Тафсири муяссар, Моида сураси, 27-40 оятлар

0

وَاتْلُ عَلَيْهِمْ نَبَأَ ابْنَيْ آدَمَ بِالْحَقِّ إِذْ قَرَّبَا قُرْبَانًا فَتُقُبِّلَ مِنْ أَحَدِهِمَا وَلَمْ يُتَقَبَّلْ مِنَ الْآخَرِ قَالَ لَأَقْتُلَنَّكَ ۖ قَالَ إِنَّمَا يَتَقَبَّلُ اللَّهُ مِنَ الْمُتَّقِينَ ﴿27﴾

27. Эй Пайғамбар, сиз Бани Исроилга Одамнинг икки фарзанди Қобил ва Ҳобил воқеасини айтиб беринг. Бу рост хабардир. Ҳар иккиси Аллоҳга атаган қурбонлигини келтирганда Аллоҳ Ҳобилнинг (чорва ҳайвонидан атаган) қурбонлигини қабул қилди, чунки у тақводор эди. Қобилнинг (деҳқончилик ҳосилидан атаган) қурбонлигини қабул қилмади, чунки у тақводор эмас эди. Шунда Қобил ўз туғишган инисига ҳасад қилиб: “Сени ўлдираман”, деди. Ҳобил эса: “Аллоҳ фақат тақводорлардан қабул қилади”, деб жавоб берди.

لَئِنْ بَسَطْتَ إِلَيَّ يَدَكَ لِتَقْتُلَنِي مَا أَنَا بِبَاسِطٍ يَدِيَ إِلَيْكَ لِأَقْتُلَكَ ۖ إِنِّي أَخَافُ اللَّهَ رَبَّ الْعَالَمِينَ ﴿28﴾

28. Ҳобил акасига насиҳат қилиб деди: “Сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг ҳам, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармайман. Мен оламлар Рабби Аллоҳдан қўрқаман”.

إِنِّي أُرِيدُ أَنْ تَبُوءَ بِإِثْمِي وَإِثْمِكَ فَتَكُونَ مِنْ أَصْحَابِ النَّارِ ۚ وَذَٰلِكَ جَزَاءُ الظَّالِمِينَ ﴿29﴾

29. “Мен сени аввалда қилган гуноҳларингга қўшиб мени ўлдириш гуноҳини ҳам орқалаб кетишингни ва алалоқибат дўзах аҳлидан бўлишингни истайман. Тажовузкорларнинг жазоси шудир”.

فَطَوَّعَتْ لَهُ نَفْسُهُ قَتْلَ أَخِيهِ فَقَتَلَهُ فَأَصْبَحَ مِنَ الْخَاسِرِينَ ﴿30﴾

30. Нафси Қобилга ўз инисини ўлдиришни чиройли кўрсатди ва уни ўлдирди. Шу билан у дунёси эвазига охиратини сотган зиён кўрувчилардан бўлди.

فَبَعَثَ اللَّهُ غُرَابًا يَبْحَثُ فِي الْأَرْضِ لِيُرِيَهُ كَيْفَ يُوَارِي سَوْءَةَ أَخِيهِ ۚ قَالَ يَا وَيْلَتَا أَعَجَزْتُ أَنْ أَكُونَ مِثْلَ هَٰذَا الْغُرَابِ فَأُوَارِيَ سَوْءَةَ أَخِي ۖ فَأَصْبَحَ مِنَ النَّادِمِينَ ﴿31﴾

31. Қобил Ҳобилни ўлдириб қўйгач, унинг жасадини нима қилишни билмай қолди. Шунда Аллоҳ таоло унга инисининг жасадини қандай дафн қилишни кўрсатиб қўйиш учун бир қарғани юборди ва у қарға ер қазиб, бир ўлик қарғани кўмди. Қобил буни кўргач, ажабланиб деди: “Мен шу қарғачалик ҳам бўла олмадимми, ўз инимни кўмишга ҳам ақлим етмадими?!” Сўнг Қобил инисини кўмди. У зиён кўрувчи бўлгани етмаганидек Аллоҳ таоло уни надоматга ҳам гирифтор қилди.

مِنْ أَجْلِ ذَٰلِكَ كَتَبْنَا عَلَىٰ بَنِي إِسْرَائِيلَ أَنَّهُ مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا ۚ وَلَقَدْ جَاءَتْهُمْ رُسُلُنَا بِالْبَيِّنَاتِ ثُمَّ إِنَّ كَثِيرًا مِنْهُمْ بَعْدَ ذَٰلِكَ فِي الْأَرْضِ لَمُسْرِفُونَ ﴿32﴾

32. Мана шу қотиллик жинояти сабабли Биз Бани Исроилга қуйидаги ҳукмни жорий қилдик: Ким бир одамни ноҳақ ўлдирса, гўё бутун инсониятни ўлдирган бўлади ва Аллоҳнинг оғир жазосига лойиқ бўлади. Қасос билан ўлдириш ёхуд муртадлик, боғийлик, босқинчилик каби қатлни вожиб этадиган бирон бузғунчилик сабабли ўлдириш бундан мустаснодир. Ким Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган бир жонни ўлдиришдан тийилса, гўё барча инсонларга ҳаёт бахш этган бўлади. Зеро, бир инсоннинг яшаш ҳаққини муҳофаза этиш бутун инсониятнинг яшаш ҳаққини муҳофаза этишдир. Биз юборган пайғамбарлар Бани Исроилга Аллоҳга иймон келтириш ва Унинг буйруқларини бажариш хусусидаги даъватлари ҳақ эканига далиллар келтирдилар. Пайғамбарлар келганидан кейин ҳам Бани Исроилнинг жуда кўпчилиги Аллоҳнинг чегараларини буздилар, Аллоҳ ҳаром қилган ишларга қўл урдилар, Унинг буйруқларига амал қилмадилар.

