Ит васияти

0

Ҳикоя қилинишича бир киши ўлган итини мусулмонлар қабристонига дафн қилибди. Мусулмонлар буни билиб қозига шикоят қилишибди. Қози итини кўмган кишини чақириб: “Одамлар айтаётган гап ростми. Чиндан ҳам итингни мусулмонлар қабристонига кўмдингми?” деб сўрабди. “Ҳа рост, қози жаноблари. Итим шундай васият қилган эди. Мен унинг васиятини бажардим”, деб жавоб берибди итини кўмган киши. Жавобдан ғазаби чиққан қози: “Эй нобакор, ахлоқсиз, бизни калака қиляпсанми?” дебди. Итини кўмган киши: “Қози жаноблари, итим яна қозига минг динор бергин, деб ҳам васият қилган”, дебди. Ғазаб отига минган қози бирдан ўзгариб: “Итинг раҳматли яхши ит экан”, дебди. Қозини бир онда ўзгариб қолганини кўриб, ҳайрон бўлиб турган одамларга: “Ҳайрон бўлманглар, мен бу яхши итнинг васияти ҳақида тааммул қилиб кўрдим ва бу ит оддий ит эмас, балки Асҳоби каҳфнинг итлари наслидан бўлса керак, деб топдим”, деган экан қози.

Ҳа шундай, айрим одамлар арзимас дунё эвазига ақидасини, фикрини, ўзлигини ўзгартириб юборадилар. Ҳақиқатдан йироқ ботил гапларни гапирадилар, зулмни оқлаб берадилар, золимлар қилмишларини хаспўшлайдилар, нафс-ҳаволарига мос келса, чўнтакларига тушиб турса бўлди, итни мозорга кўмиб, устига мармар тош ўрнатишга рози бўлишгина эмас, керак бўлса ўзлари бош-қош ҳам бўладилар.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг