ва ниҳоя”, 7/509.
[4] “Ал-комил фит-тарих”, 3/120.
[5] “Ал-фисал фил-милали вал-аҳвои ван-ниҳал”, 4/293.
[6] “Тарихи Халифа ибн Хайёт”, 182.
[7] “Саҳиҳи Бухорий”, “Фитна” китоби, “Денгиз тўлқинлари каби мавжланган фитна” боби, 7096-ҳадисдан аввал.
[8] “Мухтасари минҳожус-сунна”, 281.

Изоҳ қолдиринг