Аврат ва қўлтиқ тукларини тозалаш

2

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!

Маълумки, ислом динининг энг муҳим хусусиятларидан бири унинг кенг қамровли дин эканидир. Бу улуғ дин ҳаётнинг барча жабҳаларини ўз ичига қамраб олган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига дунё ва охиратда саодатга эришишлари учун лозим бўлган барча нарсаларни ўргатиб кетдилар. Ҳатто бундан ажабланган мушриклардан бири Салмон Форисий розияллоҳу анҳуни масхаралаб: “Пайғамбарингиз сизларга ўргатмаган нарса қолмади-я, ҳатто ҳожатга чиқишни ҳам ўргатди!” – деган эди. Салмон розияллоҳу анҳу эса унинг истеҳзоли гапига парво қилмай шундай деган эди: “Ҳа, шундай. Дарҳақиқат, у зот бизни ҳожатга чиққанда қиблага юзланиш, ўнг қўл билан истинжо қилиш ёки уч кесакдан ози билан тозаланишдан қайтардилар. Шунингдек, тезак ёки суяк билан истинжо қилишдан ҳам қайтардилар” (Муслим, 262).

Ислом поклик ва озодалик динидир. Унда инсоннинг бадани, либоси, ташқи қиёфасининг пок ва озодалиги, ҳатто ўлимидан кейин ҳам унинг поклигига оид аҳкомлар бор. Ана шундай аҳкомлардан бири инсон танасидаги тукларга тааллуқли аҳкомлардир. Ушбу камтарона рисолада бу борадаги аҳкомларни бирма-бир ёритиб боришга ҳаракат қиламиз. Сиз бу рисолада олд ва орқа авратдаги туклар, қўлтиқ остидаги туклар, мўйлов, соқол, қош ва ундан бошқа бадандаги тукларга оид аҳкомлар, шунингдек, тирноқ олиш тўғрисида батафсил маълумотларни олишингиз мумкин.

Инсон баданидаги туклар уч қисмга бўлинади:

1) Олишга буюрилган туклар.

2) Олмасдан тарк қилишга буюрилган туклар.

3) Олишга ҳам, олмасликга ҳам буюрилмаган туклар.

  • Олишга буюрилган туклар:

1) Авратдаги туклар.

2) Қўлтиқ ости туклари.

3) Мўйлов.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Беш нарса фитратдандир: 1. Хатна қилмоқ; 2. Авратдаги тукларни олмоқ; 3. Тирноқларни қисқартирмоқ; 4. Қўлтиқ ости тукларни тозаламоқ; 5. Мўйловни қисқартирмоқ” (Бухорий (5589) ва Муслим (257)).

Авратдаги тукларни тозалаш

Авратдаги тукларни тозалаш учун уни қириб олиш суннат эканига уламолар ижмо қилишган. Бу ижмони Имом Нававий, Ибн Рушд, Шавконий ва бошқа олимлар нақл қилишган.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Устара билан авратдаги тукларни олиш суннатдир. Бундан мақсад ўша жойнинг покиза бўлишидир. Албатта, бу тукларни қириб олиш афзал, лекин қайчи билан қисқартириш, юлиш ва тукларни тўкиб юборувчи воситалар ёрдамида кетказиш ҳам жоиздир” (“Шарҳи Муслим”, 3/148).

Ироқий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Албатта авратдаги тукларни тозароқ бўлиши учун устара билан олиш яхшироқдир. Шунингдек, бу тукларни қайчи билан қисқартириш, юлиш, тукларни тўкиб юборувчи воситалар ва шунга ўхшаш нарсалар билан кетказиш ҳам суннатга мувофиқдир. Зеро, мақсад тозаликнинг ҳосил бўлишидир” (“Тарҳут-тасриб фи шарҳит тақриб”, 2/76).

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Авратдаги тукларни қириб тозалашлик мустаҳабдир. Чунки бу иш фитратдан саналиб, уни тарк қилган киши одоб доирасидан чиқади. Шу боис, мазкур аъзодаги тукларни тозалаш мустаҳаб ҳисобланди. Бу тукларни қандай йўл билан бўлсада кетказса бўлаверади. Асосий мақсад уни кетказишдир. Имом Аҳмаддан: “Киши авратидаги тукларни қирмасдан қайчи билан тозаласа нима дейсиз?”, деб сўралди. “Иншааллоҳ, жоиз деб умид қиламан”– деди Имом Аҳмад.  “Эй Абу Абдуллоҳ, агар киши ўз авратидаги тукларни юлиб тозаласа-чи?”– дейилди. “Бирон киши шундай қилишга қодирми? Агар “навра” (тукларни тўкиб юборувчи восита) билан кетказса ҳам бўлади” –деди Имом Аҳмад (“Ал-муғний”, 1/64).

Қўлтиқ остидаги тукларни тозалаш

Қўлтиқ остидаги тукларни тозалашда эса уни юлиш суннат ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам беш нарса фитратдан эканини баён қилиб, жумладан “Қўлтиқ ости тукларини юлмоқ”ни зикр қилганлар (Бухорий (5589) ва Муслим (257)).

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Қўлтиқ остидаги тукларни юлиш суннат эканига иттифоқ қилинган. Қодир бўлган инсон учун қўлтиқ остидаги тукларни юлиш афзалдир. Қириш ҳамда “навра” (тукларни тўкиб юборувчи восита) билан кетказса ҳам жоиз. Юнус ибн Абдулаълодан ривоят қилинади: “Мен Шофеий роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига кирсам қўлтиқ ости тукларини қириб олаётган экан. Шунда Шофеий деди: “Юлиш суннат эканини биламан, лекин юлишдаги оғриққа чидай олмайман” (“Шарҳи Муслим”, 3/149).

Дарҳақиқат, юқорида ўтган сўзлардан авратдаги ва қўлтиқ остидаги тукларни ҳар қандай тозаловчи ва кетказувчи воситалар билан тозалашлик жоизлиги ва Имом Нававий айтганидек, бундан мурод ўша жойнинг пок-тоза бўлиши эканини хулоса қилиш мумкин.

Discussion2 комментария

  1. Рустам

    Ассалому алейкум хаммамизга рамазон ойи Муборак булсин!савол:Аёллар жинсий азосидаги тукларни устара бн кирса буладими???

    • IxlosOrg

      Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!
      Алҳамдулиллаҳ;
      Ҳа, бўлади. Нафақат устара билар, балки замонавий ишқорлар билан тозалаши ҳам мумкин, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг