Рабеул аввал ойи билан табриклаш ҳақида

0

Савол:

Ассалому алайкум. Рабеул аввал ойи муборак бўлсин! Биз рабеул аввал ойига кирдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу ойда дунёга келган эканлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бу ойни бошқаларга эслатса жаннатга киради” – деганлар. Биз ҳам жаннатга кириш ниятида эслатдик. Шу ҳақда аниқ маълумот бўлса хабардор қилсанглар яхши бўлар эди. Ватсап ва бошқа ижтимоий тармоқларда тарқаляпти.

(Савол матни имловий тузатишлар билан келтирилди)

 

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Аллоҳ таоло ниятингизга етказсин ва барчамизни Ўз фазли ва марҳамати ила жаннати Фирдавс аҳлидан қилсин!

Дарҳақиқат, оламларга раҳмат бўлиб келган, инсонларни ширк ва бидъат зулматидан тавҳид ва суннат нурига олиб чиқувчи Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам жумҳур уламолар фикрига кўра Рабеул аввал ойида таваллуд топганлар. Шу ойда вафот этганлар. Аммо бу ойни улуғлаш ёки бошқа ойлардан ўзгача бир фазилати борлигига далолат қиладиган бирон бир саҳиҳ ҳадис ёки саҳоба ва салаф уламоларининг сўзларини кўрмадик. Саволда зикр қилинган “Ким ушбу фазилатли ой – яъни Рабеул аввал – билан одамларни табрикласа, дўзахга (яъни дўзахга кириши)  ҳаром бўлади”, деган ҳадисга келадиган бўлсак, изланишларимиз натижасида мазкур ҳадисни мўътабар ҳадис китобларида учратмадик. Лекин ҳадисларни саҳиҳ ва заифлигига эътибор қаратувчи баъзи интернет саҳифаларида ушбу ҳадисга “мавзуъ” (тўқима) деб ҳукм қилинган экан.  Ушбу ҳадиснинг матни ҳам унинг тўқима эканига далолат қилади. Зеро, Қуръон нозил бўлиб, минг ойдан афзал кечаси бор бўлган Рамазон ойи хусусида биргина табриклаш сабабли бундай фазилат – ажр-савоб ваъда қилинмасдан, бошқа бир ойда мазкур ажрнинг бўлиши ажабланарли, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг