Туманли тарих (77): Ўнинчи шубҳа: Умар ҳаж билан умрани битта қилишни, яъни таматтуъни ва мутъа никоҳини ман қилган, ҳолбуки, ҳар иккисига Аллоҳ рухсат берган эди

0
  1. Таматтуъ ҳажи

Субай ибн Маъбад Умарга “Мен ҳаж билан умрани ният қилиб эҳромга кирдим”, деди. Умар “Пайғамбарингизнинг суннатини топибсиз!” деб жавоб берди[1].

Умар ҳаж билан умрани ният қилиб эҳромга кирган кишини қайтаргани йўқ. Аксинча, уни мақтаб “Пайғамбарингизнинг суннатини топибсиз!” деди.

Солим айтади: “Абдуллоҳ ибн Умардан таматтуъ ҳажи ҳақида сўрашганида у рухсат берди.

– Сиз отангизга қарши чиқяпсиз? – дейишди.

– Отам сизлар айтаётган нарсани гапирмаган. У “Ҳаждан ташқари ҳам алоҳида умра қилинглар” деган, холос. Таматтуъни сизлар ҳаром деб олиб, уни қилганларни қоралайсизлар. Ахир Аллоҳ уни ҳалол қилган ва Расулуллоҳнинг ўзлари шундай ҳаж қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Умардан қайта-қайта сўрайверганларидан кейин “Эргашишга Аллоҳнинг Китоби ҳақлироқми ёки Умар?!” деб жавоб берди”[2].

Дейлик, Умар шу масалада ижтиҳод қилди ва хатога йўл қўйди, хўш нима бўлибди?

Биз Умарни хатодан маъсум демаймиз-ку?! Умар ҳам инсон, у ҳам бошқалар каби адашиши мумкин.

Умар ҳаж билан умрани алоҳида қилишни буюрган бўлса, Аллоҳнинг уйи ҳеч қачон умра қилувчилардан холи қолмаслигини мақсад қилган. Чунки одамлар ҳажга келганларида бирдан умра ҳам қилиб кетишса, кейин йил давомида Каъбага сафар қилишмайди. Шунинг учун Умар ҳажни алоҳида, умрани алоҳида адо этишга чақирган.

Умар ҳаж билан умрани бирга адо этишни ҳеч қачон ҳаром демаган. Мана шундай қилинса, яхши бўлади деган ижтиҳод билан ҳаж ва умра ўртасини ажратишни маъқул кўрган.

  1. Мутъа никоҳи

Абдуллоҳ ибн Аббоснинг мутъа никоҳига, яъни вақтинчалик никоҳга рухсат бераётгани қулоғига чалинган Али шундай деди: “Эй Ибн Аббос, ошиқма! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар куни мутъа никоҳини ва хонаки эшаклар гўштини ман этганлар”[3].

Салама ибн Акваъдан ривоят: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Автос йили мутъа никоҳини ҳаром қилдилар”[4].

Сабура Жуҳаний ривоятида мутъа никоҳи Фатҳ йилида ҳаром қилингани айтилган[5].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен сизларга аёлларни мутъа никоҳига олишингизга рухсат берган эдим. Аллоҳ таоло уни қиёмат кунига қадар ҳаром қилди[6].

Демак, Умар Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсани ҳаром деб эълон қилган.

Аллоҳ таоло айтади: “Улар жинсий аъзоларини Аллоҳ ҳаром қилган зино, баччабозлик ва бошқа ҳар қандай фаҳш ишлардан сақловчилардир. Фақат ўз хотинлари ёки қўл остиларидаги чўрилари бундан мустасно бўлиб, улар билан қўшилиш ва улардан лаззат олишларида ҳеч қандай гуноҳ ва маломат йўқ. Ким хотини ё чўрисидан бошқа билан жинсий алоқа қилиб лаззатланишни истаса, у одам ҳалолдан ҳаромга ўтган ва ўзини Аллоҳнинг азоби ва ғазабига нишон қилган бўлади” (Мўминун, 5-7).

Никоҳи мутъани ҳалол деювчилар қуйидаги оятдан ўзларига далил олмоқчи бўладилар:

Улар билан никоҳ орқали яқинлик қилишингиз билан белгиланган маҳрларини берингиз. Маҳр белгилангандан кейин ўзларингиз келишиб олишингизда сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир” (Нисо, 24).

Улар қуйидаги заиф қироатни ҳужжат қилишади:

Улар билан никоҳ орқали – маълум вақтгача – яқинлик қилишингиз билан белгиланган маҳрларини берингиз”.

Мазкур қироат етти мутавотир қироат ёки ўнта машҳур қироат таркибига кирмайди. Машҳур-мутавотир қироатларга хилоф бўлгани учун уни “шоз қироат” дейилади. Шунингдек, у Али, Салама ибн Акваъ, Сабура Жуҳаний ва бошқа саҳобалар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисларга зид ҳисобланади.

[1] Имом Аҳмад ривояти, 1/25.
[2] Байҳақий ривояти, 5/51. Албоний “Сифати салотин Набий” китоби муқаддимасида ҳадис ровийлари “сиқа” (ишончли) эканини айтган.
[3] Муслим ривояти, 1407 ва 31-ҳадис.
[4] Муслим ривояти, 1405 ва 18-ҳадис.
[5] Муслим ривояти, 1406 ва 20-ҳадис.
[6] Муслим ривояти, 1406 ва 21-ҳадис.

Изоҳ қолдиринг