Бош кийимсиз намоз ўқиш ҳақида

2

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Мени бир нарса кўп қийнайди: бош кийим масаласи. Мен Фарғонаданман. Бизда ўзини ҳанафий мазҳабига амал қилаяпман, деб ҳисоблайдиганларнинг кўп қисми дўппи масалаласида кўп ихтилофни қўзғайдилар. Ўзи бир маҳаллада 10-15 та намоз ўқувчи бўлса, бир қишлоқда борингки ана 100 та. Шулар бир-бирлари билан чиқиша олишмайди. Агар бир киши масжидда бош яланг намоз ўқиса, унда ҳам, эсидан чиқиб ўқиса, тамом, қолганларга шу одамни ғажиш бошланади. Сен мазҳабдан чиқдинг, тарки суннат қилдинг, дея ажратиш бошланади. Агар Россия ёки бошқа давлатдан, хуллас, меҳнат муҳожиротдан қайтган бўлса, унинг ақидаси бузилган, деб айирмачилик бошланади. Ҳаттоки имом агар Россияга бориб келса, ақидаси бузилган, деб имомчиликка ҳам ўтказишмайди. Гўёки ҳақиқий аҳли сунна ўзбекистондаю, ташқаридагилар бузилган. Илтимос, шу мавзуга ойдинлик киритиб берсангиз (савол матнига имловий тузатишлар киритилди).

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

Бош кийим билан намоз ўқиш фарз ё вожиб эмас. Чунки намозда бошни ёпиш намознинг вожибларига кирмайди. Бош аврат бўлмагани боис, уни ёпиш шарт бўлмайди. Шунга кўра, бош яланг намоз ўқишнинг зарари йўқ. Бу масалада имом ҳам, муқтадий ҳам, ёлғиз ўзи ўқувчи ҳам бир хилдир. Бироқ бош кийим билан намоз ўқиш одат тусига айланган аҳоли ичида бўлсангиз, сиз ҳам бош кийим билан намоз ўқишингиз афзал.

Маълумки, эҳромдаги эркаклар бошлари очиқ ҳолда намоз ўқийдилар. Чунки эҳром ҳолатида бошни ёпиш ман қилинган. Демак, намозда боши очиқ ҳолда туришнинг асло зарари йўқ экан. Ҳанафий мазҳабида ҳам: “Агар камтарлик ва тавозеъ билан бош яланг намоз ўқилса, зарари йўқ” – дейилган. Имом Термизийнинг “Сунан” китобларининг шарҳида аллома Муборакфурий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Салла ўраб намоз ўқишнинг фазилати ҳақида бирор бир саҳиҳ ҳадис топмадим. Салла билан намоз ўқишнинг фазилати ҳақида келган ҳадислар ё заиф ё тўқима ҳадислардир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам салла билан намоз ўқиганларига келсак, у одат юзасидан бўлган. Демак, одамлар бош кийим кийиб юришга одатланган диёрларда бош кийим билан намоз ўқиш афзал бўлади. Бош кийимсиз юриш одат бўлган ерларда эса бош яланг намоз ўқиш мақсадга мувофиқдир. Бироқ одатда бош яланг юриб, намоз вақти бўлганида “бош яланг намоз ўқиш дуруст эмас” ёки “салла билан намоз ўқиш салласиз намоз ўқишдан яхши” деган ўйда бош кийим кийиб олиш хатодир. Бир юртнинг одатига тааллуқли бўлган салла, дўппи ёки бошқа турли бош кийимларни деб, бир тану бир жон бўлишлари лозим бўлган мусулмонларнинг ихтилоф қилишлари бундан ҳам катта хатодир.

Бундай ихтилофларни динимизнинг душманлари илмсиз ва содда мусулмонларнинг ораларига атайин киргизишади. Чет элларда ўқиб, таълим олиб келганларни “ақидаси бузилган” деб, айирмачилик қилиш ҳам худди шундай. Буни билиб қилган ва қилаётганлар хоинларча кимларгадир хизмат қилмоқдалар. Узоқ йиллар мобайнида диний билимлардан йироқ қолган содда ва ишонувчан халқимиз эса ана шундай хоин ва фитначи дин душманларига алданиб қолмоқдалар. Қачонгача шу алданиш давом этади?! Кўзни очиб, дунёга теран назар соладиган вақт келмадими?! Ҳозирги кунда саҳиҳ билимларни ўрганиш, сўраб-суриштириш ва тагига етишнинг имкони бор-ку, ахир?! Қолаверса, муфтий, шайх ҳамда имом-домлаларнинг аксари диний билимларни чет элларда, муҳожиратда таҳсил олганлар. Юртимиздаги кексалардан бири: “Болаларим, шу Олтиариқдан нарида ҳам ер борми?” – деган экан. Ўзбекистондан нарида ҳам ер борлигини, Ўзбекистондан нарида ҳам илм борлигини билиш вақти келди. Биз фахрланиб тилга оладиган аждодларимиз, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Абу Ҳанийфа роҳимаҳумуллоҳ, уларнинг барчалари Ўзбекистондан ташқарида таълим олиб, шу даражага етганлар, валлоҳу аълам.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Discussion2 комментария

  1. акмалжон

    ассаламу алекум чучка сотиш харом дедиз чучкани расми тушурилган нарсани сотиш хам хароми масалан фудболка сочик

    • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ.
      Бундай кийимларни сотиш ёки сотиб олиш мумкин эмас, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг