Болаларга ёлғон гапириш

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Болаларга ёлғон гапириш катта хато ва бу хато аксар ота-оналарда бор. Афсуски, биз бу хато болаларимизга қанчалик даражада салбий таъсир қилишини билмаймиз. Болалар бизнинг ёлғон гапирганимизни тушунмаслиги уларга ёлғон гапирса бўлади, дегани эмас. Чунки ёлғон гапириш ўзи бир гуноҳ бўлса, уни бошқаларга ўргатиш бошқа бир гуноҳ. Болалар бир қарашда ҳеч нарсани тушунмайдиган бўлиб кўринишсада, аслида биз ота-оналарнинг қилаётган ишларини қалбларига жо қилаётган бўлишади ва бизнинг бу хатоларимиз уларнинг келажакда шу хатоларни ўзларига одат қилиб олишларига сабаб бўлади.

Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Бир куни онам мени чақирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизникида ўтирган эдилар. “Ҳой ўғлим, келақол, сенга бир нарса бераман”, – деди онам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам онамдан: “Ўғлингга нима бермоқчисан?” – деб сўрадилар. “Хурмо бермоқчиман”, – деб жавоб берди онам. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам онамга: “Агар сен ҳеч нарса бермаганингда номаи аъмолингга “ёлғон гапирди” деб ёзилар эди” – дедилар. “Авнул-маъбуд” китобида мазкур ҳадиснинг шарҳида шундай дейилган: “Ҳадисга биноан, болалар йиғлаганда ёки шу каби ҳолатларда уларга бирон нарса бераман, деб ҳазиллашиш ёки йўқ нарса билан қўрқитиш ёлғон гапириш ҳисобланади ва бу иш ҳаромдир”.

Бола тарбияси ва тарбия йўллари ҳақида гапириш осон. Бироқ бу қоидаларни татбиқ қилиш, болаларни тўғри тарбиялаш учун тарбиячи болага ўргатмоқчи бўлган қадриятни ўз ҳаётида татбиқ қилиб кўрсатиши керак. Салафи солиҳларимиз мана шу йўлни тутишгани учун ўз фарзандларини рисоладагидек тарбиялай олишган. Акс ҳолда, болага оғзаки ҳар қанча ўргатсангиз ҳам, бефойда. Чунки болалар доим тарбиячини кузатиб туришади, тарбиячининг ҳар бир хатти-ҳаракати болага йўлланма бўлади. Чунки биз учун оддий ва арзимас саналган ишлар болалар наздида муҳим саналади. Шундай экан, тарбиячилар Соф сурасининг қуйидаги оятларини ўзларига шиор қилиб олишлари лозим: “Эй иймон келтирганлар, нимага қилмайдиган ишларингизни қиламиз, дейсизлар?! Қилмайдиган ишингизни қиламиз, деб айтишингиз Аллоҳ наздида улкан гуноҳдир”.

Болага ёлғон гапиришнинг салбий таъсирларидан яна бири, боланинг ота-онасига бўлган ишончини йўқотишидир. Натижада, бола келажакда ота-онасининг  ваъдаларига ишонмай қўяди.

Болаларни ростгўй қилиб тарбиялаш оталар зиммасидаги энг катта масъулиятдир. Ота ўз фарзандига ростгўйликни ўргатиш ўрнига унга ёлғон гапирса, келажакда бу фарзанд ким бўлиб етишади, ахир?! “Сенга фалон нарса олиб бераман, сени эртага фалончиларникига олиб бораман”, деган гапларни ўйламай гапираверамиз. Бу гаплар бизнинг назаримизда арзимас бўлса-да, болага қаттиқ таъсир қилади, кечаси билан эртага меҳмонга боришини ёки сотиб оладиган буюм ҳақида ўйлаб чиқади ва ўша куни отасидан олдин уйғониб, тайёргарлик кўради. Отасининг бу ёлғонлари болага қаттиқ алам қилади. Айтингчи, шу каби воқеалар бир эмас, бир неча бор такрорланаверса, биз қандай қилиб боламиз ростгўй бўлиб ўлғайишини умид қиламиз?!

Шундай экан, болаларимизга асло ва асло ёлғон гапирмайлик, уларнинг қордек оппоқ юракларини булғамайлик. Зеро, улар бизга берилган омонатдирлар. Уларни дўзахдан сақлаш бизнинг вазифамиздир. Аллоҳ таоло Таҳрим сурасининг 6-оятида бизга шундай деган: “Эй иймон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли-оилангизни дўзахдан сақланглар. Унинг ўтини одамлар ва тошлардир. Уни қўпол ва қаттиққўл, Аллоҳнинг уларга берган буйруқларига осийлик қилмайдиган ва ўз вазифаларини тўлиқ адо этадиган фаришталар қўриқлашади”. Аллоҳ таоло барчамизга фарзандларимизни тўғри ва ростгўй қилиб тарбиялашни насиб қилсин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг