Маҳрамлар ҳақида

0

Савол: Менинг қариндошларимдан кимлар менинг хотинимга маҳрам бўлади?

(Савол ўзгартиришсиз кўчирилди)

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Маҳрам деганда шариатда никоҳланиш ва ўзаро турмуш қуриш ҳаром бўлган эркак ва аёл тушунилади. Нисо сурасининг 23-ояти тафсирида шундай дейилади:

Аллоҳ таоло сизларга қуйидаги аёлларни никоҳингизга олишни ҳаром қилди:

Биринчи: Оналарингиз. Бунга ота-оналарингизнинг оналари ва уларнинг бувилари ҳам дохилдир.

Иккинчи: Қизларингиз. Бунга фарзандларнинг қизлари, невара, чевара ва ҳоказо қуйи авлод қизлар барчаси дохил бўлади.

Учинчи: Туғишган (ота-она бир бўлган) опа-сингилларингиз ёки ота бир ёки она бир бўлган опа-сингилларингиз.

Тўртинчи: Аммаларингиз (оталарингиз ва боболарингизнинг опа-сингиллари).

Бешинчи: Холаларингиз (оналарингиз ва бувиларингизнинг опа-сингиллари).

Олтинчи ва еттинчиси: Ака-укаларингизнинг ҳамда опа-сингилларингизнинг қизлари. Уларнинг болалари ҳам (фарзандларининг қизлари ҳам) шунга дохилдир.

Саккизинчи: Эмизган оналарингиз.

Тўқизинчи: Эмикдош опа-сингилларингиз. (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам насаб жиҳатидан кимнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмикдошлик жиҳатидан ҳам худди шунинг никоҳи ҳаром эканини баён қилганлар).

Ўнинчи: Хотинларингизнинг оналари (қайноналарингиз), у хотинларингиз билан қовушган бўлинг ёки бўлманг, фарқсиз.

Ўн биринчи: Ўгай қизларингиз (хотинларингизнинг сиздан бошқа эрдан кўрган қизлари), улар кўпинча сизларнинг уйларингизда (қарамоғингизда) бўладилар. Бироқ, қарамоғингизда бўлмасалар ҳам, у қизлар сизларга маҳрам бўлади. Лекин шарти шуки, оналари билан қовушган бўлишингиз керак. Агар оналари билан қовушган бўлмасангиз ёки қовушмасдан туриб, оналарини талоқ қилган бўлсангиз ёки вафот этган бўлсалар, у қизларни никоҳингизга олишингиз мумкин.  

Ўн иккинчиси: Аллоҳ таоло сизларга ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларини ҳам никоҳингизга олишингизни ҳаром қилди. Эмикдошлик тарафидан бўлган ўғилларингиз ҳам ҳукмда шунга қўшилади. Ўғилларингизнинг хотинларига уйланишингиз ҳаромлиги ўша ўғилларингизга никоҳ ақди тузилиши биланоқ ҳосил бўлади. Ўғилларингиз ўша аёлларга хоҳ қовушган бўлсинлар, хоҳ бўлмасинлар, фарқсиз.

Ўн учинчиси: Бир вақтнинг ўзида насаб ё эмикдошлик жиҳатидан опа-сингил бўлган икки аёлни никоҳингизда жамлашингиз ҳам ҳаром бўлди. Магар жоҳилият пайтда сизлардан содир бўлган иш бўлса, бу билан айбланмайсизлар” (“Ат-тафсирул-муяссар”: “Нисо” сураси, 23-оят).

Шунингдек, бу оятда келмаган, лекин cуннатда келган ҳукм борки, унга биноан бир аёл билан унинг аммаси ёки холасини бир вақтда никоҳда жамлаш ҳам жоиз бўлмайди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир аёл билан унинг аммасини, шунингдек бир аёл билан унинг холасини (никоҳда) жамланмайди”, деганлар (Имом Бухорий (4821) ва Имом Муслим (1408) ривоятлари).

Мазкур оят ва ҳадисда санаб ўтилган аёллар ичидан сўнгги икки тоифасидан бошқа барчаси эр кишининг маҳрамлари саналиб, улар билан бемалол аралашиб юриши, кўришиши, бирга ўтириши мумкин бўлади. Шунингдек, мазкур аёллар унинг олдида уй кийимларида, юз-қўллари очиқ ҳолда юришлари дуруст саналади. Бундан фақат аёлининг опа-синглиси ва амма-холаси мустасно бўлиб, уларнинг никоҳи муваққат (яъни, аёл шу эрнинг никоҳида бўлгани ҳолида) ҳаром бўлади, ўзлари эса унга маҳрам саналмайдилар.

Маҳрамлик ва номаҳрамлик мавзусида сўз бораркан, айрим мусулмонлар эътиборсиз қарайдиган бир-икки муҳим нуқталарни таъкидлаб ўтиш фойдадан холи бўлмаса керак.

Демоқчимизки, кўпчилик мусулмонларнинг кундалик ҳаётларида одатий ҳолга айланиб қолган, хонадонларда бирга аралашиб юрадиган ака-уканинг хотинлари, амаки-тоғанинг хотинлари ва қизлари, амма-холанинг қизлари, хотиннинг опа-сингиллари каби хотин-қизлар эркаклар учун номаҳрам бўлиб, улар билан ёлғиз қолиш жоиз эмас.

Шунингдек, кўпчиликнинг кўзига ўрганиш бўлиб кетган, опа-сингилларнинг эрлари, амаки-тоғаларнинг ва амма-холаларнинг ўғиллари, эрининг ака-укаси, амаки ва тоғалари, уларнинг ўғиллари аёл киши учун номаҳрам бўлиб, улар билан холи қолиши ҳаром бўлади, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг