Диққатга сазовор гаплар

0

Тежамкор бўлинг, исрофга асло йўл қўйманг. Даромадга қараб буромад деганларидек, киримга қараб чиқим қилинг. Харажатингиздан оз бўлса ҳам тежашга ҳаракат қилинг, шунда бировларнинг қўлига қараб қолмайсиз. Одамлардан пул сўраб юрадиган тиланчиларга ўхшаб қолманг. Тиланчилик камбағаллик эшигини очади. Меҳнат билан, пешона тери билан пул топинг.

Беғам, бефарқ бўлманг. Ëрдамга муҳтож инсонни кўрсангиз, ёрдам қўлини чўзишга шошилинг. Имконингиз борича, жуда бўлмаганда маслаҳат билан тўғри йўлга йўллаш билан бўлса ҳам ёрдамингизни аяманг.

Заиф, нимжон, сусткаш бўлманг, бир сўз билан айтганда бўшашманг. Спорт билан шуғулланинг, тетик, бардам ва бақувват бўлишга ҳаракат қилинг. Иймони ва бадани қувватли бўлган мўмин банда, заиф мўминдан кўра яхши ва Аллоҳга маҳбуб эканини унутманг.

Катталарни ҳурмат қилинг, кичикларга меҳр-шафқат кўрсатинг.

Хуллас, шундай исломий ахлоқ билан ҳаёт кечирингки, одамлар сиздан ибрат олсинлар, сизни ўзларига намуна, ўрнак қилиб олсинлар. Астойдил ҳаракат қилсангиз Аллоҳнинг изни ва фазли-марҳамати билан сиз шунга қодир бўласиз, сизда шундай имконият бор, буни қўлдан чиқарманг!

Сиз азиз ва қадрли ёш мусулмон ўғил-қизларга қаратилган сўзимизнинг сўнгида Аллоҳ таолодан сизларга фойдали илм ато этишини, солиҳ амалларга муваффақ қилишини, қалбингизни саломат, ризқингизни кенг қилишини сўраймиз.

Тақво ҳамроҳингиз, одоб зийнатингиз, солиҳлар суҳбати сирдош дўстингиз ва Аллоҳнинг розилиги энг катта орзу-ғоянгиз бўлишини дуо қилиб сўраб қоламиз.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг