Одам алайҳиссалом вафоти ва ўғли Шийс алайҳиссаломга қилган васиятининг зикри
Шийс сўзининг маъноси “Аллоҳнинг ҳадяси” дегани. Одам ва Ҳавво алайҳимассалом фарзандлари Ҳобил қатл қилинганидан кейин Аллоҳ таоло уларга фарзанд ато этганлиги боис унга шундай ном қўйдилар.
Одам алайҳиссалом вафот этди. Бу кун жума куни эди. Фаришталар Одам алайҳиссалом учун Аллоҳ таоло ҳузуридан – жаннатдан (маййитга суртиладиган) хушбўйликлар ва кафан олиб тушдилар. Улар Одам алайҳиссаломнинг ўғли ва васийси бўлмиш Шийс алайҳиссаломга таъзия изҳор қилдилар.
Утай (яъни Ибн Замра Ас-Саъдий)дан ривоят қилинади: “Мадинада турли хабарларни гапириб юрган бир шайхни кўрдим. Унинг кимлигини сўриштирсам, одамлар: “Бу Убай ибн Каъб” – дедилар. Убай ибн Каъб шундай дейди: “Одам алайҳиссаломга ўлим ҳозир бўлган вақтда фарзандларига шундай деди: “Эй фарзандларим, кўнглим жаннат меваларини тўсамоқда”. Шунда Одам алайҳиссалом болалари оталари истаган нарсани қидириб йўлга отландилар. Йўлда болта, хаскаш ва саватлар кўтариб олган Одам алайҳиссалом фарзандларини фаришталар қарши олдилар. Улар ўзлари билан бирга Одам алайҳиссаломга атаб кафанлик ва маййитга суриладиган хушбўйликлар кўтариб олгандилар. Улар йигитларга қарата: “Эй Одам болалари, нима истайсизлар, нима қидириб кетяпсизлар ёки нима истайсизлар, қаёққа кетяпсизлар?” –дедилар. “Отамиз беморлар, кўнгиллари жаннат меваларини тўсабди” – деди йигитлар. Шунда фаришталар: “Ортингизга қайтинглар, отангиз жон таслим қилиб бўлди” – дедилар. Фаришталар Одам алайҳиссалом ҳузурига келдилар. Фаришталарни кўрган Ҳавво уларни таниди-да, ўзини Одам алайҳиссалом томон отди. “Мендан узоқ тур, – деди Одам, – бошимга тушган мусибатнинг барчасига сен сабабчисан. Мен бирла Раббимнинг фаришталарини холи қўй”. Шундай қилиб фаришталар Одамнинг жонини олдилар, ювдилар, кафанладилар, хушбўйликларни суртдилар, гўр кавлаб лаҳад қилдилар, жаноза ўқидилар, уни қабрга киритдилар. Ва ниҳоят Одам алайҳиссаломни қабрга жойлаштириб устидан тупроқ тортишгач: “Эй Одам болалари, (маййитга қиладиган) суннатингиз мана шудир”, – дедилар”[1].
Уламолар Одам алайҳиссалом дафн қилинган жой хусусида ихтилофлашдилар. Ҳавво алайҳассалом эса Одам алайҳиссаломдан кейин вафот этган.
Шунингдек, уламолар Одам алайҳиссалом яшаган умр борасида ҳам ихтилофлашдилар. Юқорида Ибн Аббос ва Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳумодан марфуан ривоят қилинган ҳадисда айтиб ўтганимиздек, Лавҳул Маҳфузда Одам алайҳиссаломнинг умри минг йил деб ёзилган эди.
Тавротда зикр қилинишича, Одам алайҳиссалом тўққиз юз ўттиз йил умр кўрган. Тавротдаги бу хабар юқоридаги хабарга қарши кела олмайди. Чунки уларнинг бу сўзи қўлимиздаги Аллоҳ таоло хато сўзлашдан сақлаган зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бизгача соғлом ҳолатда етиб келган ҳақ хабарга зид келса қабул қилинмас.
Қолаверса, Тавротдаги бу сўз билан ҳадисдаги сўз орасини мувофиқлаштириш имкони ҳам йўқ эмас. Агар Тавротдаги сўз тўғри бўлса, ундан Одам алайҳиссалом жаннатдан туширилгач, ерда яшаган муддати кўзда тутилган бўлиши мумкин. Бу муддат қуёш йили ҳисобида тўққиз юз ўттиз йилдан иборат бўлиб, қамарий йил ҳисобида тўққиз юз эллик етти йилга тенг келади. Бу муддатга Ибн Жарир ва бошқалар зикр қилишган, Одам алайҳиссалом ерга туширилишидан олдин жаннатда яшаган муддати – қирқ уч йилни қўшсак, сонлар йиғиндиси минг йилни ташкил қилади.
[1] Саҳиҳ, Абдуллоҳ ибн Аҳмад “Завоидул Муснад” асарида (5/136-бет), Табароний “Ал-авсат” асарида (8/157-бет/ 8261-ҳадис, 9/105-106-бетлар /9259-ҳадис), Ибн Саъд “Ат-табақот” асарида (1/33-бет), Ибн Жарир “Тарихул умам вал-мулук” асарида (1/100-бет) ва Ибн Асокир “Тарихи Димашқ” асарида (7/455-456-бетлар) Убай розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.
Муаллиф роҳимаҳуллоҳ айтганидек, ҳадис саҳиҳдир. Шунингдек, мазкур ҳадисни Ҳоким марфуан ривоят қилган бўлиб, у ҳам саҳиҳдир. Ушбу ҳадиснинг марфуъ ва мавқуф ривояти орасида зиддият йўқ. Зеро, бу ўринда мавқуф марфуъ ҳукмидадир. Чунки бу каби хабарлар шахсий фикр ва ижтиҳоддан келиб чиқиб айтиладиган хабарлар қабилидан эмас.