Ал-мийсоқ (яъни аҳду паймон) ва тавҳидни нутқ қилдириш масаласи
Мазкур ҳадисларнинг барчаси Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг белидан унинг зурриётларини чиқариб олгани ва уларни икки қисмга: ўнг ва чап томон эгаларига ажратгани ва (ўнг томондагиларга қарата): “Мен (ҳеч кимсага) парво қилмаган ҳолда (анавиларни) жаннатга (киргизгумдир“, (чап томондагиларга қарата): “Мен (ҳеч кимсага) парво қилмаган ҳолда (анавиларни) дўзахга (киргизгумдир)“[1], -деганига далолат қилади.
Бироқ Одам зурриётларининг қаршисига гувоҳ қилиш ва улардан Аллоҳнинг ёлғизлигига иқрор бўлишни нутқ қилдириш масаласи саҳиҳ ҳадисларда келмаган. Аъроф сурасидаги оятни мазкур масалага буриб тафсир қилиш ва оятдан мана шу масала назарда тутилган, дейиш қониқарсиздир. Биз буни мазкур оят тафсирида баён қилиб, тегишли ҳадислар ва саҳобий ва тобеинлардан ривоят қилинган сўзларни ровийлар шажараси ва матнлари билан кенг қамровли тарзда зикр қилган эдик. Кимда ким масалани батафсил билишни истаса тафсир китобига мурожаат қилсин, валлоҳу аълам[2].
Бу ҳақда ривоят қилинган Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳадисига келсак, ушбу ҳадис марфуъ ва мавқуф ҳолатда ривоят қилинган бўлиб, мавқуф ҳолатда ривоят қилингани саҳиҳроқдир[3].
Бу ҳадис қўйидагича:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Нўъмон (яъни, Арофат[4])да Одам алайҳиссаломнинг белидан аҳд-паймон олди. Унинг пушти камаридан яратилажак барча зурриётларни чиқарди. Уларни худди зарра мисол Одам ҳузурида сочиб юборди. Сўнгра уларга тўғридан-тўғри, ошкора хитоб қилиб шундай деди: “Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то қиёмат кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: “Мен Парвардигорингиз эмасманми?”, деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: “Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз”, деганларини эсланг! (Сизлардан бундай гувоҳлик (аҳд-паймон олишимиз) қиёмат кунида: “Бизлар бундан бехабар эдик”, демаслигингиз учундир. Ёки: “Ахир илгари ота-боболаримиз мушрик бўлган эсалар, бизлар улардан кейин келган (ва уларнинг ўргатган йўлларига эргашган) авлод бўлсак, ўша ноҳақ йўлда ўтган кимсаларнинг қилмишлари сабабли бизларни ҳалок қилурмисан”, демасликларингиз учундир” [Аъроф: 172-173][5].
Ушбу гапни (яъни Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом зурриётидан аҳду паймон олганини) айтувчи уламолар (яъни кўпчилик уламолар) Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадисга таяндилар. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қиёмат кунида дўзах аҳлидан бўлган кишига қарата: “Агар сенда ер юзидаги барча нарсалар миқдорича мол-давлат бўлганида (ўзингни дўзахдан асраб қолиш учун) бу нарсаларни фидо қилармидинг?” – дейилади. Шунда у: “Ҳа”, – дейди. Аллоҳ таоло дейди: “Дарҳақиқат, Мен сендан бундан анча осон нарсани истаган эдим: сендан Одамнинг белида эканингда Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик аҳду паймонини олган эдим. Сен бўлсанг барибир Менга ширк келтирдинг”[6].
[1] Саҳиҳ ҳадис. Имом Аҳмад (4/ 186), Ибн Саъд (1/10), Ибн Ҳиббон (338) ва Ҳоким (1/31) саҳиҳ ровийлар шажараси ила Абдураҳмон ибн Қатодадан ривоят қилганлар.
[2] Муаллифнинг бу сўзи қониқарсиздир. Дарҳақиқат, устозимиз Албоний роҳимаҳуллоҳ Ибн Касир ва у кишининг устози Ибн Қаййим роҳимаҳумаллоҳ фикрларига эътироз билдириб, ўзининг “Ас-саҳиҳа” асарида (4/ 160-бет/ 1623-ҳадис) мазкур масалада улар иккисининг фикри хато эканини баён қилади. Мазкур манбага мурожат қилинг.
[3] Шу ўринда устоз Албоний ўзининг “Ас-саҳиҳа” асарида муаллифга нафис сўзлар билан эътироз билдириб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бу ҳадиси бир неча томонлама марфуъ ҳадис ҳукмини олажаклигини, пировардида, бу хусусдаги оят ва ҳадислар ўртасида ҳеч қандай ихтилоф ва зиддият йўқ эканини маълум қилади!
[4] Барча асл нусхаларда “Арофат куни” дейилган. Бироқ, тахриж манбаларида зикр қилинганидек, тўғриси, мен қайд қилганимдир.
[5] Саҳиҳ ҳадис. Ҳадисни Имом Аҳмад (1/ 272), Насоий “Ал-кубро” да (4/ 440/ 5602, “Туҳфатул ашроф”), Табарий “Жомеул баён” да (6/110/15349), Ҳоким (2/544) ва Ибн Абу Осим “Ас-сунна”да Муҳаммад ибн Ҳусайн Марвазийнинг мазкур ҳадисни ривоят қилган йўлидан ривоят қилганлар.