إِنَّمَا جَزَاءُ الَّذِينَ يُحَارِبُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَسْعَوْنَ فِي الْأَرْضِ فَسَادًا أَنْ يُقَتَّلُوا أَوْ يُصَلَّبُوا أَوْ تُقَطَّعَ أَيْدِيهِمْ وَأَرْجُلُهُمْ مِنْ خِلَافٍ أَوْ يُنْفَوْا مِنَ الْأَرْضِ ۚ ذَٰلِكَ لَهُمْ خِزْيٌ فِي الدُّنْيَا ۖ وَلَهُمْ فِي الْآخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٌ ﴿33﴾

33. Аллоҳга қарши уруш қиладиган, очиқча адоватларини ошкор қилиб, Аллоҳ ва пайғамбарининг ҳукмларига тажовуз қиладиган ҳамда ер юзида одам ўлдириш, талончилик билан бузғунчилик қиладиган кишиларнинг жазоси қатл қилиниш ёки қатлга қўшимча хочга тортилиш ёки ўнг қўл ва чап оёғи кесилишидир. Агар тавба қилмаса ва такрор шу жиноятни содир этса, чап қўл ва ўнг оёғи ҳам кесилади. Ёки уларнинг жазоси диёрларидан сургун қилиниш ва то тавба қилмагунича ўша диёрнинг қамоғида қолишдир. Аллоҳ таоло Ўзига қарши уруш қилган кимсаларга белгилаган бу жазо улар учун бу дунёдаги хорликдир. Агар тавба қилмасалар, улар учун охиратда ҳам жуда қаттиқ азоб бордир.

إِلَّا الَّذِينَ تَابُوا مِنْ قَبْلِ أَنْ تَقْدِرُوا عَلَيْهِمْ ۖ فَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ ﴿34﴾

34. Аммо бу жиноятчилардан қай бири сизлар қўлга олишингиздан олдин ўзи пушаймон бўлиб ҳузурингизга келса, у одамдан Аллоҳнинг ҳаққи бўлмиш жазолар соқит бўлади. Эй мўминлар, билингки, Аллоҳ бандаларининг гуноҳларини кечирувчи ва уларга раҳмли зотдир.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ وَجَاهِدُوا فِي سَبِيلِهِ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ ﴿35﴾

35. Эй Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган ва Аллоҳнинг шариатига амал қилган кишилар, Аллоҳдан қўрқинглар, Унга тоат-ибодат қилиш, Уни рози қиладиган ишларни бажариш билан Унга яқинлашинглар ва Унинг йўлида жиҳод қилинглар. Шояд шунда жаннатга эришсангиз.

إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا لَوْ أَنَّ لَهُمْ مَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا وَمِثْلَهُ مَعَهُ لِيَفْتَدُوا بِهِ مِنْ عَذَابِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ مَا تُقُبِّلَ مِنْهُمْ ۖ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ ﴿36﴾

36. Аллоҳнинг ягона ҳақ илоҳлигини инкор этган ва Унинг шариатини тан олмаган кимсалар ер юзидаги барча мулкка эга бўлсалар-у, бунга қўшимча яна шунча нарсага эга бўлсалар ва қиёмат куни ўзлари эга бўлган барча нарсани сарфлаб Аллоҳнинг азобидан ўзларини қутқаришни истасалар, Аллоҳ улардан буни қабул қилмайди. Улар учун аламли азоб бордир.

يُرِيدُونَ أَنْ يَخْرُجُوا مِنَ النَّارِ وَمَا هُمْ بِخَارِجِينَ مِنْهَا ۖ وَلَهُمْ عَذَابٌ مُقِيمٌ ﴿37﴾

37. Улар бошларига тушган даҳшатли азоблардан қутулиш учун дўзахдан чиқиб кетишни исташади, лекин бунинг имкони бўлмайди. Улар учун давомли азоб бордир.

وَالسَّارِقُ وَالسَّارِقَةُ فَاقْطَعُوا أَيْدِيَهُمَا جَزَاءً بِمَا كَسَبَا نَكَالًا مِنَ اللَّهِ ۗ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ ﴿38﴾

38. Эй ҳокимлар ва қозилар, шариат талабига кўра ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу уларнинг одамлар мол-мулкини ноҳақ олганига жазо ва бошқаларни шундай ёмон ишни қилишдан тўхтатиб қоладиган чорадир. Аллоҳ мулкида қудратли, буйруқ ва тақиқларида ҳикматли зотдир.

فَمَنْ تَابَ مِنْ بَعْدِ ظُلْمِهِ وَأَصْلَحَ فَإِنَّ اللَّهَ يَتُوبُ عَلَيْهِ ۗ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ ﴿39﴾

39. Ким ўғирлик қилганидан кейин тавба қилса ва барча ишларида ўзини тузатса, Аллоҳ албатта унинг тавбасини қабул қилади. Аллоҳ бандаларининг гуноҳларини кечирувчи, уларга раҳмлидир.

أَلَمْ تَعْلَمْ أَنَّ اللَّهَ لَهُ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يُعَذِّبُ مَنْ يَشَاءُ وَيَغْفِرُ لِمَنْ يَشَاءُ ۗ وَاللَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ ﴿40﴾

40. Эй Пайғамбар, Аллоҳ бутун борлиқнинг яратувчиси, бошқарувчиси ва эгаси эканини, истаган ишини қилувчи, истаган бандасига азоб бериб, истаганининг гуноҳини кечирувчи ва ҳар ишга қодир эканини билмадингизми?!

Изоҳ қолдиринг