Туманли тарих (75): Саккизинчи шубҳа: Умар Абу Бакрга берилган байъатни қўққисдан бўлган иш деб атаган

0

Умарнинг шундай дегани рост. Фақат бу сўз нима сабабдан ва қайси ҳолатда айтилганини тушунмоқ учун “Саҳиҳи Бухорий”дан қиссани тўлиқ ўрганиб чиқмоқ лозим.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят: “Баъзи бировларнинг “Умар вафот этса фалончига байъат бераман. Абу Бакрга берилган байъат қўққисдан бўлган иш” деганлари Умарга етиб борди.

– Менга маълум бўлишича, баъзи бировлар “Аллоҳга қасамки, агар Умар вафот этса, фалончига байъат бераман”, деб юрган экан, – деди Умар. – Ҳеч ким “Абу Бакрнинг байъати дабдурустдан бўлиб кетган” деб адашиб қолмасин. Тўғри, Абу Бакрга берилган байъат қўққисдан бўлган иш эди, лекин Аллоҳ унинг ёмонлигидан сақлаган. Сизларнинг орангизда Абу Бакрдек бўйинлар унга синадиган киши йўқ.

Сўнг Умар Абу Бакр билан бирга Бани Соида шийпонига борганини сўзлаб берди.

Мен ўзимга ёққан сўзларни тайёрлаб қўйгандим, уларни Абу Бакр олдида айтмоқчи эдим. Унинг олдида кескинлигимни жиловлаб турардим. Энди гапирмоқчи эдим, Абу Бакр менга “Шошма!” деди. Унинг аччиғини келтиргим келмади.

Абу Бакр гап бошлади. У мендан босиқроқ ва виқорлироқ эди. Аллоҳга қасамки, мен мўлжаллаган гапларнинг биронтасини қолдирмасдан худди ўзидай қилиб ёки ундан-да яхшироқ суратда сўзлади.

– Сизлар ўз ҳақингизда айтган барча яхши сўзларга, шубҳасиз, лойиқсиз. Бироқ, бу иш Қурайшга тегишли. Зеро, улар насл-насаб ва ватан эътибори билан арабларнинг анг афзали ҳисобланади. Сизларга манави икки кишининг бирини тавсия этаман (Умар билан Абу Убайда кўзда тутилган).  Хоҳлаганингизга байъат беринглар.

Абу Бакр менинг ва Абу Убайданинг қўлидан тутди. У иккимизнинг ўртамизда ўтирарди. Абу Бакрнинг фақат шу гапи менга ёқмади. Аллоҳга қасамки, агар мени гуноҳга яқинлаштирмаса, олиб чиқиб бошимни узишлари мен учун ораларида Абу Бакр бўлган қавмга амирлик қилишдан яхшироқ эди.

Аллоҳга қасамки, биз ўзимиз ҳозир бўлган ишлар орасида Абу Бакрга байъат беришдан кучлироқ ишни тополмадик. Агар бу қавмни шундай ташлаб кетсак, биздан кейин бошқа бировга байъат беришларидан қўрқдик. У ҳолда ўзимиз хоҳламасак ҳам байъат беришимизга тўғри келарди ёки уларга қарши чиқардик ва фасод бошланарди. Ким мусулмонлардан бемаслаҳат бировга байъат берса, иккисининг қатл этилишидан хавфсираб унга ҳам, байъат берган кишисига ҳам эргашилмайди”[1].

Албатта, мазкур қисса “Бани Соида шийпони” мавзусида батафсил баён этилган ва ишнинг қандай қилиб бирдан бўлиб кетгани атрофлича тушунтирилган эди. Мазкур воқеа Умарга нуқсон эмас, балки унинг ҳусни хулқи, тавозеси, шариатни маҳкам ушлаши, суннатга муҳаббати, умматнинг ғамини еб, уларни бирлаштириш ва ҳақ устида туришларига қанчалар жонкуяр эканига очиқ-ойдин далилдир.

[1] Бухорий ривояти, 6830-ҳадис.

Изоҳ қолдиринг