Чақалоққа оид ҳукмлар (61): Бирдан ортиқ исм қўйиш жоизлиги ҳақида

0

Саккизинчи бўлим
Бирдан ортиқ исм қўйиш жоизлиги ҳақида

Исмдан мурод танитиш ва бошқадан ажратиб олиш бўлар экан, бунинг учун аслида бир исм етади ва битта исм билан кифояланиш афзал саналади.

Шунингдек, бирдан ортиқ исм билан аталиш ҳам, бир кишида исм, куня ва лақабнинг жамланиши ҳам жоиз ҳисобланади.

Аллоҳ таоло, У зотнинг китоблари ва пайғамбарларининг исмларига келсак, бу исмлар мақтовга далолат қиладиган сифатлар бўлгани учун бу бобга кирмайди. Балки номланувчининг улуғлиги, буюклиги ва фазилатини баён этиш учун исмларини кўпайтириш бобидан саналади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир, ўша исмлар билан У зотга дуо қилинглар» (Аъроф, 180).

Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Менинг бешта исмим бор. Мен Муҳаммадман, Аҳмадман, Аллоҳ мен сабабли куфрни маҳв этувчи (ўчирувчи) Моҳийман, одамлар ортимдан маҳшаргоҳга тўпланадиган Ҳоширман ва мендан сўнг пайғамбар келмайдиган Оқибман»[1].

Имом Аҳмад айтади: «Бизга Асвад ибн Омир Абу Бакрдан, у Осим ибн Баҳдаладан, у Абу Воилдан, у Ҳузайфадан ривоят қилиб сўзлаб беришича, Ҳузайфа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитган экан: “Мен  Муҳаммад, Аҳмад, Муқаффий[2], Ҳошир, Набийюр-раҳма (раҳмат пайғамбари) ва Набийюл-малоҳим (уруш пайғамбари)ман”».

Имом Аҳмад яна бундай дейди: «Бизга Язид ибн Ҳорун Масъудийдан, у Амр ибн Муррадан, у Абу Убайдадан ривоят қилишича, Абу Мусо бундай деган экан: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини талай исмлар билан атадилар, баъзиларини ёдда сақлаб қолдик, айримларини унутдик. У зот: «Мен  Муҳаммад, Аҳмад, Муқаффий, Ҳошир, Набийют-тавба (тавба пайғамбари) ва Набийюл-малоҳимман», дедилар”»[3].

Абул Ҳусайн Ибн Форис ўз китобида[4] Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йигирма уч исмини келтирган. Улар: Муҳаммад, Аҳмад, Моҳий, Оқиб, Муқаффий, Набийюр-раҳма, Набийют-тавба, Набийюл-малоҳим, Шоҳид, Мубашшир, Назир, Заҳук, Қаттол, Мутаваккил, Фотиҳ, Амин, Хотам, Мустафо, Расул, Набий, Уммий, Қосим ва Ҳошир.

[1] Бухорий (2/270) ва Муслим (3/1828, 2354-ҳадис) ривояти.
[2] Муқаффий: орқа ўгириб кетувчи дегани. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг охиргиси, уларнинг орқасидан келувчи, у зот вафот этса, ундан кейин пайғамбар келмаганлиги учун шундай номланганлар (Тарж.)
[3] «Муснад», 4/395. Шунингдек, ҳадисни Имом Муслим «Саҳиҳ»да (3/1828, 2355-ҳадис) ривоят қилган.
[4] «Асмоу Расулиллаҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва маонийҳа», 30-39-бетлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг