Туманли тарих (52): Ҳусайннинг Қодисияга келиши

0

Умар ибн Саъд ибн Абу Ваққос юборган одам Ҳусайнга Муслим ибн Ақилнинг хабарини етказди. Пайғамбар набираси орқага қайтмоқчи бўлиб Муслим ибн Ақилнинг болаларига маслаҳат солди.

– Аллоҳга қасамки, отамизнинг ўчини олмагунча орқага қайтмаймиз! –дейишди Муслимнинг ўғиллари.

Ҳусайн уларнинг гапига кўнди.

Ҳусайннинг йўлга чиққанидан хабар топган Убайдуллоҳ ибн Зиёд Ҳур ибн Язид Тамимийга минг кишини олиб Ҳусайнни йўлда қарши олишни буюрди. Ҳур ибн Язид Қодисия яқинида Ҳусайн билан учрашди.

– Эй Расулуллоҳ қизларининг ўғли, қаерга боряпсиз?

– Ироққа!

– Мен Сиздан орқага қайтишингизни сўрайман. Аллоҳ Сиз сабабли мени имтиҳон қилмасин! Келган жойингизга қайтиб кетинг. Истасангиз Шомга – Язиднинг олдига боринг. Фақат Кўфага кирманг!

Ўз сўзида туриб олган Ҳусайн Ироқ сари йўлида давом этди. Ҳур ибн Язид Тамимий унинг йўлини кесиб чиқди, тўхтатишга уринди.

– Сени йўқлаб онанг йиғласин, қоч йўлимдан! – деди Ҳусайн унга.

– Аллоҳга қасамки, агар бошқа бир араб шу гапни айтганида, унинг ўзидан ҳам, онасидан ҳам қасос олган бўлардим. Лекин сизга нима дейишим мумкин?! Ахир сизнинг онангиз олам аёлларининг саййидаси ҳисобланади.

Изоҳ қолдиринг