Тарк қилинган суннатлар: ғойибона дуо қилиш

1

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Абу Дардо розияллоҳу анҳу розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қайси бир мусулмон банда биродарининг ортидан ғойибона дуо қилса, шу ишга вакил қилинган фаришта: “Омин! Сенга ҳам худди шундай бўлсин!” – дейди” (Муслим ривояти).

Мусулмон киши ҳаммага яхшиликни раво кўриши билан бошқалардан ажралиб туради. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, биз ўзимиз учун раво кўрган нарсаларни биродарларимиз учун раво кўрмас эканмиз, иймонимиз тўлиқ бўлмайди. Юқоридаги ҳадисда айтилишича, биродаримизнинг ҳаққига нима сўраб дуо қилсак, худди шу нарса ўзимизга ҳам насиб қилади. Чунки Аллоҳ таоло шу дуони ижобат қилиш учун биродарининг ҳаққига дуо қилаётган ҳар бир мўмин-мусулмоннинг олдига фаришта юборади ва у фаришта: “Омин! Сенга ҳам!” – деб дуо қилади. Аллоҳ таолонинг марҳаматини қаранг, биродаримизга нимани сўрасак, У зот худди шу нарсани бизга ҳам тақдир қилади.

Умму Дардо розияллоҳу анҳонинг куёви Абдуллоҳ ибн Сафвон шундай дейди: “Мен Шомга борганимда Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурига бордим. Борсам, Абу Дардо розияллоҳу анҳу уйда эмас экан, Умму Дардо розияллоҳу анҳони кўрдим. – Ҳаж қилмоқчимисиз, деб сўради Умму Дардо. – Ҳа, дедим. Шунда Умму Дардо розияллоҳу анҳо менга қуйидагича насиҳат қилди: “Бизнинг ҳаққимизга дуо қилинг. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон кишининг биродари ҳаққига қилган ғойибона дуоси мустажобдир…”- деганлар” (Муслим ривояти).

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Салафи солиҳлар ўзлари учун дуо қилмоқчи бўлишса, биродарларининг ҳаққига шу дуони қилишар эди. Чунки бировнинг ҳаққига қилинган дуо ижобат бўлади ва худди шу нарса дуо қилган кишининг ўзига ҳам насиб қилади”.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доим бутун умматларининг ҳаққига дуо қилар эдилар. Бу ҳақда Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хурсанд эканларини кўрдим-да, у кишидан менинг ҳаққимга дуо қилишларини сўрадим. – Аллоҳим, Ойшанинг ўтган ва келажакдаги, хуфёна ҳамда ошкора қилган барча гуноҳларини кечир, деб менинг ҳаққимга дуо қилдилар. Шунда мен (хурсанд бўлганимдан) кулавериб, бошимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бағриларидан кўтаролмай қолдим. – Қилган дуойимга хурсанд бўлаяпсанми, деб сўрадилар. – Ҳа, сизнинг дуойингизга хурсанд бўлмай бўладими, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу менинг ҳар намозда умматим ҳаққига қиладиган дуойим” – дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Келинглар, ҳар биримиз ўзимизнинг ёру биродарларимизни эслаб, ҳар бирларининг ҳақларига нима муҳтож бўлсалар, шуни сўраб дуо қилайлик ва бу суннатни ҳам тирилтирайлик.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 dona sharh

Изоҳ қолдиринг