Намоз вақтлари

0

Намоз вақтлари

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта,  намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди” [Нисо: 103]. Қуйида намоз вақтларини белгилаб берган айрим ҳадисларни келтириб, сўнгра ҳар бир намозга тегишли вақт тафсилоти ва унга тааллуқли масалаларни алоҳида-алоҳида айтиб ўтамиз:

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, у зотга: “Туриб намоз ўқинг” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш заволга оққанида пешинни ўқидилар. Сўнгра аср вақтида келиб: “Туриб намоз ўқинг” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир нарсанинг сояси (завол пайтидаги соясидан ташқари) ўзи миқдорича бўлган вақтда асрни ўқидилар. Сўнгра Жаброил шомда келиб: “Туриб намоз ўқинг” –деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш ботган пайтда шомни ўқидилар. Шундан сўнг Жаброил хуфтон пайтида келиб: “Туриб намоз ўқинг” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафақ (уфқдаги қизиллик) йўқолгач хуфтонни ўқидилар. Шундан сўнг Жаброил субҳи содиқ чиққанида келди. Сўнгра Жаброил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига эртаси куни пешинда келиб: “Туриб намоз ўқинг” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир нарсанинг сояси (завол пайтидаги соясидан ташқари) ўзи миқдорича бўлган вақтда пешинни ўқидилар. Шундан сўнг Жаброил аср вақтида келиб: “Туриб намоз ўқинг” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир нарсанинг сояси ўша нарсанинг икки бараварига тенг келган вақтда асрни ўқидилар. Шундан сўнг Жаброил шом намози учун биринчи кун келган вақтда келди, ўзгартирмади. Сўнгра хуфтон намози учун кечанинг ярми ёки учдан бири ўтганида келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтонни ўқидилар. Шундан сўнг Жаброил бомдод намози учун тонг анча ёришган вақтда келиб: “Туриб намоз ўқинг” – деди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдодни ўқидилар. Сўнгра Жаброил деди: “Мана шу икки вақт ораси (намоз) вақтларидир[1].

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Пешин вақти қуёш заволга оқиши (билан бошланиб), модомики аср вақти кирмаган бўлса, кишининг сояси бўйи миқдорича бўлганида (тугайди). Аср вақти (пешин вақти тугаши билан бошланиб) модомики қуёш сарғайиб қолмагунча давом этади. Шом вақти (қуёш ботиши билан бошланиб) модомики уфқдаги қизғиш шафақ ғойиб бўлмагунга қадар (давом этади). Хуфтон вақти (уфқдаги қизғиш шафақ йўқолиши билан бошланиб) кечанинг ярмига қадар (давом этади). Бомдод вақти (субҳи содиқдан бошланиб) модомики қуёш чиқмагунга қадар (давом этади). Агар қуёш чиқса намоз ўқишдан тўхта. Зеро, қуёш шайтоннинг икки шохи ўртасидан чиқади[2].

Эслатмалар:

  • Юқорида зикр қилинган биринчи ҳадис “Жаброилнинг имомга ўтиши ҳақидаги ҳадис” деб номланади. Жаброил алайҳиссалом Исро ҳодисаси бўлиб ўтган кечанинг кундузида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга имом бўлган эди. Машҳур фикрга кўра, илк ўқилган намоз пешин намозидир.

Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Бир жамоат илм аҳлининг айтишларича, Исро ҳодисасидан олдин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам зиммасида фарз намоз бўлмаган. Бундан таровеҳ намози сингари ўқиладиган таҳажжуд намози мустасно бўлиб, бу намознинг муайян вақти, чекланган муддати ва белгиланган ракаатлари бўлмаган. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечанинг учдан икки қисмидан озроғи, ёки ярми ёхуд учдан бир қисмини намоз ўқиб ўтказар эдилар. Мусулмонлар ҳам у зотга қўшилиб қарийб бир йилча намоз ўқидилар. Бора-бора бу уларга оғир келди ва Аллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилиб, намозни енгиллатди. Мусулмонлар шу пайтгача ўқиб келган намозни насх – бекор қилиб, Ўзининг фазли ва раҳмати билан улардан соқит келди. Шундай қилиб, беш вақт намоздан бошқа фарз намозлар қолмади[3].

[1] Саҳиҳ, Термизий (150), Насоий (1\251) ва Аҳмад (3\ 330, 351) ривоят қилишган.

[2] Муслим (612), Абу Довуд (396) ва Насоий (1\ 260) ривоят қилишган.

[3] Шавконийнинг “Найлул-Автор” (1\ 383) китобидан нақл қилинди.

Изоҳ қолдиринг